10 April 2013
01:13 - Туркияда дунёвийчилар билан исломчилар ўртасидаги совуқ уруш давом этмоқда, ўзбекларга нима?
Аслида, совуқ уруш Отатурк раҳбарлигида асрлардан бери Ҳалифат ролини ўйнаб келган Усмонли Императорлиги ўрнида дунёвий Туркия Жумҳурияти яратилганда бошланган эди. Туркия каби мусулмон мамлакатда замонавий, дунёвий давлат қуриш осон бўлмаган. Жуда кўп ислом жоҳиллари нейтраллаштирилган. Уларнинг қайта оёққа туришига йўл бермаслик мақсадида Туркияда ҳар замон чекланган демократия мaвжуд бўлди, Туркия қуролли кучлари дунёвийликнинг кафолатчиси сифатида сиёсий саҳнада катта роль ўйнади.

Аммо, ўтган асрнинг 80-чи йилларидан бошлаб Туркия Европа Иттифоқига кириш мақсадида сиёсий саҳнада демократиянинг ролини оширишга бошлади. Орадан 20 йил ҳам ўтмасдан, исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси cайловлар йўли билан ҳокимиятга келди. Бу партия аввал ижроия, сўнгра суд системасини қўлга киритгач, Туркияни секин-аста исломлаштириш йўлига тушди. Аввалги хабарларимизда билдирганимиздек, гўёки мавжуд ҳокимиятни ағдариш ниятида бўлган бир неча юз кишилик ҳарбийлар, миллатчилар ва социал-демократлар гуруҳи устидан Эргенекон деб ном олган жиноий иш очилди, уларнинг кўпчилиги тергов пайтидаёқ ҳибсга олинди.

Билмаганлар учун эслатиб ўтиш керакки, ҳозирги Мўғилистон ҳудудларидаги Эргенекон тоғлари қадим туркларининг асл макони ҳисобланади. Турклар ўша ерлардан йўлга чиқиб, кейинчалик Марказий Осиё ва Кавказдан тортиб, ҳозирги Туркия ҳудудларигача бўлган ерларни ишғол қилганлар. Шу сабабли, Эргенекон турк миллатчилигининг рамзларидан бири ҳисобланади. Дунёвийчиларга қарши очилган ишга Эргенекон номи берилишининг ўзиёқ, Туркияда исломчилар билан дунёвийлик тарафдоралари ўртасидагина эмас, миллатчилар билан умматчилар ўртасидаги совуқ уруш кетаётганининг яна бир кўрсатгичидир.

Ўтган куни Истамбулдаги Оғир Жазолар Судида Эргенекон иши бўйича айбланаётганларнинг 64 нафарига умр бўйича оғирлаштирилган қамоқ жазоси талаб қилинди. Бошқалар учун ҳам кўп йиллик қамоқ жазоси талаб қилинмоқда. Дунёвичилик тарафдорли суд биноси олдида тахминан 5 минг кишилик митинг ўтказиб, ватарнарварларга қарши репрессияларни тўхтатишни талаб қилдилар. Полиция кўзни ёшлантирувчи газлар ишлатиб, уларни суд биносини штурм қилишдан тўхтатолди.

Туркияда мустақил давлат тузиш ниятидаги курдлар билан совуқ эмас, қайноқ уруш ҳам кетаётганини ҳисобга олсак, бу мамлакатдаги вазиятнинг нақадар мураккаб эканлигини тушуниш мумкин. Ҳозир Туркия ҳукумати катта чекинишлар эвазига курдлар билан урушни тўхтатиш хусусида музокараларни охирига етказаётганга ўхшайди. Аммо, бу жараёнлар натижасида исломчилар мавқеларини мустаҳкамлаб олсалар, ҳозирги босқичда туркий мамлакатларнинг яқинлашиш, қайсибир маънода бирлашиш масаласи, кун тартибидан чиқади. Чунки, на Марказий Осиё давлатлари на Озорбайжон Турк Дунёсида эмас, Араб дунёсида лидерлик қилиш ҳаёлида юрган Туркия исломчилари билан бирга бўлиши қийин, балки, мумкин эмас.

Бу воқеа ҳам ўзбекларга ўрнак бўлиши керак. Туркия мисоли кўрсатмоқдаки, Исломда чуқур ислоҳатлар ўтказиб, Ислом динининг ўзи дунёвийлик принципини қабул қилмаса, исломчилар билан дунёвийчилар орасидаги совуқ уруш ҳеч қачон битмайди, совуқ урушнинг қайноқ урушга айланиш хавфи сақланиб қолаверади. Ҳозир Ўзбекистонда қилинаётгандек, исломчиларни куч билан ушлаб туриш сиёсатининг келажаги йўқ. Айнан шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, "Ҳаракат" Агентлигининг экспертлари Ислом динида ислоҳатларнининг йўналишлари бўйича тадқиқотлар ўтказмоқдалар. Улар билан "Ҳаракат" журналининг саҳифаларида ва "Ҳаракат" сайтида танишиш мумкин.