07 August 2008
03:00 -
23:00 - Абдураҳим Пўлат: Бошқа миллатлар бир неча минг йилда ўтган йўлни бир неча ўн йилда босиб ўтишимиз керак 20:30 - Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан нима бўлди? 15:30 - Сирдарё вилоятининг баъзи тума
23:00 - Абдураҳим Пўлат: Бошқа миллатлар бир неча минг йилда ўтган йўлни бир неча ўн йилда босиб ўтишимиз керак

Мен бу каби мавзуларни ўзим ёзишим керак эмаслигини, бу - партия лидерияга ярашмаслигини жуда яхши биламан. Мен куйиниб-пишиб ёзаётган муаммолар вақти келиб, менсиз ҳам ҳал бўлишини бундан ҳам яхши биламан. Ўзбек жамияти замонавий, биз ҳар қадамда ўрнак сифатида кўрсатадиган жамиятлар даражасига етиб келгач, у муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлишини ҳам ўша яхши билишимдан ҳам яхши биламан.

Ҳамма масала шундаки, у миллатлар минг йиллардан бери курашда тобланиб, ривожланган жамиятлар яратдилар, уларнинг тажрибасини ўрганиб, минг йиллик йўлни, ҳеч бўлмаса, бир неча ўн йилда ўтайлик, деб куймоқдаман. Одамзод тарихида бўлмаган ишни – воқеаларнинг табиий оқишини тезлатиш ишини елкамга олганман. Бу оқим, ўз табиатидан келиб чиқиб, яъни, тезлашишни истамаётгани туфайли, менга қарши бўлиб қолаётганини ҳам биламан. Аммо, атрофимда мени қўллаб-қувватлайдиган кичик бир гуруҳ ярата олсам ҳам етарли, у оқимни тезлаштиролишимизга ишонаман.

Мусо пайғамбар юз йиллаб мисрликларнинг қули бўлган ўз халқини озод қилгандан кейин, ўша вақтнинг имконлари билан ҳам бир неча ҳафатада етиб олиш мумкин бўлган ўз юрти Фаластинга яҳудийларни 40 йил айлантириб олиб боргани айтилади. Қуллик руҳидаги халқ қуллик руҳидаги давлат тузади, шунинг учун юртимга озодликда туғилган авлад билан боришим керак дея, шундай қилган Мусо пайғамбар.

Бизнинг олдимизда ҳам шу каби вазифа бор. Аммо, қирқ йил вақтимиз йўқ.

Муҳимлиги билан бундан қолишмайдиган, балки ундан ҳам муҳимроқ иккинчи вазифа бор олдимизда. Бу вазифа - миллатни миллат мақсадлари йўлида бошқарувчи лидерларнинг миллат назорати остида бўлишига эришиш.

Бу вазифани, табиий оқимга қўйиб берсак, қирқ йилда ҳам бажариб бўлмайди. Бошқа жамиятларда бунинг учун юз йиллаб вақт кетган. Менинг мақсадим – шок терапиясига асосланган ҳамлалар ишлатиш ва шиддат билан олдинга кетиш.

Ҳозир иложи борича қисқа шаклда айнан шулар ҳақида ёзмоқчиман.

Хоинлигини ҳамма биладиган, аммо ҳамма ҳам гапиришни истайвермайдиган 53-54 лақабли Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан ва уларнинг атрофидаги кишиларга ҳеч қандай ғаразлигим, хусуматим, рашким йўқ. Нимга ҳам бўлсин. Ахир у бечораларнинг ўзи дод-вой, йиғи-сиғи қилиб юришибдику, биз “Бирлик”ни туздик, Абдураҳим Пўлат қўлимиздан олиб қўйди деб. Яна йиғламоқдаларку, “Эрк”ни туздик, уни ҳам Абдураҳим Пўлат йўқ қилдириб юборди деб. Демак, ғаразлик, хусумат, рашк уларда бўлади, менда эмас.

