31 January 2013
03:35 - Ўзбекистонда фуқароларнинг қўлига нақд хориж валютаси берилмайди
Ўзбекистон Республикаси Марказий Банкининг маълум қилишича, шу йилнинг 1 февралидан бошлаб жисмоний шахсларга хориж валютасини фақатгина халқаро тўлов карточкасидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда сотиш усули жорий этилади.

«Ўзбекистонда бундай операциялар 1994 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатнинг йигирмадан ортиқ ваколатли тижорат банки томонидан халқаро тўлов карточкалари муомалага чиқарилмоқда ҳамда улардан 233 мингдан ортиқ жисмоний шахслар кенг фойдаланмоқда. Ўзбекистондаги барча тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” ва бошқа нуфузли халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланиб, улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “СВИФТ” халқаро тизимига уланган” дейилади Марказий Банк ахборотида.

2013 йилнинг 1 февралидан эътиборан ваколатли банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақдсиз шаклда, уларнинг шахсий банк пластик карточкасидаги миллий валютани чет эл валютасидаги халқаро тўлов карточкасига ўтказиб бериш йўли билан сотиш механизми амал қила бошлайди.

Банкнинг масъул ходимлари тез ва қисқа муддатда ариза берувчи-жисмоний шахснинг хорижда барча ҳисоб-китобларни чекланмаган ҳолда амалга ошириш имконини берувчи халқаро тўлов карточкасига чет эл валютасини ўтказиб бериш орқали валюта айирбошлаш операциясини амалга оширишга мажбур.