12 April 2013
17:28 - ҲУҚУҚ ҲИМОЯЧИЛАРИ АЪЗАМ ФАРМОНОВ ВА АЛИШЕР КАРОМАТОВ ИШИ БМТнинг 65-СЕССИЯСИДА КЎРИЛАДИ ("Эзгулик" жамиятининг пресс-релизи, №7, 12.04.2013)
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Кенгашининг ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича Ишчи гуруҳи раҳбари Мигель де Лама Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига мактуб йўллаб, ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматов иши ишчи гуруҳи томонидан 65-сессияга таёрлангани ҳақида маълум қилди. Жами 44 пунктдан иборат эътироз ва хулосалар жамланган иш Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Кенгашининг йиллик ҳисоботига қўшилади ва тегишли тартибда кўриб чиқилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон фуқаролари учун “Сиёсий ва фуқаролик ҳуқуқлари тўғрисида”ги Пактга асосан БМТга мурожаат қилиш, шикоят топшириш механизми, шикоятнинг узоқ кўрилиш жараёни бир қадар мураккабдир. Хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва бошқа тегишли қўмиталарида шикоятларимизнинг йиллаб қолиб кетаётгани, бу борада қониқарли жавоблар ололмаётганимиз ҳафсаламизни пир қилганди.

Аммо БМТнинг Женевадаги идорасининг тегишли структуралари билан мунтазам мулоқотлар ва сўзлашув жараёнлари ишларни бироз олдинга силжитди. Айниқса Жамият раиси В.Иноятованинг шу йил март ойида Женевага қилган сафари чоғида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг вакили билан бўлган суҳбатда Аъзам Фармоновнинг саломатлиги борган сари ёмонлашаётгани ва уни озод этилиши масаласини кўндаланг қўйиши айни мудаоо бўлди. В.Иноятовага барча имкониятлар ва услублардан фойдаланишга ҳаракат қилишлари ҳақидаги БМТчиларнинг ваъдалари қанчалик чин эканини вақт кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматов жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг 2006 йил 15 июндаги ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Алишер Кароматов 2011 йилда соғлиғи туфали қамоқдан озод қилинди, аммо Аъзам Фармонов Ўзбекистон ИИВ ЖИЭЭБнинг 64/71-муассасаси (Жаслиқ)да ҳамон жазо муддатини ўтамоқда.