04 June 2013
23:05 - Оллоҳ омадни ҳам ақллиларга беради: Олтиннинг нархи тушармиш, яна ҳам қашшоқлашамизми?

Авваллари олтининг нархи дунё бозорида қандай ўзгариб бораётганини мунтазам ёритиб борар эдик. Ўша хабарларимиздан маълумки, ўтган асрнинг 80-йилларида олтиннинг 1 унцияси 800 долларга сотиларди. Кейин олтиннинг нархи кескин ошишга бошлади. Масалан, 2 йил аввал олтиннинг нархи тарихий чўққига чиқиб, $1900 дан ҳам ошган эди. Аммо, бундан кейин камайиш бошланди, шу кунларда нарх $1400 дан ҳам бироз пастроқ.

Хўш бундан буён нима бўлади? Аввалги тахминларга кўра, жаҳон молиявий кризисдан чиққач, олтиннинг нархи яна кескин юксалиши керак эди. Аммо, ҳозир экспертлар бошқача тахминлар билдиришмоқда. Олтиннинг нархи $1400 дан ҳам пастга тушиши мумкин.

Олтин қазиб олиш бўйича дунёда олдинги ўринларда турувчи Ўзбекистон иқтисодига, Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмига олтин нархининг ортиши қандай таъсир этиши расмийлар тарафидан ҳеч бир замон эълон қилинмайди. Ҳозир Ўзбекистон бир йилда қанча олтин чиқараётгани ҳам номаълум. Навоийда чиқарилаётган олтиннинг асосий қисми Совет замонида каби, русларга сал кам текинга берилади, Навоийдаги комбинат ҳали ҳам русларнинг қўлидадир, деган гапларда жон борга ўхшайди, аммо аниқ фактлар йўқ. Ҳамма нарса сир остида.

Дарвоқе, ўтган йилнинг 26 январида ишончли манбага асосланиб, Навоий тоғ кон металлургия комбинати директори, Сенатор Қувондиқ Санақулов ҳибсга олинганини биринчи бўлиб “Ҳаракат” агентлиги билдирган эди. Шундан кейин бу хабар ҳатто Россия ахборот воситалари томонидан ҳам эълон қилинди. Ҳукуматнинг қўғирчоқ сайтлари эртаси куни бизнинг хабарни рад эттилар, аммо давлатнинг расмийлари, Олий Мажлиснинг Сенати суст қолди. Мана орадан бир йилдан кўп вақт ўтди, Қувондиқ Санақулов ҳеч бир ерда кўринмади, унинг номи ҳеч бир ерда тилга олинмади.

Хуллас, дунёнинг энг қашшоқ халқларидан бирига айланаётган ўзбекларнинг яна омади келмайдиганга ўхшайди. Ахир, биз олтин ишлаб чиқаришда жаҳон лидерлариданмиз.

Пастдаги линклар орқали олтин нархига доир аввалги хабарларимизнинг баъзилари билан танишишингиз мумкин.