20 February 2013
13:07 - Ўзбекча масхарабозлик: Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазиримиз Россия ташқи ишлар вазир ўринбосари билан учрашибди. “Бирлик”нинг таклифи тилга олиндими?
Масхарабозлик учрашувнинг ўзи эмас, Ўзбекистонда бу ҳақдаги хабар русларга асосланиб тарқатилганидир. Чунки, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазиримиз Ўктам Ҳоитовнинг Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Красин билан учрашуви ўзбеклар учун муҳим бўлгани сабабли, ўзбек журналистлари Москвага вазир билан бирга бориб, бу воқеани ёритишлари керак эди. Нимага дейсизми? Хабарда тарафлар нима учун учрашганлари айтилмаган бўлса ҳам, тахмин қилиш қийин эмаски, улар Россиядаги миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирларининг аҳволи билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. Ўзбекистон давлат Бюджетининг даромод қисмига тенг пул меҳнат муҳожирларидан келишини ҳисобга олсак, булар давлат миқёсидаги масалалардир.

Вақти келгани учун эслатиш керакки, “Бирлик”нинг 2003 йили Тошкентда ўтказилган қурултойида қабул қилинган резолюциялардан бирида шундай модда бор:

“Ўзбекистон аҳолисининг маълум қисмини давлатлараро шартномалар бўйича планли равишда ва давлатнинг ёрдами билан қўшни мамлакатларга миграция қилиш масаласини кун тартибига олиб келиш лозим.”

Минг афсуски, ўзбекистон ҳукумати 10 йилдан бери бу масала билан жиддий шаклда шуғулланмаяпти. Яна шуни ҳам эслатиш керакки, “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 2008 йилда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримга махсус мактуб йўллаб, чет эллардаги ватандошларимизнинг муаммолари билан шуғулланадиган вазирлик тузишни таклиф этган. Аммо, бу таклифга ҳам эътибор берилмади. Воқеаларнинг ривожи кўрсатмоқдаки, бу таклиф жуда ҳам вақтида қилинган, Ислом Каримнинг унг эътиборсизлигини жиноят деб ҳам баҳолаш мумкин. Чунки, гап миллионлаб ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва тақдири ҳақида кетмоқда.