Аммо, мен уларнинг миллатга қилган хоинликларини шу миллат фарзанди сифатида ҳеч кечиролмайман. Сиёсатчи сифатида эса, бу хоинларнинг ишини ўрнак сифатида кўрсатиб, жамиятда масъулиятсиз одамлар, хато қилганлар ва хоинларни жазолаш ва шундай қилиб уларни миллат назорати остида тутиш механизмларини яратмоқдаман. Мен уларни яратиб бўлдим ҳам. Аммо, ибтидоий жамиятимиз бу механизмларни ҳали қандай ишлатишни билмаяпти. Ишонаманки, бу энг қисқа вақтда ҳал бўладиган нарса. Ўзбек жамияти мен яратган механизмлар ва мен кўрсатиб берган хоинлик мисолларини қурол қилиб олишга мажбур бўлади. Бошқа йўл йўқ.

Бошқа йўл йўқлигининг сабaби ҳам аниқ. Ҳозир ўзбек демократик мухолифати сафларида арзимаган манфаатлари учун сафдошларини сотиб кетишга тайёр турганлар, оз бўлса ҳам, бор. Улар ҳам кузатиб боришмоқда, Абдураҳим Пўлат хоин деб эълон қилганларни жамият ҳам шундай қабул қиладими ёки йўқми деб. Қабул қилинмаётганини кўришлари билан хоинлик оммавийлашади. Бу каби воқеаларнинг олдини олишнинг бирдан бир йўли – менинг айтганларимни қабул қилишдир.

Кеча сафдошимиз (собиқми ёки йўқми, билмайман) жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Батиёр Ҳамронинг туғилган куни экан. Унга ҳам ҳеч қандай хусуматм йўқ. Аммо, у ҳам катта хоинларнинг изидан кетиб, муҳим пайтда “Бирлик”га кичкина хоинлик қилган. Катта хоинларнинг қўлида катта пичоқ бўлгани сабабли, улар “Бирлик”га катта зарар келтирдилар. Бахтиёрнинг қўлидаги пичоқ кичкина бўлгани – уни оқлай олмайди. Хоин моҳияти билан хоиндир.

Ўзбек жамияти бу ҳақиқатни тушуниб етмас экан, қул бўлиб қолаверамиз. Аминманки, жамиятимиз буларни яқин орада тушунади, мен яратаётган механизмларни қурол қилиб олади. Бошқа йўл йўқ. Чунки, буюк Жавахарлар Неру айтганидек, сотқинлик бор ерда қуллик бор. Ўзбеклар қулликдан чиқишни истайдилар.

20:30 - Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан нима бўлди?

Кеча “Бирдамлик” ҳаракати рус тилида тарқатган хабарномадан маълум бўлишича, Самарқандлик уч нафар ҳуқуқ ҳимоячиси Зоҳир Ҳасанзода, Пардақул Тўрақулов, Комил Ашуров 5 август куни ўзларга етиб келган шикоятларни текшириш учун шаҳарнинг машҳур Сиоб бозорини айланишибди, сўнгра бозор дироектори олдига кириб, бозорнинг муаммолари, хусусан уни реконструкция қилиш ва харидорларни тарозидан уриб қолиш фактлари ҳақида гаплашишибди.

Бундан кейинги воқеалар детектив жанрида кетади. Бозордан чиқиб кетгаётган ҳуқуқ ҳимоячиларига номаълум аёллар ҳужум қилишади, уларни калтаклашади, Комил Ашуровнинг юраги ёмонлашиб, у хушидан кетгач, тез ёрдам хизматидан докторлар келиб унга ёрдам беришади. Бу ерга етиб келган миршаблар, ҳужумчилар билан эмас, ҳуқуқ ҳимоячилари билан шуғулланишга бошлашади. Уларни соат 22 гача милиция бўлимида ушлаб туришада ва эртага келиш ҳақида қўлларига чақирув қоғози бериб, қўйиб юборишади.

