03 April 2013
13:50 - Зулм қарши зулмни яратади
Николай  подшо  оиласи билан қамоққа олинганда большовойлар уларга нисбатан ўта қўпол муомилада бўлишган экан. Умрида бундай қўпол муомилага дучор бўлмаган Николай подшонинг қизларидан бири назоратчиларга қараб “Бизларга нисбатан сизлардаги бунчалар қаҳру-ғазаб қаердан пайдо бўлди?” деб савол берибди. Шунда Свердлов унга  қараб “Отангни қамоқхоналаридаги  қийноқ ва азоблардан!”деган жавобни берибди.

Ислом Карим  яратган репрессив машина Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб бегуноҳ инсонларга  азоб бериб келаётир.Уларни аксарияти  ёшлар бўлиб кўплари умрларини энг навқирон даврини қамоқларда ўтказиб у ерда  қийноқларга солиниб таҳқирланаётир ва бир  қанчалари эса қийноғлар оқибатида жон ҳам таслим қилмоқдалар.
 
Қамалганлардан ташқари, қанча минглаб уларни оила аъзолари, баъзилари боқувчисини, кимдир суйган ёрини ,кимдир азиз ва пок фарзандини, кимдир ака  ёки укасини йуқотиб  айрилиқ   азобига гирфтор бўлдилар ва бўлмоқдалар.

Назаримда ўзбек жамияти тобора иккита қутбга, яъни зулм қилгувчилар ва зулм кўргувчиларга ажралиб бораётганга ўхшайди.

Аммо ҳар қандай жамият ўз қонунятларига эга. Кимдир бу қонунятлардан ҳам устунман деса у ғирт ахмоқдир. Жамиятда жабр кўргувчиларни  тобора сони ортиб борган сари бу жамият халокатга юз тутиб боради. Ўзбек жамиятидаги коррупция ,иқтисодий қийинчиликлар ҳамда халққа нисбатан қилинаётган жабр-зулмдан ташқари   бу қурқоқ хукуматни ўзбек миллатини камситилишига бепарволиги   охир-оқибат кучли сиёсий портлашга олиб келиши мумкин.
 
Бу портлашни олдини олиши мумкин бўлган ягона  ечим “Бирлик” каби мухолиф партияни эркин фаолят олиб боришига изн берилишидир. Акс ҳолда, бечора халкқа янада қийин бўлади. Чунки бу режимни ижрочилари ўз жонни қутқариш пайига тушиб қоладилар. Аниқроғи жуфтакни ростлаб харомдан топган пуллари эвазига қочиб қоладилар. Балки ўша харом пуллари эвазига қон тўкилишига сабаб  ҳам бўладилар.

Албатта  оддий ижрочилар орасида ҳам қанчадан-қанча одамларнинг виждони қийналаётгани, ўз қилаётган ишларидан нафратланаётганининг гувоҳи бўлганман. Бироқ ҳозирги шароитда ягона тирикчилик маънбаини йўқотиш ҳавфи кучли бўлгани учунгина ишлаябдилар ва ўша ҳавф остида ҳам кимларгадир ёрдамлари тегиб турибди. Уларга тарбия берган ота-оналарига раҳмат.

Аммо қутирган итдай режимни ялоқисига айланганлари ҳам борки, улар биз хоҳлаймизми йуқми, бу режим тугатилиши билан ўз жазоларини оладилар. Бу нарсадан
халқни ҳар қандай демократияга даъвогар бўлган янги хукумат ҳам тўхтатиб қалолмаса керак. Ўша пайтга келиб, Свердлов билан подшонининг қизлари ўртасидаги каби диалог такрорланса кўпчилик ажабланмаслиги керак.

Ҳа, шундай, зулм ўзига қарши зулмни яратади.
 
Акбарали Ориф