30 May 2013
14:31 - Башар Асад ва Владимир Путин Сурияни қўлларида сақлаб қолиш учун курашни давом эттирмоқдалар

Сурияда икки йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши натижасида юз мингдан ортиқ одам ҳалок бўлиб, бир миллионга яқин одам қўшни мамлакатларга қочган бўлса ҳам, қонли воқеаларнинг охири кўринмаяпти. Тунис, Ливия ва Мисрдан фарқли ўлароқ, Сурия диктатори Башар Асад асосан Россиянинг ёрдам билан инқилобчиларга бўш келмаяпти ва ҳокимиятни қўлида ушлаб турибди. Бир маҳаллар Араб дунёсининг энг яқин дўсти СССР эди, кейин Россия бўлди. Араб баҳори инқилобларидан кейин Россия бу минтақадаги дўстларидан айрилиб қолди. Охиргиси Сурия. Шу сабабли Владимир Путин жон-жаҳди билан охирги дўстини сақлаб қолишга интилмоқда. Бугунги хабарларга кўра, русларнинг С-300 номи билан танилган зенит-ракета комплексларининг катта партияси Сурияга етиб келибди. Демак, уруш баттар оловланади.

Маълумки, Башар Асадга қарши урушаётган Сурия Миллий Коалициясининг армияси Ғарб томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Расмий ҳукуматнинг қуролли кучлари кимёвий қурол ишлатаётгани ҳақидаги маълумотлар АҚШ тарфидан ҳам тасдиқлангандан кейин, Ғарб мухолифатга тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам бериши кутилган эди, аммо Ғарб бунга шошилмаяпти. Бошқа тарафдан, Сурия Араб дунёсида энг катта ҳарбий кучга эга бўлган давлат сифатида Исроилнинг асосий душманидир. Демак, эртами-кеч Ғарб Башар Асад режимини тугатади. Бунинг устига, ҳозир Исроил билан сал кам совуқ уруш олиб бораётган Туркия ҳам Башар Асадга душман.

Лекин Сурияда яқин орада барқарор вазият бўлишини кутиш керак эмас. Чунки, бу мамлакат муслмонлари турли мазҳаб ва оқимларга бўлинган. Башар Асаднинг ўзи шиаларга яқин бўлган алавийлардан. Бунинг устига, Сурияда 300 мингдан кўпроқ курд бор. Уларнинг асосий мақсади - Туркия, Ироқ ва Эрондаги миллатдошлари билан биргаликда мустақил давлат яратиш. Шу сабабли, ҳозирча мавжуд режим тарафида бўлган курдлардан ҳар нарса кутиш мумкин.