27 February 2013
15:50 - Қонунчилик Палатаси, бошқа иш қуриб қолгандек, туризм масаласи бўйича тинглов ўтказибди
Кеча Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги парламент эшитуви ўтказибди. Бизда расман “эшитув” атамаси қабул қилинган, аслида, “тинглов” атамаси бундай табдирларнинг моҳиятига мосроқдир.

Туризм ҳам керакли соҳа. Аммо, Ўзбекистоннинг иқтосоди ботмоқда, киши бошига Ялпи Ички Маҳсулотнинг ҳажми бўйича, ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 8 марта, Туркманистондан 6 марта орқадамиз. Қозоғистонда ўртача ойлик 700 долларга яқин экан, бизда 85 доллар атрофида. Ўртача ойлик Остонада $827, ҳатто Душанбеда $150 экан, Тошкентда $120. Миллионлаб ўзбеклар Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳеч қандай ҳуқуқлари ҳимояланмаган ҳолда қуллардек мардикорчилик қилмоқдалар. Айнан улар юбораётган пул билан Давлат Бюджети оёқда турибди.

Шунча биринчи даражали муаммолар олдимизда турар экан, туризм масаласи билан вақт ўтказиш фақатгина хато эмас, Ўзбек миллатига нисбатан қилинаётган жиноятдир. Ўзбекистонда ҳокимятнинг ҳамма шохлари (қонунчилик, ижроия ва суд) миллат тақдирини ўйламасдан жиноят даражасида ишлар қилаётгани сабабли мамлакатимиз аянчли аҳволда.

Демак, мухолифатнинг роли ва унинг маъсулияти жуда юксак бўлиши керак. Аммо, минг афсуски, “Бирлик” Партиясидан бошқа мухолифатчиликка даъво қилаётган гуруҳлар бундай масалаларни тушунмайдилар ҳам.