03 August 2008
03:00 -
21:00 - Холдор Вулқон: Қабрида йиғлаб ётар Одам Ато, бирлашмадинг
21:00 - Холдор Вулқон: Қабрида йиғлаб ётар Одам Ато, бирлашмадинг

“Бирлик “ Партиясининг раиси Абдурахим Пўлат чет эллардаги Ўзбек меҳнат мухожирларининг муаммоалари билан шуғулланадиган вазирлик тузиш ва унга раҳбар этиб партия раисининг ўринбосари Пўлат Охунни тайинлаш тўғрисидаги таклифини Ўзбекистон президенти Ислом Каримга юборди. Лекин афсуски, унинг таклифига ҳали ҳануз Ислом Карим тамонидан сас-садо йўқ.

Ўзбек дунёвий мухолифатидагиларнинг баъзилари эса Пўлат Охунни ҳукуматга ялтоқланишда айблаб, Абдураҳим Пўлатнинг бу таклифини иқтидордаги ҳукумат ҳеч қачон қабул қилмаслигини башорат қилмоқдалар. Мен бу башоратларга қўшиламан. Ўйлайманки, Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охун ҳам шу фикрда. Аммо, нимадир қилиш керакку! Муаммо бор, уни ечими устида ким ўйлаши керак? Мухолифат ўз таклифлари билан чиқаётгани, у миллат олдидаги вазифасини бажаришга ҳаракатда эканлигининг кўрсаткичику!

Мен фурсатдан фойдаланиб махсус хизмат шотирлари тамонидан парчалаб ташланган ва бири бирови учун ёвга айлантирилган Ўзбек мухолифати отли Ихтилоф машинаси гувиллаб ишлаб Режимнинг қизил тегирмонига сув қуяётгани ҳақида гапирмоқчиман.

Ҳа, Ислом Карим ҳукумати халқимиз сув ичиб турган кўзани диктатуранинг бужур тошларига уриб синдирди. Энди у кўзани елимлаб ёпиштирадиган чегачининг ўзи йўқ. Халқ эса зулм саҳросида узоқ диёрларда қирғоқларини қўпориб ёйилиб оқаётган озодлик дарёсининг зилол сувларига ташна, қақраб ёрилган ноҳақлиқ қатқалоғи узра тинкаси қуриб тобора ҳолсизланмоқда. Чорасиз Халқ бугун сўнги молини, қўйини сотиб чипта олиб тирикчилик илинжида ўз жигарпораларини Россияга, Қозоғистонга, Корея ва Европа давлатларига юбормоқда.

У мамлакатлардаги Ўзбек муҳожирларининг аҳволи саъжияси қандайлигини бошқалар мендан кўра яхшироқ биладилар. Уларнинг кунда - кун ора ўлаётгани ва ўлдирилаётгани ҳақида жар солиб дод- вой, йиғи-сиғи қилишни биламизу лекин бу муаммони қай йўл билан ҳал қилиш кераклиги тўғрисида астойдил бош қотирмаймиз. Бош қотирганларни, бу борада конкрет таклифларни ўртага олиб чиққанларни эса, бир зумда тентакка чиқариб ўзимизни ақлли санай бошлаймиз. Ўзимиздан бошқани одам ҳисобламаймиз.

Айтингларчи, қачон Болтиқбўйи мамлакатларида яшовчи халқлар каби бизнинг ҳам қўшиғимиз битта бўлади? Бошқаларнинг ҳам сўзларини тинглай билиш, ўзгалар фикрини қадрлаш маданиятини қачон ўрганамиз? Нега Болтиқбўйи республикаларининг мухолифати БМТдан бошпана тилаб чет элга чиқмайди? Нима учун улар ўз мухолифатини ҳукуматга ялтоғланишда, МХКчиликда айбламайди? Нега уларни Руслар ёки бошқа мамлакатлар ўз ноғорасига ўйната олмаяпти? Сабабини билиб олинглар. Улар бизга ўхшаб тожу тахт васвасасида ўз манфаатларини Халқ манфаатларидан устун қўймайди, бир-бирини ёмон кўрмайди, бир-биридан нафратланмайди, қутурган итлардай бир-бирларининг бўғзини ғажимайди, рақобатни душманлик тушунчаси билан алмаштирмайди, ягона қудратли кучга айланиш йўлида бирлашишни жинсий алоқа деб тушунмайди!

Биз нуқул Халқим, Халқим деймизу лекин Халққа яқиндан туриб хизмат қилиш ва мамлакат ичкарисида соғлом демократик мухолифатни ташкил қилиш учун Ўзбекистонга боролмаймиз. Бора олган одамни эса кўраолмаймиз. Хўп, баъзилар айтмоқчи Пўлат Охун хукуматга бош эгиб борган бўлса унинг паспортини бермай шу пайтгача чўзиб пайсалга солишармиди?

