01 April 2014
23:14 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Саид Камол орқали Дилмурод Саййиддан хат келди. Қамоқдагиларни танқид қилиб бўладими? (Ижодкорларнинг сотқинлиги ҳақидаги фикр билан тўлатилган вариант)

Ўзини Саид Камол деб танитган ўқувчимиз ҳозир мавжуд тузумнинг зиндонида ётган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййиднинг учта янги шеърини ҳам ичига олган хатини трақатибди. Бизга ҳам етиб келган хатга Дилмурод Саййиднинг қисқа қўлёзмаси ҳам илова қилинган.

Русларнинг “Марҳумлар ҳақида фақат яхши гап, ёки ҳеч нарса” деган мақоли бор. Уни маҳкумларга ҳам таалуқли қилиш истагидагилар етралича топилади.

Биз бундай мақолларга қўшилмаймиз. Айниқса, бир одам, ёки бир гуруҳ эмас, бутун миллат - миллат сифатини йўқотган, бу сифатни тиклаш учун ҳаёт-мамот кураши олиб борилаётган пайтда, кимларнингдир онгли равишда ёки билмасдан қилиб қўйган хатоларига кўз юмиш, хатолардан сабоқ чиқариб олға кетишдек амалиётдан воз кечиш - ўз-ўзимизга душманликдир.

Келинг, аввал Дилмурод Саййиднинг хати билан танишинг, кейин унинг аввалги ва бу хатдаги хатоларини қисқача тилга оламиз.

* * * * *

Барча дўстларга Салом !

Мени холис тушуниб, холисона руҳий-маънавий қўллаб-қувватлаётганларга самимий ташаккур айтаман. Гарчи ўзим қамоқ жойларда,озодликдан маҳрум бўлсам-да, менинг аҳволим ва камтарона ижодимга эътибор кўрсатилаётганлиги менга суянч бўлмоқда,юрагимда куч-ишонч оширмоқда.

Мен озодликдан маҳрум шароитдаман, бу - руҳий-ижодий жиҳадлардан ҳам маҳрумлик эмас!

«Тасалли»

Балки сабрим етар, аммо умримга ҳеч кафолат йўқ,
Умид бордир шуъла янглиғ, лек шуълада ҳарорат йўқ.
Ярим асрий ҳаёт кўрдим, сафо кўрдим, жафо кўрдим,
Қаро чизмак бўлди кимдир, бироқ манда хижолат йўқ.
Ҳабиб аҳлин синов этмак яратгандан раво, дерлар,
Дейин шукроналар, мандан ўзига ҳеч шикоят йўқ.
Этиб хотир Чўлпондан то Рауф Парфи, дедим: Бу кун -
Ҳур фикратдан,пок тийнатдан улуғроқ ҳеч ибодат йўқ!..
Эй Дилмурод, умид узма, ёруғ кунларга толпингин,
Ноумидга икки дунё шижоат йўқ, шафоат йўқ!

Яна бир шеърни эса, “Ўттиз саккизинчи йил.Усмон Носир нидоси” деб атадим. Бу бир нечта қисқа шеърлардан иборат бўлиб, шу йил 26-27 январда ёзилган:

-1-
“Юртим!”деб ёнганлар куйиб кетдилар,
«Элим!»деб ёнганни сўйиб кетдилар,
«Оллоҳ!» деб иймомонга чорлаган зотлар
Қамоқ деворига қонлари ила
«Мазлум!» дея имзо қўйиб кетдилар!
-2-
Мен-да бир мазлумман, мен оддий маҳкум,
Ҳақиқат истаган, ҳақорат топган,
Қадимдан бор ибрат: “Камбағални, ким -
Туянинг устида ҳам кўппак қопган!”
Мен-да бир Мазлумман, мен оддий маҳкум …
-3-
Арғумоқлар кўп жаҳонда, мен истаган Саман йўқдир,
Неча байрам, турфа мажлис, дилга хос Анжуман йўқдир.
Етти иқлим, ўнсаккизминг олам васфин айтма, эй, ки-
Бу кун эзгин Юрагимдан ўзга манга Ватан йўқдир!

Бу шеърларни узвий давоми шаклида 9 феврал куни “Усмон Носир нидосига қайтар садо” деган шеърий сатрларни қоғозга туширгандим:

Ноҳақлик битмаган, зулм бор ҳануз,
Қонунни кўр билган Ҳукм бор ҳануз.
Адолат истаган, Адоват топган -
Кишани аламли мазлум бор ҳануз!
Сўз учун бўғзига сиртмоқ қадалган,
Сўз учун қувилган, хоин аталган -
Ижодкор бор ҳануз, битик бор ҳану з-
Асоссиз, исбодсиз Сиздек қамалган!
Устоз Усмон Носир! Сизни СИЛ этган
Азоб-ўйлар бу кун менинг елкамда.
Орадан чорак кам бир аср ўтган,
Аммо…Ташҳис ўхшаш…Қисмат экан-да!..

Э.Хеммингуэй : “Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди!»

