12 March 2014
15:20 - Яна бир рус демократи Путиннинг Қрим сиёсатига қарши чиқди
Россия Президенти Владимир Путиннинг Қрим масалсидаги қарори аниқ деса бўлади – бу ярим оролни босиб олиб, уни Россияга қўшиб олиш. Яъни, гап Қрим муаммосини куч билан ҳал этиш ҳақида кетмоқда ва русларнинг мутлақо кўпчилиги бу сиёсатни қўллаб-қувватламоқда. Бундай вазиятда россиялик демократлар саросимада қолишгани кўриниб турарди. Улар шу пайтгача ўз позицияларни аниқлаб олмадилар ёки бу хусусда гапиришдан қочмоқдалар.

Биринчи бўлиб бу жимликни “Яблоко” партиясининг лидери Григорий Явлинский бузганини 9 мартда хабар қилгандик. У Қрим масаласи бўйича халқаро конференция чақириш ва ишни тинч йўллар билан ҳал этишга чақирганди. Владимир Путиннинг режими Қримни ҳарбий куч билан Россияга қўшиб олишни режалаштираётгани кўриниб турган пайтда, тинч йўллар билан ҳаракат қилиш чақириғи ҳам Путинга қаршилик эканлигини ҳамма тушунади.

Кеча сустлигини Россия демократларининг лидерларидан бошқа бири Борис Немцов бузибди. Украинанинг УНИАН агентлиги Борис Немцовнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Пессимистик сценарий бўйича Қрим Приднестрокье, Жанбий Осетия, Абхазия ёки Тоғли Қорабоғ каби бўлиб қолади. Россия Қрим масаласида Украина билан имзоланган шартномаларни бузмоқда.”

Борис Немцов Путиннинг сиёсатини қоралаш билан бир қаторда, Қрим масаласи тинч йўллар билан ҳал этилиши тарафдори эканлигини ҳам очиқча кўрсатган.