Орадан ики кун ўтди, ҳали воқеаларнинг давоми ҳақида хабар олмадик. Аммо, тажрибасиз ҳуқуқ ҳимоячилари олдидаги бурчимиз дея, баъзи мулоҳазаларни билдириб қўйишни лозим топдик.

Воқеалар айнан хабарномада ёзилганидек кечганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо, ўйлатиб қўядиган жойлари ҳам бор.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг қилган иши ҳозирги давлат инспекторларининг ва Совет замонида бўлган “халқ назоратчиларининг” ишини эслатади. Ўша “халқ назоратчилари” “халқдан келган шикоят” бўйича бозорга келиб уни айланишарди, кейин бозоркомнинг олддига кириб бор камчиликларни бекитиш учун пора талаб қилишарди. Ҳамма демократия ҳамда ошкоралик бўлмаган давлатларнинг инспекторлари ҳали ҳам шундай қилишни давом эттиришмоқда.

Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячилари қилган иш билан давлат инспекторлари қиладиган иш орасидаги ўхшашликни ҳар ким кўриб турган бўлса керак. Ҳуқуқ ҳимоячилари бозор директоридан бир нарса талаб қилишди, деган гумон бизда йўқ, бундан худо асрасин. Аммо, улар тажрибасизликлари туфайли шунга ўхшаш ишларга қўл ураётганларига ҳам ҳеч шубҳамиз йўқ.

Нима бўлди, Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг бозорлар билан шуғулланишдан бошқа ишлари қолмадими? Улара “Бирлик” Партияси Самарқанд вилояти ташклоти раиси Холиқназар Ғанига ва умуман мухолифат фаолларига қарши ўтказилаётган босимлардан хабарсизмилар? Нега уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилмайдилар? Уларниг бу йўналишдаги ишларини охирги замонларда ҳеч кўрмаяпмиз.

Миллат диктатура чангалида азобда экан, бозорни реконструкия қилиш муаммоси ҳуқуқ ҳимоячиларининг елкасига тушдими? Сотиш нуқталари давлатнинг қўлида бўлса, сотувчи тарозидан уриб фойда қиларди. Ҳозир одамлар ўз нарсаларини сотишар экан, нархни ўзлари белгилашар экан, тарозидан уруш Совет замонидаги сифатини йўқотганини ҳуқуқ ҳимоячилари тушунишмайдими? Агар ростдан ҳам тарозидан уриш бўлса, бу нарх оширишнинг яширин, билвосита шакли эканлигини ҳам тушунишмайдими ҳуқуқ ҳимоячилари?

Ҳуқуқ ҳимоячиларини қўйиб турайлик, бундай хабарларни тарқатаётганлар ўз ўқувчиларини ҳеч нарсани ўйламайдиган, ҳеч нарсани тушунмайдиганлар, деб ўйлашмасмикан?

Демократия учун курашни асосий мақсад қилиб олган сайтлар бундай шубҳали хабар, хабарномаларни тарқатишдан ўзларини тийишлари лозим. “Ҳаракат” сайти бундан буён айнан шундай қилади.

15:30 - Сирдарё вилоятининг баъзи туманларида тоза ичимлик сув йўқ

“Эзгулик” жамиятнинг бугунги кун билан белгиланган 40-чи сонли пресс-релизидан маълум бўладики, Сирдарё вилоятнинг Сардоба ва Оқ-олтин тумани аҳолиси тоза ичимлик сувидан маҳрум бўлишган. Маҳаллий эзгуликчиларнинг фикрича, бунинг сабабини “тоза ичимлик суви қувурлари талон-тарож қилингани, ундан прокуратура ва бошқа назорат органлари хабардор бўлишига қарамай жиноятчиликка барҳам берилмаганидан” қидириш керак.