Айниқса, у - инсон ИЖОДКОР бўлса!
Бу таъкиднинг исботи ҳаётда минглаб топилади:

Чўлпон, Абдулла Қодирий, Убайдулла Хўжаев,Усмон Носир…лар!
Улар жисмонангина маҳв этилдилар,
Лекин руҳан қиёмат қадар тириклар билан ҳамнафасдирлар!

…Менга озми-кўпми ижодий салоҳият ато этгани учун яратганга беҳисоб шукроналар айтаман!

Дилмурод Саййид
Қарши шаҳри. 2014 йил

* * * * *

“Ҳаракат” таҳририятидан: Дилмурод Саййид зиндонда экан, унинг ёзганларига танқидий қараш тўғри эмасдек кўринади. Аммо, юқорида айтганимиздек, бир одам ёки бир гуруҳ эмас, бутун миллат миллат сифатини йўқотган, бу сифатни тиклаш учун ҳаёт-мамот кураши олиб борилаётган пайтда, кимларнингдир онгли равишда ёки билмасдан қилиб қўйган хатоларига кўз юмиш, хатолардан сабоқ чиқариб олға кетишдек амалиётдан воз кечиш - ўз-ўзимизга душманликдир.

Димурод Саййиднинг шеърлари яхши. Аммо, қаранг, йиғи-сиғидан бошқа нарса йўқ. Унинг шеърларидан келиб чиқсангиз, Ватан учун, миллат учун курашга чиққанлар албатта йўқ қилинади. Мана, Дилмурод Саййидни жисмоний йўқ қилишмаса ҳам, зиндонга ташлаб курашдан четлаштирдилар. Ўрта миёна одам буларни ўқигач, миллат ва ватан каби масалалардан четда туриб, бугунги ош-нони билан яшаш йўлини танлайди.

Аввалмабор одамларни курашга чорлайдиган, кураш билан натижага эришиш мумкинлигини кўрсатиш ёки осонликча душманларнинг қурбони бўлиб кетавермаслик ҳақида ёзиш керак.

У узоқ йиллар ҳокимиятнинг газета-журналларида ишлаб келган одам. Кейин турли сабаблар билан у ердан кетди, расман мухолифатга қўшилмаса ҳам, феълан мухолифатчига айланди. Мухолифатнинг тарихини ўрганди, ўз вақтида ҳукуматдан кучли бўлган “Бирлик” халқ ҳаракатининг тарихини озми-кўпми билиб олди. “Бирлик”ни ҳам худди Чўлпон каби, Усмон Носир каби, Абдулла Қодирий каби йўқ қилиш йўлига тушганларни билди. Савол туғилиши керак-ку, қандай қилиб йўқ қилмоқчи бўлдилар, ким уларни сотди?

Жавоб маълум - Салой Мадамин ва унинг асосан ёзувчилардан иборат сотқин ҳамтовоқлари. Демак, Дилмурод Саййид энг камида битта иш қилиши мумкин эди. Келажакда яна шу каби сотқинликларнинг олдини олиш учун сотқинларни жазолаш, улардан қутилиш устида ишлаши керак эди.

Дилмурод Саййид нима қилди? Салой Мадаминни назарда тутиб, “Одам ўз миллатини иккита квартирага сотадими?” деб сотқинни сотқин деганларга тош отишга ҳаракат қилди. Ахир у ифлос ростдан ҳам миллатни иккита квартира ва коммунист партия рўйхатидан альтернативсиз Олий Совет депутати бўлиш эвазига сотгани ҳужжатлар билан исботланган-ку. Шундай экан, бунақа аҳмоқона саволга нима ҳожат бор?

Дилмурод Саййид юқорида келтирилган шеърида Рауф Парфини Усмон Носир, Чўлпонлар қаторига қўяди. Ҳа, Рауф Парфи аввалига ҳақиқий миллатпарвар эди, бирликчи бўлди, Салойлар 1989 йилда “Бирлик”ни парчалаганда, дўсти Салойнинг “Эрк” партиясига ўтмади, “Бирлик”да қолди. Унинг ўша пайтдаги хотини Дилором Исоқова эса, сотқинларнинг олдинги қаторида турди. Рауф аканинг яқин дўстлари “Буёғи нима бўлади энди?” деб сўрашса, “Нима бўларди, “Бирлик” кечаси ҳам “Эрк”нинг устида бўлади” деб ҳазил қилишгача борди.

1992 йилнинг май ойида ўтказилган “Бирлик”нинг навбатдаги қурултойида Рауф Парфи яна Марказий Кенгаш аъзолигига сайланди. Аммо, айнан ўша кунларда унга Туркиядаги қандайдир йиғилишга таклифнома келганди, бирликчи бўлгани учун унга чиқиш визаси беришмади. Рауф акамиз нима қилди? Ҳукуматнинг таълимоти билан, бир неча кун ичида сафдошларига ҳам айтмасдан “Эрк” партиясига ўтди, дарҳол чиқиш визаси олди ва Туркияга бориб, ҳамма ерда ўзини “Эрк” партияси Марказий Кенгашининг аъзоси деб танитиб юрди.

