Ҳуқуқ эгаси (субъекти) ва унинг ҳужжатларда акс эттирилиши
Юқорида келтирилган мисоллар очиқда юрган одамлар ҳаётидан келтирилди. Юзминглаб қамоқларда ўтирганлар-чи? Аввало, “ҳуқуқ эгаси” тушунчаси ва унга “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро пакт”и ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида қандай ёндошилганини қараб чиқайлик. Шундай қилиб:
Ҳуқуқ эгаси (субъекти) — у ёки бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар тегишли бўлган жисмоний ёки юридик шахс (инсон ёки ташкилот);
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро пактнинг (1966 йил) 16-моддаси:
“Ҳар бир инсон, қаерда туришидан қатъий назар, унинг ҳуқуқ эгаси эканлиги тан олиниши ҳуқуқига эга”
Шу пактнинг 8-моддаси:
1. Ҳеч ким қулликда сақланмаслиги керак; қуллик ва қул савдосининг ҳар қандай кўринишлари таъқиқланади;
2. Ҳеч ким эрксиз ҳолатда сақланмаслиги керак.
3. а) Ҳеч ким мажбурий ёки шарт бўлган меҳнатга мажбур қилинмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси:
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан фарқсиз ҳолда бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга ва қонун олдида тенгдир.
Қаранг, давлатнинг Асосий Қомусига кўра Ўзбекистонда қулликнинг ўзи тугул ҳиди ҳам йўқ. Бироқ, мамлакат қамоқхоналарида инсон қадрини ерга урадиган ҳақоратлар, калтаклашлар, ёвузларча қийноқлар ҳар қадамда учрайди – бу ҳақда қамоқхоналардан ўлмай чиқиб келган минглаб собиқ махбуслар гувоҳлик беришган ёки ўз яқинларига сўзлаб беришган. Бу ҳақда нуфузли халқаро ташкилотлар – БМТ Қийноқларга қарши комитети икки марта (2002 ва 2007 й.й.), Инсон ҳуқуқлари комитети (2001 й.) ўз хулосаларини эълон қилишган, БМТнинг қийноқлар бўйича Махсус маърузачиси Тео ван Бовен ўз докладини эълон қилган (2003 й.). Қамоқхоналардан юзлаб ўлиги чиққанлар ўз ўлими билан буни тасдиқлаб турибди! Шундай қилиб...
Ўзбекистонда пенитенциар (қамоқхоналар) тизими – қулликнинг ўчоғидир
Қамоқхона моҳиятан жиноят содир этганларни қайта тарбиялаш ва уларни жисмоний ва маънавий соғлом инсон сифатида жамиятга қайтариш даргоҳи ҳисоблананади. Ўзбекистонда эса қамоқхоналар маъмурияти ноиқтисодий мажбурлов (калтаклаш, қийноққа солиш, овқат ва уйқудан маҳрум этиш ва ҳ.) ёрдамида махбусларнинг эрксиз меҳнатидан келадиган даромадни якка шахс, гуруҳ ёки давлат томонидан ўзлаштириш корхонасига айлантирилган – даромад зона бошлиғи, Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси ёки давлат ҳамёнига тушади. Турган гап, бундай ҳолда махбуслар АСЛИДА ҚУЛдирлар. Қуллик уёқда турсин, паспорти олиб қўйилган ва давлат номи билан жазоланган махбуслар ҳатто шу давлат фуқароси эканини бирор нарса билан тасдиқлай ҳам олмайдилар. Махбусларнинг ҳатто фуқаролиги мавҳум бўлиб турган шароитда уларнинг қамоқхоналардаги статуси (мақоми) қулликдан бошқа нарса эмас. Унинг ташкил этувчилари эса ушбулардир:
А) Қул ишлабчиқариш ва ҳаёт ўтказиш воситалари мулкидан маҳрум этилади;
В) Ўзбекистонда “сўзлаш қобилиятига эга бўлган меҳнат қуроли” каби кўриладиган қул ўзи беркитилган муассасанинг умуман жазоланмайдиган ходимларининг жиноий ҳатти-ҳаракатлари гирдобига ташланади;
С) Қул ноиқтисодий мажбурлов (таҳқирлаш) йўли билан эксплуатация (меҳнати ҳосилини тортиб олиниши)га дучор этилади.
