15 January 2013
05:46 - “Ҳаракат” хатқутисига келган “Фиктивная регистрация” ҳақидаги қисқа илтимосга, иложи борича, қисқа жавоб: Авваламбор миллат бўлайлик
Сайтимиз ўқувчиларимиздан бири ўз исмини ҳам кўрсатмасдан бир неча кун аввал хатқутимизга бир жумладан иборат илтимоснома ташлабди.

Мана ўша жумла: “Ҳаркатнинг тўғрисўз мухбирлари, “Фиктивная регистрация” масаласида мақола эълон қилинг, агар цензурасиз матбуотни қўллаб қувватласангиз”.

Жумланинг биринчи қисмига қараганда, гап яқинда рус матбуотида муҳокама қилинабошлаган одамларни яшайдиган жойида регистрация қилиш, яъни қайд этиш бўйича қонун-қоидаларни янада қаттиқлаштириш мавзусида бўлса керак. Аммо, жумланинг иккинчи қисмига қарасак, ўқувчимиз нимани истаётганини тушуниш қийин бўлади. Чунки биз тушунган мавзунинг цензурага ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Хуллас, ўқувчимизнинг илтимоси одамларни яшайдиган жойида регистрация қилиш масаласига доир деб хулоса қилишдан бошқа йўл кўрмадик.

Аммо, бу илтимосга тезда жавоб беролмаганимизнинг сабаби, уни тўғри тушуниш қийин бўлганида эмас, вақтимиз йўқлигидан. Биз сайтимизда тилга олинган ҳар қандай мавзуни жиддий таҳлил қилиш йўлини танлаганмиз. Бироқ, имкониятларимиз жуда чеклангани сабабли, ҳамма нарсани тезда қилолмаймиз. Масалан, Президентининг “Фуҳуша” лақабли қизидан ҳам бир хат олганмиз, шунга таҳлил-жавоб ёзишга ҳам вақтимиз бўлмаяпти. Лекин, у хатни ўз таҳлилимиз билан қўшиб, албатта сайтимизда эълон қиламиз.

“Фиктивная регистрация” масаласига келсак, Россия Президенти Владимир Путин фиктив регистрацияга аралашган одамларни жазолашни кучайтириш ҳақида қонун лойиҳаси таклиф қилганини рус матбуотидаги хабарларда кўрганмиз. Ўша пайтдаёқ, биринчи бўлиб ҳаёлга Путин Россияда ишлаётган кўп сонли меҳнат муҳожирларига қарши қонун чиқармоқчими, мақсад - меҳнат муҳожирларининг Россияга келиши йўлида жиддий тўсиқ чиқариш эмасми, деган фикр келди.

Лекин, тушундикки, ундай эмас. Чунки, Россия бу босқичда, миллионлаб меҳнат муҳожирларисиз яшай олмайди. Тўсиқ қўйиш нияти бўлса, тўсиқ чегаралрад қўйиларди. Путин таклиф қилаётган қонун меҳнат муҳожирларини алдаб-сулдаб, шунинг орқасидан пул қилиб юрганларнинг фаолиятига чек қўяди.

Тўғри, бу билан меҳнат муҳожирларимизнинг мушкули осон бўлади, муаммолари озаяди, демоқчимасмиз. Аммо, бу бошқа масала.

Бизнинг аниқ фикримиз шундан иборатки, меҳнат муҳожирларимизнинг муаммолари билан, уларнинг ҳисобига давлат Бюджетини оёқда ушлаб турган, қўполроқ қилиб айтсак, уларнинг ҳисобига яшаётган Ўзбекистон Президенти Ислом Карим шуғулланиши керак, шарт. Бу унинг вазифаси, мажбурияти.

“Бирлик” юрт ташқарисидаги ватондошларимиз ва миллатдошларимизнинг муаммолар билан шуғулланучи вазирлик тузиш кераклиги хусусида 2003 йили ўтказилган қурултойида махсус резолюция қабул қилган. Абдураҳим Пўлат бу ҳақда Президент Ислом Каримга мактуб йўллаб, тезлик билан бундай вазирлик яратиш ва унинг биринчи вазири этиб, Пўлат Охунни тайинлашни таклиф қилган. Бу хат “Ҳаракат” тарафидан эълон ҳам қилинган.

Ислом Карим бу ишни қилмаётгани – миллат олдидаги жиноятдир. Ўйлаймизки, энди у бир нарса қилишга мажбур бўлади.

Ҳозирча нима қилиш керак? Россиянинг турли минтақаларидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бирлашишлари, ташкилотланишлари ва Ислом Каримга мактублар йўллаб, агар шундай вазирлик тузилмаса, Ўзбекистонга пул юборишни тўхтатиб қўйишларини билдирувчи ультиматум қўйишлар лозим. Айни замонда, ҳамма ўзбеклар Ватан ва Миллат муаммоларни олдинга чиқараётган “Бирлик” Партияси атрофида бирлашиш ва қайтадан миллат бўлишимиз кераклигини ҳам тушуниши керак.