03 May 2013
14:12 - Мирзачўлдаги ташландиқ кўлдан аёл кишининг чинқириғи эшитилмоқда, халқнинг чинқириғини эшитадиганлар ҳам борми?
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Мирзачўл қишлоғи ҳудудадаги кўлдан бир неча кундан бери аёл кишининг чинқириғи эшитилади. Бундан ваҳимага тушган маҳаллий аҳоли давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмоқда. Мобиль телефонлар орқали бутун вилоят бўйлаб тарқалиб кетган аудио ёзувда кўлда чинқираётган аёлнинг овози акс этган. Ғайритабиий ҳодиса ортидан кўлга тушиш учун пойтахтдан келган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ғаввослари шўнғишга жазм қилишмаган.

Мазкур ғайритабиий ҳодиса, ерлик аҳолига кўра, жинларнинг иши бўлиши мумкин. Бу каби ҳол ўтган йилларда Навоий вилоятида ҳам содир бўлганди. Ўшанда Ўзбекистон мусулмонлари идораси домлалари чинқириқ овозларини гўёки ўчириб келишган. Бу товушларнинг табиати ҳали маълум эмас.

Аммо, Ўзбекистонда ростакам чинқириқлар ҳам кўп. Масалан, эрлари йиллаб мардикорликда юрган аёлларнинг фарёди, яшаб бўлмайдиган даражада оз бўлган ойлик туфайли оила тебратишда ҳам қийинчлик кўраётган оддий ўзбекларнинг чинқириғи. Аммо, қулоғи ўрганиб қолган ҳукумат эса буларга эътибор бераётгани йўқ. Балки, ўша ташландиқ кўлдаги чинқириқ ҳукуматга халқ борлигини эслатиш учун чиқарилаётгандир?