Шундай қилиб, мустабид давлатнинг пенитенциар (қамоқхоналар) сиёсати ўзининг барча муассасаларини давлатнинг реал ҳуқуқтартибот эҳтиёжларидан келиб чиқиб эмас, балки берилган кафолатга кўра ички ишлар органлари ходимларини моддий таъминлаш учун текин ишчи кучини шакллантиришга киришади. Мазкур шакллантириш биринчи навбатда муассасаларнинг ўзларининг сонини ва улар орқали махбуслар жамоасининг сони ва малакасига бўлган эҳтиёжни аниқлаб беради. Ҳукумат мақсадга эришиш учун жиноий жараёнларни сунъий ташкил этиш (сохталаштириш) йўлида оммавий равишда фуқароларни айбдор қилиш усулларини ўйлаб топмоқда.
Ўзбекистонда қуллик белгилари борми, деган савол тамоман ортиқча – у ўзини мана-ман деб кўрсатиб турибди. Жазони ижро этиш муассасаларининг маъмуриятлари ва уларнинг бевосита бошлиқлари махбусларни ҳуқуқ эгасилигидан сунъий ва жиноий йўл билан мосуво қилаётганлари уларни қулликка мубтало этмоқда. Муҳтарам ўқувчига эслатаман: ҳатти-ҳаракатида жамоат тартиб-ахлоғининг қонунлаштирилган меёр (норма)ларидан четга чиқиш белгилари (жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик ва б.) кузатилган шахсга суд жазо чораси белгилар экан, уни ҳаракатланиш (истаган манзилига бориш) ҳуқуқидан бошқа қонунда кўрсатилган ҳеч қандай фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилмайди. Мас., 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган махбусни суд қариндош-уруғига, таниш-билишига, давлат идораларига ва халқаро ташкилотларга хат ёзиш ва улардан хат олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Худди шундай, суд бу махбусни маҳаллий органлар, парламент ва президент сайловларида қатнашиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этмайди. Ўзбекистондаги каби мустабидлик ва зўравонликка асосланган сиёсий режим шароитида “... йилга озодликдан маҳрум этилсин” иборасини давлат мулозимлари тамоман “оёғи осмонда” шаклида тушунишади. Улар бу иборани “Махбус еб-ичиш, ухлаш, нафас олиш ва ишлашдан бошқа барча ҳуқуқлардан маҳрум этилган” дея тушунадилар, қамоқхона мулозимлари эса буни амалга оширадилар.
Одаминг қайси қамоқхонада ётган бўлса, шу қамоқхонани ташқарида юрганлар орасида сендан яхшироқ биладиган одам топилмайди. Менинг куёвим Азамжон Фармонов Жаслиқдаги УЯ 64/71 қамоқхонасида салкам 7,5 йилдан бери сақланаётгани учун мен бу қамоқхонани яхши биламан. Қамоқхонага кириб-чиқиб турган одамлар, хусусан менинг қизимнинг гапига қараганда зонага киришдан олдин ташқарида ва зонадан чиқишдан олдин зона ичида одамни тамоман ечинтириб текширишар ва ҳар қандай қоғозни олиб қўйишар экан. “Халқаро Авф” (Эмнести Интернешнл) ташкилотининг ташаббуси билан 2009 йилда турли мамлакатлардан турли инсонлар қамоқхона адресига, А.Фармоновни қўллаб-қувватлаб унинг номига юзлаб хатлар ёзишган, бироқ уларнинг бирортаси махбусга етиб бормаган. Ваҳоланки, А.Фармоновни суд қилган Сирдарё вилояти, Янгиер шахар жиноий ишлар бўйича суди унга хат ёзиш ва ташқаридан хат олиш ҳуқуқидан маҳрум этган эмас. Ҳамма даврда қул ҳам шу ахволда – барча ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳолда яшаган.
