30 May 2013
17:42 - Ўзбекистонда ҳар бир болага Ислом Каримнинг меҳр, эътибори бор, аммо оталар чет элларда мардикор
Мамлакатимиз бўйлаб “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остида ўтказилаётган ҳафталик тадбирлари олқишга сазовор воқеа. Боллалар келажагимиз, уларга меҳр, эътибор бериш - келажакни ўйлашдир.

Давлат ахборот воситаси бўлган ЎзАнинг бугунги тўртта хабари шу мавзуга бағишланган. Мана ўша хабарларнинг сарлавҳалари - "Болалар кулгуси тутсин дунёни", "Болалар ҳуқуқлари – доимий ҳимояда", "Болаларга қувонч улашиб", "Тинчлик ва ободлик болалар нигоҳида".

"Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом ва баркамол ёш авлодни вояга етказиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда", дейилади хабарларда. Лекин хабарларнинг сарлавҳалари шиорлардан иборат бўлганини қўйиб туринг, уларнинг ичида ҳам умумий гаплардан бошқа нарса йўқ.

Наҳотки, бу хабарларни ёзаётган ўзбек журналистлари ҳаётимизнинг аччиқ ҳақиқатларини билмайдилар?

Ўзбекистонда ўрта ойлик қозоқларга нисбатан 8 баравар кам экан, болларга меҳр ва эътиборимиз нимадан иборат бўлади? Майли фараз қилайлик, улуғ ўзбек халқи ўзи қашшоқ бўлса ҳам, болаларига меҳр-эътибор кўрсатишга қодир халқ. Бироқ мамлакат аҳолисининг катта қисми, уларнинг кўпчилиги оталар, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб кун кечиришади, фарзандларини йиллаб кўришмайди. Болалар ота меҳридан айрилган. Балки, Ислом Карим раҳбарлигидаги режим болалар олдидаги жиноят даражасида бўлган айбини тушунгани учун, уларга оталарнинг ўрнини босадиган меҳр ва эътибор кўрсатмоқдамикан?

Майли, биздан нима кетди, Ислом Карим раҳнамолигида амалга оширилаётган "ҳар томонлама соғлом ва баркамол ёш авлодни вояга етказиш йўлида кенг кўламли ислоҳотларни" олқишлайверайлик. Ахир Ўзбекистоннинг келажаги буюк бўлиши аввалдан маълум, демак болаларимизнинг келажаги ҳам шундай бўлади.

Шубҳасиз, болаларимизни буюк мардикорлик кутмоқда.