Эй, Дилмурод Саййид! Агар Чўлпон ва Усмон Носирлар ҳам Рауф Парфи каби арзимаган босимларга чидай олмасдан сотқинга айлансалар эди, уларни йўқ қилишмасди, Рауф Парфи каби бироз ялло қилиб юришарди. Аммо, тарихдан маълумки, сотиб олганлар ҳам сотилганларга ортиқча ишонишмайди, уларни озгина ишлатиб, кейин тезроқ улоқтиришни ўйлашади. Салой Мадамин, Рауф Парфи, Дилором Исоқова ва бошқа хоинлар билан айнан шундай бўлди. Бугун Сизнинг зиндонда ўтиришингизга ўша сотқинлар замин тайёрлаб кетишган.

Демак, йиғлайвериш эмас, миллатга йўл кўрсатиш, қамалса ҳам, ишдан ҳайдалса ҳам, боши ёрилса ҳам миллат ва ватан душманларига бош эгмаганларни халққа танитиш керак.

Масаланинг яна битта томони бор. Жиддий ишга қўл урган одам, бу ишни ҳар тарафлама билиши ва ўрганиши керак.

Дилмурод Саййид Совет йилларида ҳам, мустақилликдан кейин ҳам ҳуқуқий мавзуларда мақолалар ёзиб келганини назарда тутиб бўлса керак, бир неча йил аввал ҳуқуқ ҳимоячилари сафига қўшилгач, “Энди билсам, бутун умр ҳуқуқ ҳимоячиси бўлган эканман” деб мақола ёзди. Куласизми, йиғлайсизми?

Унинг мантиғидан келиб чиқсак, ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳамма хизматчилари, судьялар, прокурор ва терговчилар ҳуқуқ ҳимоячиси бўлишган. Чунки, улар ҳар доим ва ҳар ерда гўёки қонунларнинг бажарилиши, инсонларнинг шу қонунлар доирасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши учун ишлашган. Ҳамма ерда порахўрлик илдиз отгани сабабли, пули йўқларни ёки пули кам бўлганларни пули кўпларнинг қурбони бўлишдан қутқариш осон иш бўлмаган, аммо хайрли иш бўлган, қилса бўладиган иш бўлган. Ҳокимиятнинг ўзи ҳам бундай ишларни қўллаб қувватлаган. Шу сабабли, тамомийла қўлида бўлган оммавий ахборот воситаларида бу мавзуни кўтришга рухсат берган. Дилмурод Сайид шундай ишлар билан шуғулланган бўлса, ростдан ҳам, қилган иши - ҳуқуқни ҳимоя қилишдир, отасига раҳмат.

Аммо, бугун “ҳуқуқ ҳимоячиси” деган термин, атама бор. Терминни терминдек қабул қилиш керак.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий вазифаси – ҳали ҳам порахўрлик авжига чиққан мамлакатда, қўполроқ ва соддароқ қилиб айтсак, пули камларни пули кўплар олида ҳимоя қилиш эмас, ҳокимият тарафидан ҳуқуқлари топталаётганларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишдир. Яна қайтарамиз, ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий вазифаси пули борлар билан курашиш эмас, ҳамма нарса, пул ҳам, судлар ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам, расмий ҳуқуқ тартибот органлари ҳам қўлида бўлган ҳукумат билан курашиш, инсонларнинг ҳокимият тарафидан поймол қилинаётган ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишдир. Демак, ҳуқуқ ҳимоячилиги, маълум маънода демократия учун курашдир, сиёсатдир, мухолифатчиликдир.

Димурод Саййиднинг хатида яна бир катта хато бор. У Хеммингуэйнинг “Инсонни ўлдириш мумкин, аммо енгиб бўлмайди!”деган мутлақо тўғри сўзларига “Айниқса, у инсон ИЖОДКОР бўлса!” деган фикрни қўшади ва ижодкорликни улуғлайди.

Эй, Дилмурод! Тўғри, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Убайдулла Хўжаев,Усмон Носир каби ижодкорларни ўлдиришди, аммо, йўқ қилишолмади. Лекин уларни ўлдиртирганлар, уни Сталин режимига сотганлар ҳам ижодкорлар бўлган-ку.

“Бирлик”ни Ислом Каримга сотганларнинг асосий қисми ёзувчилар, яъни, ижодкорлар бўлган-ку. Қирғиз фашистлари Ўзбекни тириклайин ёқиб, юзлаб ўзбекларни қирғин қилганда қисиб ўтирган Абдулла Ориф ва Эркин Воҳид каби чўчқалар ҳам ижодкор эдилар-ку. Ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, айнан ижодкорлар хоинликка мойиллиги энг кучли бўлган тоифадир. Уларнинг мутлақо кўпчлигини ўз ғоясидан қайтариш учун йўқ қилишнинг ҳам кераги йўқ, олдиларига бир чақа ташланса бўлди, ўзлари ўша ғояларни йўқ қилиш ишига бел боғлашади.

Дилмурод Саййиднинг зиндонда ўтиришининг сабабларидан бири – бу ерда санаб чиқилган факт ва факторларни билмагани ёки яхши тушунмагани бўлиши мумкин.