Иқтисоддаги қуллик
Совет даврида иқтисоди асосан пахта етиштиришга йўналтирилган Ўзбекистон халқи мустақиллик йилларида қулликдан қутилмади. Аксинча, у янги-янги шаклларга ўтди. Совет даврида шахс ва сиёсатчи сифатида шаклланган И.Каримов мустақиллик даврида қишлоқ хўжалиги сиёсатида узоқ вақт совет даврининг бошқариш усулларидан кўнгил уза олмади. СССРда қишлоқ хўжалигини ташкил қилишдаги юзага келган ва феодал усуллар билан бошқарилган “колхоз” [коллективное хозяйство; ўзбек тилида – жамоа хўжалиги] ва “совхоз” [советское хозяйство; ўзбек тилида – совет хўжалиги]лар Ўзбекистонда 90-чи йиллар охиригача сақланиб қолинди. Феодализм давридаги феодал хўжалик структураси жуда содда бўлган: катта ер эгаси – феодал, унинг ерида ишловчилар – қароллар, яъни крепостной деҳқонлар (қуллар). Колхоз ва совхозлар ҳам моҳиятан шу: колхоз раиси ва ерда ишловчи колхозчилар [совхоз директори ва ерда ишловчи ишчилар]. “Феодал хўжалик” ва “колхоз” (“совхоз”) – ташкил этувчилар нуқтаи-назаридан бир хил, номи ҳар хил, холос. Ўзбекистонда мазкур крепостной хўжаликлар 90-чи йиллар охирига келиб ўзгартирилди – колхоз ва совхозлар ўрнида бир қарашда эркин бозор иқтисодига асослангандай кўринган, бироқ қуллик моҳиятини сақлаб қолган “ширкат хўжалик” (акционерлик хўжалиги) ва “фермер хўжалиги” билан алмаштирилди.
Бир муддатдан кейин Ўзбекистонда барча ерлар фермерлар “ихтиёрига” ўтди, мамлакатда “фермерлик” ҳукм сура бошлади ва “Фермерлик ҳақида” номли анча демократик қонун ҳам қабул қилинди. Бироқ бу сафар ҳам ҳеч нарса ўзгармади: туман ҳокимлари феодал ўрнини, қароллар ўрнини эса – фермерлар эгаллади. Феодализм даврида ҳар бир феодал ўзининг қуролланган қўшини (отряди)га эга бўлган. Феодаллар орасидаги можарони кучли қўшинга эга бўлган, феодалларнинг “зўри” ҳал қилган, қуллар орасидаги можарода эса феодалнинг ўзи ҳукм чиқарган. “Ҳоким ва Фермер” муносабати ҳам худди ШУ АСНОДА: вилоят ҳокими ва унинг қўл остидаги туманлар ҳокимларининг ўз қўшини (милицияси) ва судлари бор, фермерларга боғлиқ муаммоларни туман ҳокими ва унинг қўл остидаги туман суди ҳал қилади, унинг қарорларини вилоят ҳокими ва унинг қўл остидаги вилоят суди тасдиқлаб беради. “Феодал ва Қарол” муносабатидан фарқли ўлароқ “Ҳоким ва Фермер” муносабатида расмий ёзма шартнома тузилади. Шартнома ҳеч қачон бажарилмайди, у фақат фермер зиёнига ишлайди. Мазкур муносабатда фермер ҳақ, ҳоким (ёки унинг мулозимлари) ноҳақ бўлган суд қарорини кўганимиз ҳам йўқ, эшитганимиз ҳам йўқ.
Ҳоким фермернинг банкдаги пулига хўжайинлик қилиши мумкин. Фермер мабодо бирор жойда ҳоким ёки унинг сиёсати ҳақида кескинроқ гапириб қўйса, ҳоким фермерга банкдаги ҳалол пулини, техникасига нефтебазадан ёқилғини, пишган бўғдойини ўришга МТСдан комбайн ололмайдиган қилиб қўйиши, яъни “синдириши”, бир неча “синдириш”лардан сўнг эса сассиз-товушсиз қулга айлантириши ҳеч гап эмас. Бу – Ўзбекистонда минглаб мисолларда кузатилган. Фермерлар даври бошланганда фермер хўжалиги очмаган бирорта прокурор, милиция бошлиғи, суд раиси ва бошқа юқори лавозимли туман ва вилоят мулозими қолмади. Ўша мулозим фермер хўжалигини ўз номига ҳужжатлаштирган эмас – қандайдир бир қулнинг номига ҳужжатлаштирган. Қул унинг ерида ишлайди, мулозимнинг ҳар бир гапига “лаббай” деб жавоб беради, даромаднинг ҳаммасини хўжайинига беради, қолган-қутганига оила тебратади. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда барча фермер хўжаликлар сони 80.000 дан ортиқ эканини ҳисобга олсак, ўнминглаб ҳақсиз-ҳуқуқсиз қул фермерлардан ташқари яна минглаб мулозимларга ишлайдиган қуллар яратилди.