Қолаверса, Ўзбек мухолифатининг шаклланишида Пўлат Охуннинг ҳам хизматлари борку. У сиз билан биздан фарқли ўлароқ сиёсий маҳбус сифатида 2 йил қамоқда ўтириб чиқди. Сиз билан бизнинг чет элдан туриб солаётган айюҳанносимиз худди оила аъзолари қуролланган ёвуз босқинчилар тамонидан калтакланаётган одамнинг уйига киролмай кўчада дарахтлар ортига беркиниб олиб “Уйимизда оила аъзоларимни ёвуз одамлар калтаклашвотти!” дея бақираётганига ўхшайди.

Хўш, “Оила аъзоларимни дўппослашвотти!” дея бақирганимизча уйга киргани қўрқиб кўчада визиллаб югириб юраверганимиз яхшими, ёки уйга кириб ёвуз одамларни ўлдиришга қурбимиз етмаган тақдирда ҳам ҳеч йўқ улар билан муштлашиб, муштлашолмасак жилла қурса оила аъзоларимиз билан бирга калтакланган ҳолда яқинларимизни қутқариш чора – тадбирларини топишга интилганимиз мақулми?

Манашу призмадан қаралса, Пўлат Охун уй ичкарисида. Уни ҳам Халқаро Нобель мукофотига номзод, буюк шоир Юсуф Жумани нохақ қамаганлари каби қизил тухмат билан қамаб юбормасликларига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунга қарамай у курашмоқда.

“Бирлик” Партиясининг раиси Абдурахим Пўлат эса юқоридаги таклифлари билан Ислом Каримга мактуб йўллади. Тўғри, Ўзбекистон хукумати бугун бу таклифни қабул қилмайди, таклиф қилинаётган вазирликни ташкил қилмайди ва Пўлат Охунга вазирлик лавозимини бермайди. Бу аҳмоққа ҳам аён. Лекин эртага барибир шу йўналишда қандайдир қадамлар қилишга мажбур бўлади. Хайрли ишга йўл очишимиз ҳам хайрли эмасми?

Ислом Карим Ўзбек меҳнат муҳожирларининг халқаро жамиятини тузиши мумкин. Агар шундай жамият тузилса, бу жамият Халқаро қонунларга таяниб давлатлараро имзоланган шартнома, ҳужжатлар асосида дипломатик алоқаларни йўлга қўйиши, чет элларда меҳнат қилаётган Ўзбек меҳнат мухожирларининг оёқ ости қилинаётган ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларнинг ишлаш ҳамда яшаш шароитларини яхшилашга эришиши мумкин.

Муҳтарам Ватандошлар! Мухолифат вакиллари! Акаларим, укаларим, опаларим ва сингилларим! Бизлар ҳам Болтиқбўйи мамлакатларининг мухолифати каби Ўзбек халқининг озодлиги йўлида қалбан бирлашайлик! Биров ўртага олиб чиққан таклифни муваффақиятсизликка учрашини кутиб унинг устидан кулишга , ҳузурланишга шошилмай у таклифни тўлдиришга, бировимиз бошлаган ҳайрли ишни бошқамиз ривожлантиришга ҳаракат қилайлик! Юрагимизда ўрмалаётган ҳасад ва бахиллик чаёнларини янчийлик, ўлдирайлик!

Мақолам охирида (агар буни мақола деб бўлса) бир ибратли ривоятни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

Қадим замонларда бир мақомати олий, кашфу кароматли Авлиёнинг кўп шогирдлари бўлган экан. Улардан бири шогирдлар тўпланган маҳал мақтаниб устозига: - Устоз, кашфу каромат борасида мен сиздан ўздим - дебди-да, бармоғини катта харсанг тошга худди хамирга суққандай суқиб тошни тешиб қўйибди. Буни кўриб бошқа шогирдлар ҳайратдан ёқаларини ушлаб истиғфор айтишибди. Шунда авлиё кулимсираб яктагининг енгини шимарибдида, Бисмиллоҳирраҳмонирраҳим деб Қўлини тирсаги қадар тошга суқиб қайта суғириб олибди. Қўл суғирилган ковакдан шариллаб муздек зилол сув тушибди. Авлиё ҳайратдан тарракдек қотган шогирдига: Сен дунёда одамларга фойда келтирадиган, натижали иш қилгин, дебди. Кейин тошдан тушаётган сувда таҳорат қила бошлабди. Шогирдлар ҳам таҳорат олибдилар. Сўнг камтарин устозларига иқтидо қилиб номоз ўқиган эканлар.

Қиссадан ҳисса шуки, бизлар ҳам кашфу кароматимиз оламни тутиб диктатуранинг бужур тошларини бармоғимиз билан тешиб юравермай у тошлардан Халқимиз ташналигини қондирадиган ва ўзимизни поклайдиган зилол сув чиқаришга ўрганайлик.

Холдор Вулқон
2 август, 2008 йил
Торонто шаҳри, Канада