
Дубайдаги телеканаллардан бирининг Jenan Moussa исмли мухбири Twitter орқали тарқатган фоторасмлар нафақат одамни даҳшатга туширади, балки, Ислом динининг обрўсига зарар етказади. Ўша расмлардан бирини кўриб турисиз. Германия матбуотида ҳам эълон қилинган хабарга кўра, ўғрилик билан қўлга тушиб, ўз айбини бўйнига олган Сурияли Зекария исмли йигит Ироқ Шом Ислом Давлати ташкилотининг жангарилари тарафидан, гўёки Ислом одатларига кўра, қўлини кесиш билан жазоланмоқда.
Jenan Moussa эълон қилган бошқа расмларда Зекарияниннг қонли қўли ва қўлидан aжратиб бўлинган қонли панжалари ҳам бор. Буларни кўрган одамда Ислом динига нисбатан ижобий ҳис-туйғулар пайдо бўлишига ишониш қийин, балки, мумкин эмас.
Ҳалигача “қурбонлик” дея ҳайвонларни кўча-кўйда сўйиш одатини ташлай олмаган мусулмонлар учун бу оддий воқеа бўлиши мумкин. Аммо, бу йўл билан Ислом динига доғ туширишдан бошқа нарсага эришиб бўлмайди.
“Ҳаракат” Агентлигининг мухбир ва экспертлари айтаётгандек, Қуръоннинг бир маҳаллар чаласавод муллалар тарафидан қилинган тафсири янгиланиши, қурбонлик қилиш ва ўғрилик учун қўл кесиш каби жирканч одатлардан воз кечилиши керак.