19 January 2014
05:11 - Мисрда дунёвий принципларга асосланган янги Конституция қабул қилинди, навбат янги президент сайлашга келмоқда

Араб баҳори деб ном олган воқеалар доирасида узоқ йиллар Мисрнинг бошида ўтирган президент-диктатор Ҳусни Муборак йиқитилгандан кейин, радикал исломчиларнинг “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати лидери Муҳаммад Нурсий 2012 йилнинг ўрталарида сайловларда ғалаба қозониб, президентлик курсисига ўтирганди. Ўшанда тезда Мисрни исломий давлат йўналишида кетишига замин тайёрлайдиган янги Конституция ҳам қабул қилинди.

“Ҳаракат” Агентлиги Мисрдаги воқеаларни диққат билан кузатиб борар эди, аммо ўткан йилнинг ўрталарида унинг Интернетдаги сайти тўхтатиб қўйилгандан сўнгра, воқеаларнинг давомини ёритолмаган эдик. Воқеалар эса, қуйидагича давом этди.

Дунёвий давлат тарафдорлари Муҳаммад Нурсийнинг мамлакатни исломлалаштириш йўлидаги ҳаракатларидан норози бўлиб турли митинг ва намойишлар ўтказишга бошладилар ва уларнинг ишонган тоғи бўлмиш Миср ҳарбийлари 2013 йил 2 июль куни исломчи президентни ўз лавозимидан куч билан четлаштирдилар ва ҳокимиятни қўлга олдилар. Ҳозир уларнинг одами Адли Мансур президент вазифасини вақтинча бажариб турибди.

Шу йил 14 ва 15 январь кунлари Мисрда янги Конституция лойиҳаси бўйича референдум ўтказилди. Референдумда сайлов ёшидаги аҳолининг 40 фоизга яқини иштирок этди ва кеча эълон қилинган натижаларга кўра, уларнинг 98,1 фоизи дунёвийлик принципига асосланган Конституция учун овоз берибди.

Эндиги босқичда Миср армиясининг бошлиғи президент этиб сайланиши кутилмоқда.

Мисрда исломчилар ҳокимиятга келганда уларни Ражаб Эрдўғон раҳбарлигидаги Туркия ҳукумати қўллаб-қуватлаган эди. Мана Мисрда аҳвол тамомийла ўзгармоқда. Туркияда бўлаётган воқеалар, яъни, ташқи кўринишидан, Эрдўғон ҳукумати ичидан чиққан коррупцион жанжал, аслида эса, исломчиларнинг ички уруши - уларнинг мағлубияти билан тамом бўладими, деган саволга ҳали жавоб бериш қийин. Лекин, олға эмас, орқага қараб юришни ҳавас қиладиган радикал ва фанатик исломчилар дунёнинг ҳеч бир ерида узоққа боролмасликлари шубҳасиз. Аммо, уларнинг тўла мағлубияти – “Ҳаракат” тарғиб қилаётгандек, Исломда ислоҳотлар ўтказилиб, Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилгандан кейингина бўлади.