03 April 2014
02:11 - Путиннинг имзоси билан Ўзбекистон МДҲнинг Эркин Савдо Зонасига аъзо бўлиб қолммади, аммо яккамоховлик даражаси бироз тушди
Аввалги хабарлармиздан маълумки, 2011 йил 18 октябрь куни МДҲга кирувчи 8 давлат ўз ораларида товарларнинг эркин юришига шароит яратиш мақсадида Эркин Савдо Зонаси/Ҳудуди ташкил қилиш ҳақида Шартнома имзолашган эди. Мана ўша 8 мамлакат - Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон.

Табиий, бундай Шартномани имзолаган давлатлар замонавий давлатларга хос бўлган бир қатор талабларга жавоб берадиган бўлишлари керак. Ўзбекистон Ислом Карим ҳар куни қайси оёғи билан туришига қараб яшайдиган масхарабозлик саҳнаси бўлгани сабабли, Эркин Савдо Зонасига кирмади, киролмасди ҳам. Кираман деса, аввал ҳуқуқий давлатга айланиши керак эди.

Бошқа тарафдан, Ўзбекистон Эркин Савдо Зонасига кирувчи давлатлар билан савдо алоқалари қилмасдан яшай олмайди. Бу боши берк кўчадан чиқиш мақсадида, Ўзбекистон ЭСЗга кирувчи давлатлар билан савдо алоқаларини давом эттириш учун махсус Протокол имзолашга мажбур бўлди. Бу протокол ЭСЗга кирувчи давлатлар ва Ўзбекистон тарафидан 2013 йил 31 май куни Минскда имзоланган.

Табиий, бу Протокол кучга кириш учун у юқорида санааб чиқилган давлатлар ва Ўзбекистон тарафидан ратификация қилиниши керак. Аммо, анчагина мавҳум шаклда тарқатилаётган хабарларга кўра, Эркин Савдо Зонасига кирувчи давлатлар бу Протоклнинг Россия тарафидан ратификация қилиниши етарли деб ҳисоблаб, Россияга керакли ваколатларни беришган.

Бу Протокол Россия парламентининг қуйи ва юқори палаталари тарафидан 22 ва 26 март кунлари тасдиқланган эди. Россия Президентининг расмий сайтида хабар берилишича, Владимир Путин бугун бу Протоколни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолабди. Ўзбекистон уни 2013 йилнинг охирида ратификация қилиб бўлганди.

Демак, Протокол кучга кирди. Ўзбекистон ЭСЗга кирмаса ҳам, унга кирувчи мамлакатлар билан савдо алоқалари олиб боришга қандайдир замин тайёрлаганга ўхшайди.

“Ҳаракат”нинг фикрича, яккамохов бўлиб қолишдан кўра, МДҲ нинг Эркин Савдо Зонасига кирувчи мамлакатлар билан ҳеч бўлмаса бу Протокол доирасида иш олиб бориш конструктивроқ йўлдир.

Қизиғи шундаки, Тожикистон ЭЗС тузиш ҳақидаги шартномани ҳалигача ратификация қилган эмас. Украина эса сўнги воқеалардан кеийн унда қолиш-қолмаслиги номаълум. Хуллас, ҳаммаёқ бош оғриғи.