“Вилоят ҳокимлиги, нуфузли идораларнинг катта-катта мажлисларида Сардоба, Оқ олтин аҳолисининг фаровонлиги, тоза ичимлик суви билан тўла таъминлангани гапирилади. Аммо мана бир неча ойдирки сув йўқ”, дейилган пресс-релиз сўнгида, “Эзгулик” маҳаллий ҳокимият ва давлат органларнини бу масалада зудлик билан “чоралар қўллашга ундайди”.

9:00 - Ҳукумат таркибида... ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган ўзгариш

Президент Ислом Каримнинг фармони билан Ўзбекистон Иқтисодиёт вазири ўринбосари Улуғбек Рўзиқулов Бош вазир ўринбосари этиб тайинланди. Ўзбекистон ҳукуматининг машинасозлик, рангли металлургия масалаларини ҳал этиб келган Қувондиқ Санақулов Навоий кон металлургия комбинатига директор қилиб жўнатилгач, бу рутба ҳали 40 га тўлмаган Улуғбекка тегди. Бу корчалон ёш бўлишига қарамай “Ўзавтосаноат”, Реконструкция ва ривожланиш жамғармаси сингари мамлакатнинг ёғли идораларига раҳбарлик қилиб улгурган, дейди мухбиримиз.

Диндорларни овлаш давом этмоқда

Интерфакс ахборот ширкати Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 20 нафар “Хизбут-таҳрир” оқимига мансуб диндор қўлга олингани ҳақидаги ахборотини тарқатди. Ғоявий раҳбари Мақсуд исмли шахс экани айтилаётган бу гуруҳ аъзолари мунтазам тижоарт мақсадида араб мамлакатларига қатнаб туришган. “Унинг хорижлик устозлари нафақат унга билим берганлар, балки экстремистик ғояларни тарғиб этувчи катта миқдорда махсус босма адабиёти ва видеоматериаллар билан таъминлаганлар”, деди кучишлатар маҳкама мулозими. Унинг таъкдилашича, гумондорлар 40 кишидан иборат каттагина жиҳод гуруҳи ташкил этишган.

Когон қурбонларининг сони яна 20 га ошди

Бухоронинг Когон шаҳрида рўй берган портлашларда айбланиб, 20 нафар ҳарбийнинг устидан жиноят иши қўзғатилди ва республика Ҳарбий прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати тергов бошқармалари томонидан дастлабки суриштирув ва сўроқ жараёнлари бошланиб кетди. Мансаб совуққонлиги ва ҳарбий рутбага нисбатан совуққонликда айбланаётган зобитларнинг ҳимоячиларига кўра, тўла маънода айбланувчилар Когон ҳодисалари қурбонига айланишмоқда. Аслида ҳарбий омбордаги портлашлар ҳарбийларнинг эмас, ҳукуматнинг бепарволиги туфайли содир бўлган. Ҳарбий қисм маъмурияти бир неча марта ҳукуматга омборлар хавфсизлиги борасида оқибатсиз қолган мурожаатлар билан чиққан экан.

Бахтиёр Ҳамро 55 га чиқди

Кеча таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси, “Бирлик” Партиясининг собиқ аъзоси Бахтиёр Ҳамро таваллуд кунини нишонлади. Ўзига хос юбилей билан қутлаган унинг ҳамкасблари, биродарлари унга ва оиласига тинчлик-хотиржамлик, узоқ умр тилашди.

Баҳтиёр Ҳамро “Бирлик” Партияси Жиззах ташкилотининг ўша пайтдаги раҳбари Муҳиддин Қурбонов қамалган кунлари ярага туз сепгандек қилиб, қандайдир уйдирма баҳоналар билан партиядан чиққанини эълон қилган ва шу йўл билан мухолифатнинг орқасидан қўлидан келганча уришга ҳаракат қилган содда инсон. Бу ишнинг бадалини охирги йилларда қисман ўтаб бўлди. Бундан буён ором яшасин.