
Маҳаллий сайловларда ўзимизнинг тил билан айтсак, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари, уларнинг кенгашлари ҳамда маҳалла оқсоқоллари сайланади. Одатда жуда катта эътибор берилмайдиган бундай сайловлар бу йил Туркияда мисли кўрилмган муҳим воқеага айланди.
Сабаб - ўтган йилнинг 17 декабрь куни кечаси Истанбул ҳуқуқ-тартибот органлари аввалдан ҳукуматга ҳам билдирмасдан катта операция ўтказдилар ва ҳозирги ҳукуматдаги бир неча вазирнинг ўғиллари ва яна бир қатор ҳокимият одамларининг уйида картон қутиларда сақланаётган миллионлаб нақд доллар ва евролар топдилар. Бош вазир Ражаб Эрдўғоннинг ўғлини уйида тинтув ўтказилмаган бўлса ҳам, кейинчалик унинг уйида ҳам катта миқдорда нақд пул борлиги иддао қилинди, Интернетда Бош вазирнинг телефон оқали ўғлига “пулларни уйингдан йўқ қил” деб гапираётганда кимлардир тарафидан ёзиб олинган овози эълон қилинди.
Ражаб Эрдўғон ҳукумати порахўрлик, коррупция ва тўғридан-тўғри ўғрилик ботқоғига ботгани исботланди. У дарҳол истеъфога кетиш ёки айбдорларни жазолашга ваъда бериш ўрнига, ҳеч бир жиддий аргумент келтирмасдан, Истанбулдаги операцияни ўзига, оиласига, партиясига ва ҳатто Туркияга қарши фитна деб баҳолади.
Бундай шароитда 30 мартга белгиланган маҳаллий сайловлар Бош вазир учун ҳам, у раислик қиладиган исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси учун ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланди. Ҳукумат ва мухолифат муносабатлари совуқ уруш ҳолига келди, сайловолди митингларида ҳатто муштлашишлар бўлди.
Турк ахборот воситаларининг хабарига кўра, бугун сайловлар умуман олганда анчагина тинч ўтмоқда. Расмдаги Ражаб Эрдўғон, асосий мухолифат лидерлари Камол Қиричдорўғли (бир маҳаллар Отатурк тарафидан қурилган социал-демократи руҳдаги Жумҳурият Халқ Партиясининг раиси) ва Давлат Боғчали (Миллиётчи Халқ Партияси раиси) ўзлари рўйхатдан ўтган сайлов бўлимларида овоз бериб ҳам бўлдилар.
Жанжал-тўпалонлар ҳам йўқ эмас. Майда-чуйдалари етарлича бўлса керак, аммо Сурия билан чегарадош Шонлиурфа ва Хатай вилоятларида маҳалла оқсоқолларининг номзоди атрофида чиққан жанжаллар пичоқли урушга айланиб, 8 киши ўлибди. Яраланганлар сони бундан ҳам кўп. Бошқа бир ерда қуролли жанжал ҳам чиққан, ярадорлар бор, худога шукр, ўлганлар йўқ.
Ҳозир Туркияда маҳаллий вақт бўйича соат 16:18. Демак, сайловлар тамомланишига ҳали 4 соатча вақт бор. Ким билади, бу вақт ичида яна нима воқеалар юз беради.