14 February 2014
00:49 - Ўзбекистонда маънавият тарғиботи: “Дил изҳорлари” танлови ўтказилди
Маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, Тошкентдаги Маърифат марказида “Дил изҳорлари” танлови якунланиб, унда “Она Ватанга”, “Волидаи муҳтарамага”, “Суюкли ёрга” аталган дил изҳорлари эгалари тақдирланган. Энг чиройли ҳамда мазмунли дил изҳорларини баён этган Адолат Улуғова, Бунёдбек Акбаралиев, Намуна Зоҳидоваларга эсдалик совғалари топширилган.

Мазкур хабарнинг аҳамиятли томони шундаки, унда ҳукумат бу тадбирни маънавият тарғиботи аталмиш ғайриоддий кампания доирасида ташкил этгани, яъни, мазкур тадбир 14 февраль – Ғарбда нишонланадиган Авлиё Валентин кунига зарба (отпор) бериш мақсадида уюштирилганидир. Ўзбекистон ҳукумати фикрича, Валентин куни ёшларни фаҳш ва уятсизликка чорлайди. Ёшларнинг онгида истиқлол берган олий неъмат ва қадриятлар, ўзбекона ибо, шарм-ҳаёни йўқ қилади. Шу боисдан ҳам Валентиннинг ўрнини босувчи муқобил ғоя яратиш лозим.

Ўтган йили Президентнинг Фуҳуша лақаби билан танилиб қолаётган тўнғич қизи Гулнора Карим ёшларни тўплаб бу кунда ғазалхонлик кечаси ташкил қилган, ўзбекчани тузукроқ билмайдиган хонимнинг ўзи ғазаллар ўқиб, классикларимизни гўрида тик турғазганди. Оммавий маданиятга қарши кураш кампанияси доирасида бу йил ҳам шу хилдиги тарғибий кампания олиб борилмоқда.

Ҳолбуки, ўзбеклар, ўзбекнинг ёшлари дунё цивилизациясига қўшилиб борар экан, ёшларни Валентин-у бошқа ғоялардан иҳота қилиб бўлмайди. Барбод бўлаётган иқтисодиётимизни тузатмагунча, ёшларни ўз миллий ва диний ғояларимзга содиқ бўлишга чақиролмаймиз ҳам.