30 January 2013
17:05 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Навоий кон металлургия комбинати ҳам чўкмоқда
Навоий кон металлургия комбинатининг Қизилқум чўли ҳудудида жойлашган шаҳарлардан, малакали мутахассислар оммавий тарзда ишдан бўшаб кетишмоқда. Сабаби,маошларнинг кескин қисқартирилиши ва ишлаш шароитининг жуда ёмонлашгани бўлаяпти. Нафақат рус тилида сўзлашувчи мутахассислар, балки ўзбеклар ҳам оммавий равишда Россиядаги олтин қазиб олиш корхоналарига расмий контраклар тузиб кетишмоқда.

Яқинда Марказий кон бошқармаси Темир йўл транспортида катта авария содир этилган.Ушбу авария натижасида корхонага 475 000 000 (тўрт юз етимиш беш миллион) сўм моддий зарар етказилган. Сабаби, руда ташийдиган тепловозлар жуда ачинарли аҳволда. Линияга чиқишга яроқсиз, тепловозларда вагонларда олтин рудаси ташилади. Энди ўша авария натижасида келтирилган зарарни тепловоз машинисти тўлаши керак экан. Нимага деганда, яроқсиз тепловозни линияга олиб чиққанлиги учун. Ушбу воқеадан кейин, кўпчилик тепловоз машинистлари ва ёрдамчилари қўрққанидан ишдан бўшаб кетмоқда. Чунки, айни ўша носоз тепловозларни руда ташиш учун линияга чиқишини катталар дағдаға билан, мажбурлаб қилдиришади. Носоз тепловозда авариясиз тинчгина ишлаб чиқсанг, бахтинг.

Ушбу корхонада техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси шароитлари умуман яратиб берилмаганлиги туфайли, ўлим ҳолатлари жуда кўплаб содир этилмоқда. Қизиғи шундаки, ўлиб кетган ишчиларнинг ўзларини айбдор қилиб ишни ёпиб юборишади. 2012 йилда Сахатов исмли меҳнат фахрийси тепловоз машинисти ёрдамчиси 22 яшар йигит билан бирга авария натижасида фожиали ўлим топишди. Сахатов "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвонини шахсан ИАК дан олганди. Раҳматли фахрланиб юрарди. Натижада ўлимидан кейин, унинг ўзини айбдор қилишди.

Бу биттаси. Иккинчиси, Зарафшон шаҳар ҳокими Эшмирзаев Илҳом Норбекович, тадбиркорларга зуғум этишда давом этаяпти. Нақд пули тушумини кўпайтириш учун, спиртли ичимликлар сотувчиси фуқаро Хамза Кенжаев магазинига кириб, магазинидаги касса аппаратидан 30 000 000 (ўттиз миллион) сўм уриб кетган. Соат 18.00 гача пулни уйингни сотиб бўлса ҳам қўясан, деган. Ушбу воқеадан кейин Кенжаев лаш-лушини йиғиштириб Россияга кетди. Ундан кўра Россияда кўча супураман, деб. Кенжаевга ўхшашлар рўйхати катта китоб бўлади.

Мана режимнинг кичик бизнесга кўрсатаётган ёрдамлари. Ўзбекистонда банклар томонидан берилаётган кредитларнинг 99% и мақсадсиз ишлатилмоқда. Тадбиркор олган кредитини "обналичка" қилиб, еб битириб, бир бало қилиб кредитини ёпади. Чунки, ишни кенгайтириш, янги иш ўринларини очишга тўсиқ жуда кўп. Мен бир нарсани тўлиқ ишонч билан айта оламан, Ўзбекистонда бизнес ўлаяпти. Тадбиркорлар ҳақида у киши банкрот бўлибди, бу киши банкрот бўлибди, деган гаплар кўп бўлаяпти. Одамларда пул йўқ.

Фуқаро Шарапова Мастура 500 000 000 (беш юз миллион) сўм кредитни олиб обналичка қилиб, Россияга жуфтакни ростлаган. Энди, у қўйган гаровни 100 000 000 (Юз миллион) сўмга ҳам сота олмай банк раҳбарлари қамоқда ўтирибди. Шараповани ўзи қидирувда. Солиқчи акалар эрталаб соат саккиздан 20 гача, магазин-ма магазин юришади. Нақд пул тушумини кўтариш учун, лекин нақд пулни ўзи йўқ халқда. Нақд пул, валютафурушда, прокурорда, фоҳишада, гаишникда, милисада, милисалар билан тил бириктирган соляркафуруш ўғриларда ва таксичиларда. Чанг ютиб, 1 км чуқурликда ишлаган карьер ишчиларининг қўлида пластик карточка.

Мана сизга Ўзбекистондаги бизнеснинг ҳақиқий башараси. Бу мен, ўзим билганларим. Билмаганим қанча. ТВда фалон жойда корхона очилди, маҳсулотимиз экспортга чиқаяпти, деган чўпчакларга ишонманг. Ўша корхона фақат ТВда чиқиш учун 1 кун ишлаб беради, тамом. Ман бу нарсани жиддий айтаяпман.

Мана шунақа гаплар ...