Биз, “Акромий” биродарлар шундоқ ҳам кўп хатоларга йўл қўйиб, на ватанимизда, на ҳорижда айтарли эътибор қозона олдик. Сафимизни кўп ҳаммаслакларимиз тарк этди, кўплари биз танлаган йўлни “адашганлар йўли”, дея этак қоқиб кетдилар. Хуллас, орамизда тушунмовчилик, зиддиятлар пайдо бўлган бир пайтда бизни ЎХҲ ўз сафига чоради. ЎХҲ, унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг тоғ-тоғ ваъдалари, нақ “жаннатга элтувчи” даъватларига лаққа тушиб, 2011 йилда ушбу ташкилотга кирдик. Кўп ўтмай ушбу ташкилот инсоний ғояларда узоқ, бузғунчи-ватангадолар уюшмаси эканига амин бўлдик. Ташкилот раҳнамолари, хусусан, Муҳаммад Солиҳ тақводор кимсага ўхшаб кўринса-да, аслида бировнинг ҳақидан ҳазар қилмайдиган, динни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли ниятлари йўлида ҳеч нимадан қайтмайдиган манфурлар эканига амин бўлдик.
Ўзингиз ўйланг, мўъминликка даъвосига катта бўлган қайси мусулмон бировнинг даромадига кўз олайтиради ёки жирканч ишларни ўзганинг номи остида амалга оширишга ҳаракат қилади?! Муҳаммад Солиҳ раҳбарлигидаги ЎХҲ бизнинг биродарлар топган даромаддан фойдалангани етмагандай бизнинг номимизни қалқон қилиб, ана шундай жирканч ҳаракатлар қилишга урганидан кейин биз ўз хатоларимизни тушуниб етиб, ушбу ташкилотдан чиқиб кетдик. Шундан сўнг ташкилот раҳбари Муҳаммад Солиҳ бизга мунтазам равишда ЎХҲ қўшилиш, гўёки бир ёқадан бош чиқариб ишлашга даъват қилишга тушди. Нияти қора, қилмишларининг тургани-битгани жиноят бўлган гуруҳнинг ўзида бирдамлик, ҳамжиҳатлик бўлмагач, улар билан қандоқ “бир ёқадан бош чиқариш” мумкин?!
Ҳар қандай жамоани аввало яхши ният, инсоний ғоялар бирлаштиради. ЎХҲ – ғояси пуч, аъзолари ғаламис ва ичи қора, энг ёмони, ғарбнинг қўғирчоғи бўлган кимсалардан иборат бўлгани учун ҳам биз бу ташкилотга қайта қўшилишдан онгли равишда бош тортиб келдик. Биздан бундай рад жавобни олишни кутмаган Муҳаммад Солиҳ эса ростмона шантаж йўлига ўтди. Яъни, у бизнинг биродарларга агар унинг ташкилотига қўшилмасак, барча ишларни бизнинг номимиздан амалга оширишларини таъкидлаб, босим ўтказишга тушди. Рости, ЎХҲ бизнинг биродарларни соғин сигирга айлантиришиб олишганди: пешона теримиз билан ишлаб топган пулларни ўзлаштиришди, ўзларининг турли жирканч ишларни амалга оширишда восита сифатида фойдаланиб келишди. Ва бу ҳаракатлар ҳамон давом этиб келмоқда.
Айтиш жоизки, Муҳаммад Солиҳ ва унинг малайлари “Андижон воқеа”ларида ҳеч қандай жабр кўрмаган ва иштирок этмаган. Шунга қарамай улар ўзларининг ифлос ишларини амалга оширишга сабаб топаолмай бугунги кунда яна бизнинг номимиздан фойдаланишга тушдилар. Шу нуқтаи назардан ЎХҲнинг ҳайвоний ниятдаги аъзолари бизнинг яраларимизга баттар туз сепиб, мана, бир неча йилдирки, 13 май санасини ўзига хос “нишонлашга” ўтдилар.
Бу йил ҳам улар бу сананинг унутишгани йўқ. Шу йилнинг 13 май куни “Андижон воқеалари”га саккиз йил тўлиши муносабати билан “Акромий” биродарларнинг номини сотган ҳолда конференция ўтказиш тадоригида юрибдилар. Шу муносабат билан биз очиқ баёнот берамизки, ЎХҲ томонидан бизнинг номимиздан амалга оширилаётган турли тадбирларга бизнинг мутлақо алоқамиз йўқ! ЎХҲ аталмиш ҳайвоний ниятли кимсалар уюшган ташкилотдан аллақачон чиқиб кетганмиз! Биз уларни тан олмаймиз! ЎХҲнинг бундай ҳаракатлари уларнинг навбатдаги найрангидан бошқа нарса эмас!
“Ҳаракат”: Бу баёнот хатқутимизга бугун келиб тушди. Сана кўрсатилмаган, унинг қанчалик эски ёки янгилигини билмаймиз. Баёнот муаллифлари ўз хатоларини тан олганлари яхши, аммо Салом Мадамин ва унинг атрфидагилар миллат хоинлари эканлиги фактлар билан аллқачон исботланган экан, улар билан ҳамкорлик қилганлар қайтдан оёққа туришлар амри маҳол.