29 May 2013
21:30 -
Сенсация: Ўзбекистон ўз автобусини чиқаришга бошлади, аммо қандай автобус?

Аммо, ҳар нарсанинг лекини бор бўлгани каби бу хабарнинг ҳам лекинлари бор.
Эслатиш керакки, Самарқанддаги завод Туркия ширкати билан қурилган қўшма корхона эди. Бироздан кейин Туркиянинг ширкати банкрот бўлди. Энди Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи бу корхонани юритмоқдами? Шундай бўлса хурсанд бўлишимиз керак. Лекин...
Маълум бўлишича, Туркия ширкатининг ўрнини бу соҳада дунёнинг лидерларидан бири бўлган "Allison" ширкати олган экан. Демак, "Allison" ширкати Ўзбекистонда арзон ишчи кучидан фойдаланиб автобус чиқармоқда. Худди Америка ширкатлари Малайзия ёки Филиппинда энг замонавий электрон асбобларни у ерда ишчи кучи арзонлигидан фойдаланиб чиқараётганлари каби. Аслида, шунга ҳам хурсанд бўлишимиз керак. Чунки, ўзбеклар Россия ёки Қозоғистонга бориб мардикорлик ёки дворниклиқ қилгандан кўра автобус йиғиш корхонасида ишласалар фойдалироқ бўлади.
Аммо хабарнинг лекини бу билан ҳам битмайди. "Allison" ширкати тарқатган маълумотларга қараганда, Самарқандда чиқарилиб, Ташкентда синовга ўтишга бошлаган автобуснинг 25 донагина (!!!!) ўтирадиган жойи бор экан. Уни яхшилаб, яъни тошканчасига тиқиштирилсагина 56 киши сиғармиш. Яъни бу автобус автобус ҳам эмас, микроавтобусдир.
"Allison" ширкатига қойил қолиш керак, Тошкентда синовга чиқарилган автобуснинг расми шунчали усталик билан олинганки, у узун ҳақиқий автобус каби кўринади, бунинг устига, калта кўйлак кийган қиз бор экан, ким ҳам автобусга қарарди.
Хуллас, шунақа хабар. Шундай гўзал хабарни лойга булғаганимиз учун ҳаммадан узр тилаймиз.