Ўзбекистонда пахтачилик соҳасида қўл меҳнатидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилганини ҳамма билади: ғўза чопиғи, қатқалоғдан тозалаш, ғўза чеканкаси ва пахта терими шулар жумласидандир. 2012 йилгача бу ишларда мактаб болалари меҳнати қулдор давлат ва қулдор мулозимлар ҳамёнига улкан даромадлар тушириб келди. Қулдорлик даврида ҳам қулдор плантациясида болалар ота-онаси ёнида меҳнат қилганлар. Ўзбекистонда ҳам шу. Қулликка қарши курашувчи халқаро ташкилотларнинг босимидан кейин 2012 йилдан бошлаб қулдор давлат болаларни пахта теримига олиб чиқишни камайтирди. Бироқ қул меҳнатига ўрганган қулдор давлат аҳолининг бошқа қатламини қул қила бошлайди. Ўзбекистоннинг қулдор ҳукумати ҳам шу ишни қилди: ғўза чопиғи ва пахта теримига ўқитувчилар, врачлар, завод-фабрика ишчи ва хизматчиларини мажбурлаб далаларга олиб чиқди. Минг-минглаб зиёлилар, касб эгалари ва бошқа хизматчилар ўз иш жойларини ташлаб қулликка йўналтирилдилар. Халқини ҳурмат қиладиган мамлакатларда ҳар бир одам ўз ўрнида ишлайди, унинг хоҳишисиз ҳеч ким уни бошқа ишга жалб қилолмайди. Бундай давлатларда мамлакат ҳаёти соатдай ишлайди. Ўзбекистонда икки ой пахта терими пайтида, яъни минг-минглаб ўқитувчиларни мактаблардан, врач ва ҳамшираларни касалхоналардан, коллеж ва лицей ўқувчиларини дарсларидан, шоферларни маршрутларилан суғуриб олиб пахта теримига жўнатган пайтда мамлакат ҳаёти бузуқ арава ҳолатида ишлайди, холос.
Қулликнинг асосий шарти – қулни зулмда ушлаб туришдир. Шунинг учун ҳам қулдор шахсан ўзи ёки унинг ёлланган қўриқчилари қулларни муттасил калтаклаб турган. Ўзбекистонда ҳам шу! Қамоқхоналардаги калтаклашлар ва зулмнинг бошқа турлари ҳақида юқорида ёзилди. Бу тажриба очиқда ҳам кенг амал топди: ҳоким ва бошқа мулозимлар томонидан фермерларни калтаклаш одат тусига кирди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Ёмонқулов вилоят ҳокимлиги биносида (!!!), суд раиси, милиция бошлиқлари ва бошқа мулозимлар иштирокида, бир неча юз фермерлар билан 2004 йил 17 августда бўлган учрашувда бир неча фермерни ваҳшиёна калтаклагани ҳақида “Қутурган ҳоким” номли мақола эълон қилган эди. Бу – муштумзўрликнинг ягона мисоли эмас, бундай воқеалар Ўзбекистонда ҳар куни, турли жойларда, такрор ва такрор юз берар эди. Давлатнинг асосий қулдорлари И.Каримов ва Ш.Мирзиёев давлат сиёсатини айнан муштумзўрлик устига қуришган эди. Ўзбекистонда кенг қулоч ёзган меҳнат муҳожирлиги анашу сиёсатнинг ҳосиласидир.
Хулоса ва саволлар:
1) Давлат тепасига ўз халқини ҳурмат қилмайдиган одам келса, унинг асосий мақсади – халқни қулликка солиш орқали жазолашдан иборат бўлади;
2) Қулликдан қутилиш оғир ва узоқ давом этадиган жараёндир – шунинг учун ҳам бўлса керак, Мусо пайғамбар яҳудийларни Миср фиръавни зулмидан ташқарига олиб чиқиб кетиб, уларни 40 йил саҳрода айлантириб юрганлар;
3) Ўзбекистон фиръавнининг ўрнига ким келаркин – яна битта фиръавнми ёки Аллоҳдан қўрққан бир мусулмонми?
4) Миллионлаб ўзбеклар меҳнат муҳожирлари сифатида ташқарига чиқиб кетгани, балки бўлажак эркинлик ва фаровонликка ишорамикин?