12 April 2013
01:19 - Ниҳоят, Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилишга уринмоқда
Ўзбекистон хукумати “Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш жараёнига кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Европа Иттифоқи Комиссиясининг 1 миллион АҚШ долларига тенг беғараз ёрдамини ўзлаштирмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон билан ўхшаш иқтисодий шароитлари мавжуд ЖСТга аъзо ҳамда энди қўшилмоқчи бўлган мамлакатлар тажрибасини ўрганиб чиқиш; миллий қонунчиликнинг ЖСТ қоидаларига мос келишига кўмаклашиш; ЖСТга аъзо асосий мамлакатларнинг қувватловини қўлга киритиш; ташкилотга киришга боғлиқ бўлган Ишчи гуруҳнинг мажлиси, ўқув семинарлари, конференциялар, давра суҳбатларини ўтказиш кўзда тутилган, дейилади бугунги маҳаллий газеталарда чоп қилинган хабарларда.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейкнинг ЖСТ Съездидаги Ўзбекистонни қувватлоқидан сўнг бу масала анчайин тезлашди. Блейкка кўра, Тожикистон яқиндагина ташкилотга кириш бўйича тайёргарлик ишларини якунлади. Қирғизистон эса ташкилотга аъзо бўлиб бўлган. Ушбу мақсад йўлида Қозоғистон ва Афғонистон ҳам аста-секин ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳаракатлари ҳам таҳсинга сазовор. Айни пайтда Туркманистон ҳам аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлаб юборди.

"Бирлик" Халқ Ҳаракати ЖСТга кириш учун ҳаракат бошлаш лозимлигини 15 йил аввал, яъни партияга айланмасдан аввал гапирган ва ёзган эди. Аммо, очиқча айтиш керакки, Ўзбекистоннинг бу ташкилотга кириши ҳозир ҳам осон бўлмайди. Чунки, бунинг учун аъзо бўлиш истагидаги давлатнинг қонунлари халқаро нормаларига тўғри келиши керак. Аммо, ҳали ҳам маъмурий-буйруқбозлик системасида яшайдиган Ўзбекистонда қонунчилик ибтидоий даражада, борлари ҳам ишламайди, ҳамма нарса Президентнинг кайфиятига ёки унинг ўзи ва одамларининг томоғи қанчалик ёғланганига боғлиқ.