05 February 2013
20:31 - Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги “Эзгулик” баёнотига раддия берди
Бугун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг шу йил 30 январда эълон қилинган “Ўзбек милицияси яна саҳнада: У фуқароларнинг бирини ўлдирди, иккинчисини чалажон қилди!” номли 1-сонли релизи юзасидан раддия берди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ўз баёнотида Тошкент шаҳрида яшовчи 30 ёшли Жамшид Шарофутдиновнинг қийноққа солингани билан боғлиқ фактларни эълон қилганди. ИИВга кўра, “Эзгулик” ҳимоя қилган шахс милиция ходими А.Ж.Турдимуродовнинг бошига зарба берган ва инспектор тан жароҳати билан касалхонага ётқизилиб, 20 кунгача даволанган.

“Эзгулик” жамиятининг мазкур баёнотида тилга олинган ҳодисаларни ўрганган ҳуқуқ ҳимоячиси Гулнора Оқиловага кўра, Ички ишлар вазирлиги раддияси мутлақо асоссиз ва баёнотда тилга олинган воқеалар ҳаққонийдир. Зеро, буни асословчи далил ва ҳужжатлар етарли бўлиб, жамият уни исталган пайтда эълон қила олади.

Мазкур раддия ИИВнинг сайтида ва бир қатор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Раддиядаги иддаолар унчалик тўғри бўлмаса-да, ИИВ раҳбариятининг қийноқлар масаласига муносабати ўлароқ муҳимдир, дейди мухбиримиз. Бунинг устига, “Эзгулик”дек дунё танийдиган ташкилотнинг номи камдан-кам тилга олинадиган маҳаллий матбуотда раддия баҳона қийноқлар масаласи гапирилиши ҳам эътиборга лойиқ.