17 October 2008
03:00 -

“Ҳаракат” сайти маъмуриятидан
23:30 - “Бирлик” МК аъзоси Мамаражаб Назаров ҳам озод қилинган - Туркия БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлди 22:00 - “Бирлик” фаоли Дилмурод Муҳиддин озод қи
“Ҳаракат” сайти маъмуриятидан


Ҳурматли ўқувчиларимиз! Маълумки, “Ҳаракат” сайти бу кунда энг катта архивга эга бўлган ўзбек тилидаги хабарлар сайтдир. Бундан ташқари, бу ерда ҳукуматдан мустақил бўлган ўзбек тилидаги ягона нашр - “Ҳаракат” журналининг ҳамма сони бор. Сайтнинг "қидириш" системасидан фойдалана оладиганлар учун у ҳақиқий хазинадир.

Аслида, бундай сайтни ишлатиш катта маблағ ва профессионал штат талаб қилади. Табиий, бизда улар йўқ. Шу сабабдан сайтимизда кўп техник муаммолар пайдо бўлаётган эди, ҳозир эса, у www.harakat.net адреси орқали очилмай қолди.

Муаммолар ҳал бўлгунча “Ҳаракат” сайти www.birlik.net адресида ишлаб туради. “Бирлик” сайти вақтинча ишламайди.

23:30 - “Бирлик” МК аъзоси Мамаражаб Назар ҳам озод қилинган

Ҳамдам Сулаймон ҳали уйига етиб келмаган Дилмурод Муҳиддин билан қўл тўлефони орқали гаплашган ва ундан яна бошқа бир мухолифатчи, “Бирлик” Партиясининг Марказий Кенгаши аъзоси, “Эзгулик” фаоли Мамаражаб Назар ҳам озод қилингани хақида хабар олган. Унинг қамалишига оид тафсилотлар 2006 йил 27 июндаги хабарларимизда берилганди.

Партия раиси Абдураҳим Пўлат ўз сафдошларини табриклаш учун Вашингтондан телефон қилиб, улар билан боғланолмади.

“Бирлик” Партияси Марказий Кенгашини жиззахлик уч аъзоси бор (қаранг: “Ҳаракат”журнали, № 4, 2003). Булар - партия вилоят ташкилотининг ҳозирда собиқ раиси Муҳиддин Қурбон (ҳозир Швецияда сиёсий қочқин сифатида яшайди), Улуғбек Ҳайдар (ҳозир Канадада яшайди) ва ҳозир қамоқдан озод қилинган Мамаражаб Назар.

Туркия БМТнинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо бўлди

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган янги аъзолари сайланди. Европадан Туркия, Осиёдан Япония, Африкадаг Уганда, Американинг Кариб денгизи қисмидан Мексика Хавфсизлик Кенгашининг 2 йиллик (2009-10) аъзоси бўлдилар.

15 кишилик Хавфсизлик Кенгашининг 5 доимий (АҚШ, РФ, Хитой, Буюкбритания, Франция) ва 2 йилга сайланадиган 10 аъзоси бор.

22:00 - “Бирлик” фаоли Дилмурод Муҳиддин озод қилинди

Ҳозиргина “Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймондан олинган хабарга кўра, партия фаоли, “Эзгулик”нинг Андижон вилоят Марҳамат туманидаги етакчиси Дилмурод Муҳиддин бугун озод қилинган. У ҳали уйига ҳам етиб келмаган, Навоийдан Самарқанд орқали Андижонга келмоқда.

Маълумки, Дилмурод яна 4 нафар мухолифатчи (“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Ҳамдам Сулаймон, партиянинг Андижон вилоят ташкилоти раиси Акбар Ориф, партиянинг шаҳрихонлик фаоли Нурмуҳаммад Азиз, партиянинг Марҳамат туман ташкилоти раиси Мусажон Бобожон) Андижондаги қирғинни қораловчи “Бирлик” баёнотини тарқатишда ва “Бирлик”нинг Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган митингини таёрлашда айбланиб қамалганди. 2006 йил 11-12 январь кунлари Тошкент вилоят суди 4 кишини шартли жазо бериб озод қилган, Дилмурод Муҳиддин эса 5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Дилмуроднинг озод этилгани ҳақидаги хабарни Ҳамдам Сулаймонга Мусажон Бобожон етказган.

21:00 - Россиянинг Ўзбекистондаги элчисига каттароқ иш топширилди

Рус хабар агентликларида тарқатилган расмий хабарга кўра, президент Дмитирий Медведев бугун Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Фарит Мухаметшинни вазифасидан озод қилди ва уни Россия Федерациясининг МДҲ ва чет элда яшайдиган ватандошларнинг ишлари ҳамда инсонпарварлик ҳамкорлиги бўйича федерал агентликнинг раҳбари қилиб тайинлади.

Ҳамма давлатларда бўлгани каби Россия ҳукуматининг таркибида ҳам ташқи ишлар билан шуғулланувчи вазирлик бор. Шундай экан, МДҲ ишлари билан ҳам шуғулланиш зиммасига юкланган бундай Агентликнинг борлиги мантиқсизга ўхшайди. Аммо, бу агентликнинг тўла номига қаралса, унинг вазифаси МДҲ мамлакатларидада яшайдиган руслар воситасида собиқ Совет жумҳуриятларини вассаликда ушлаб туриш эмасми, деган савол ҳам туғилиши табиий. Афтидан, Фарит Мухаметшин шунга ўхшаш вазифани Ўзбекистонда яхши бажарган, энди ундан МДҲ масштабида фойдаланиш нияти бор бўлса керак.