Ўзбекистоннинг бош масхарабоз-хабарчиси ЎзА мустақилликдан кейин отини Ўзбекистон Халқ демократик партияси деб ўзгартириб олган собиқ Ўзкомпартияниннг Марказий Кенгаши кенгайтирилган йиғилиш ўтказиб, “партиянинг устувор вазифаларини белгилашда бунёдкорлик йўлидаги янгиланишларни давом эттириш, иқтисодиётни модернизациялаш, аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати изчил ўсишини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллаши каби қатор масалалар” муҳокама қилибди.
Партия раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар “Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш, барча соҳаларни изчил тараққий эттириш орқали халқимизнинг ҳаёт сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини” таъкидлаб, мавжуд режимни улуғлаш билан овора бўлишибди.
Бу хабарни ўқиган ҳар бир одамда, агар, у одам бўлса, табиий, “мамлакатда ҳамма нарса яхши экан, партия қандай устивор вазифаларни муҳокама қилибди экан, демак аҳволимиз бундан ҳам яхши бўлиб кетадими?” деган савол туғилади, аммо хабарда бунга жавоб йўқ.
Аслида, аҳволимиз яхши эмас, ҳар томонлама юксалаётганимиз ҳам йўқ. Мана аҳволимизни кўрсатадиган баъзи рақамлар.
Мамлакат иқтисодининг асосий кўрсатгичи – Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот миқдори бўйича 2005 йилда Қозоғистондан 5,5 баравар орқада эдик, ҳозир 8 баравар орқадамиз. Ўртача ойлик бўйича ҳам шунча орқадамиз, Қозоғистонда ўртача ойлик 700 доллар атрофида, бизда 90 долларга ҳам етмайди. Оддий чўчқаларга айлантирилган ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам ойлик олишади. Ўзбекистондек давлатнинг бюджети чет элларда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясиз ишлаётган миллионлаб ўзбек мардикорларининг Ўзбекистонга юбораётган пули ҳисобига оёқда турибди.
Агар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Марказий Кенгашида шу аҳволдан чиқиш учун нималар қилиш кераклиги муҳокама қилинса эди, устивор вазифаларимиз ҳеч бўлмаса белгилаб берилса эди, офарин дердик. Ҳозир эса, “мамлакатни бу аҳмоқ масхарабозлардан тезроқ қутқариш керак”, дейиш билан чекланамиз.