09 June 2013
00:56 -
Истанбулда намойишчиларга футбол ишқибозлари қўшилди, Эрдўғон ҳам ўз тарафдорларини майдонларга чиқармоқчи

Намойишчиларнинг талаби - Тақсимга яқин Сайр боғидаги бир неча дарахт кесилмасин, боғ ўрнида меҳмонхона ёки бошқа кўнгилочар маркази қурилмасин. Бу расмий талаб бўлиб, у ортиқча тилга олинаётгани ҳам йўқ. Ҳамма тушунадики, асосий талаб - Бош вазир Эрдўғон ва у раҳбарлик қилаётган ҳокимиятдаги Адолат ва Тараққиёт Партияси олиб бораётган жамиятни исломлаштириш сиёсатини тўхтатишдир.
Кеча Шимолий Африка давлатлари бўйлаб бир неча кунлик сафардан қайтиб келган Эрдўғон бугун ўз партиясининг Марказий Кенгаши мажлисини ўтказди. Партиянинг Истанбул шаҳар ташкилоти биносида ўтказилган мажлис 4 соат давом этти. Аммо, на мажлисдан олдин на мажлисдан кейин Эрдўғоннинг ўзи журналистлар олдига чиқмади. Унинг ўринбосарларидан бири матбуот конференцияси ўтказиб, мажлисда олинган иккита қарорни очиқлади.
Биринчидан, партия вақтли парламент сайловлари ўтказиш тарафдори эмас. Демак, намойишлар қаршисида ҳукумат истеъфога кетишни ўйлаётгани йўқ.
Иккинчидан, 15 ва 16 июнь кунлари Анқара ва Истанбулда Адолат ва Тарққиёи Партияси катта намойишлар ўтказиб, халқни бирлик-баробарликка чақирмоқчи. Ҳеч шубҳа йўқки, ҳамма нарса тескариси бўлади. Исломчилар ва дунёвийчилар ўртасидаги қарама-қаршилик бундан ҳам юксак нуқтага чиқади. Бирон ерда учқун чиқса, воқелар яна ҳам ёмон шаклда ривожланиши мумкин.