Бугун Қримтатар халқининг ўз тарихий Ватанидан депортация қилиниш кунининг 69 йиллиги Оқмачитнинг марказий майдонида 40 минг киши иштирокидаги мотам митинги билан хотирланди. Қримтатарларнинг миллий лидери Мустафа Жамил ўғли (ҳозир уни Қримўғлидеб ҳам аташмоқда) нутқ сўзлади. Миллий ҳаракатнинг таниқли арбоблари, Украинанинг баъзи партияларининг вакиллари, Совет замонида диссидентлик қилганлар, Туркия ва бошқа мамлакатлардан келган меҳмонлар ҳам гапиришди. Соат 12 да депортация қурбонлари хотирасига "Қайғу дақиқаси" ўтказилди. Бу дақиқада жаҳоннинг ҳамма мамлакатларидаги қиримтатарлари қаерда бўлишларидан қатъий назар, турган жойларида туриб бош эгиб қурбонлар хотирасига дуо қилдитлар.
Митингчиларнинг қўлида "Биз ўз еримиздамиз!", "Қрим татарларига маҳаллий халқ мақоми берилсин!", "Қримтатарлар геноцидининг қурбонлари ҳеч қачон унутилмайди!", "Могилев! Қримдан даф бўл ва ўзинг била Оқшакаллар командасини олиб кет!" каби шиорлар бор. Эслатиб ўтиш керакки, Могилев - руслар қўлида бўлган Қрим ҳукуматининг раҳбаридир. "Оқшакаллар" командаси дея ҳукуматининг ўзи трарафидан тузилан сотқинлардан иборат Оқсоқоллар Кенгаши назарда тутилмоқда.
Ҳозирги номи Симферополь бўлган Оқмачитдаги митингда қабул қилинган резолюциянинг асосий нуқтаси - Қримтатар халқининг ҳуқуқларини тиклайдиган қонун қабул қилиш талаби бўлди.
Бу кунга бағишланган хотира митинглари қримтатарларининг диаспораси бор бўлган Украинанинг бошқа шаҳарлари ва чет элларда ҳам ўтказилди.
2001 йилнинг маълумотларига кўра, Қримнинг тахминан 2 миллионлик аҳолисининг 58,3 % руслар, 24,3 % украинлар ва 12,1 % қримтатраларидир.
Қримтатарларнинг кўпчилиги депортация йилларини Ўзбекистонда ўтказдилар. Ўзбеклар билан ака-укадек яшадилар. Ҳозир уларга Қримда ҳамма ҳақ-ҳуқуқларни тиклаш осон иш бўлмайди. Уларни ҳозир фақат Туркия амалда қўллаб-қувватлайди. Ўзбек миллати ва туркчилик душманлари қўлида бўлган Ўзбекистондаги режим қримтатарларига ҳеч қандай ёрдам бермаслиги ўз-ўзидан маълум. Ўзбекистонда ҳокимиятга миллатпарвар кучлар келгандан кейингина бу масалада ҳам ўзгаришлар бўлади.