15 January 2013
02:20 - Ҳукумат имтиёзли пенсиялар рўйхатини қисқартирди, милиция ва МХХ ходимлари келажакларини ўйлашлари лозим
Бугундан бошлаб қатор тармоқларда меҳнат қилаётган ишчи, хизматчилар имтиёзли равишда пенсияга чиқа олмайди. Масалан, шу пайтга қадар кўмир, нефть, коксокимёвий ишлаб чиқариш, симобли қайта ишлаб чиқариш қўйи станциялари, электрон техникалар ва радиоаппаратура маҳсулотларини ишлаб чиқариш, торф қазиб олиш, целлюлоза-қоғоз ва ёғочни қайта ишлаш ҳамда қишлоқ хўжалигининг агрокимё хизмати, шунингдек, ўлик ҳайвонларни йиғиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш соҳаси ходимлари иши зарарли бўлгани боис пенсияга имтиёзли равишда чиқарди.

Қарорда саноат ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқлари, ишлар, касблар ва лавозимларга ҳам алоҳида ўзгартишлар киритилган. Енгил ва озиқ-овқат саноати, қора ва рангли металлругия, кимёвий ишлаб чиқариш ва бошқа алоҳида тармоқларда меҳнат қилаётган ходимларнинг имтиёзли пенсияга чиқиши ҳам қайта кўриб чиқилган. Озиқ-овқат саноати тармоқларига берилган имтиёзли пенсиялар эндиликда бекор қилинган.

Табиий, мавжуд режимнинг таянчи бўлган милиция, МХХ, солиқ ва чегара қўшинлари ходимлари учун имтиёзли пенсиялар сақлаб қолинган, дейди мухбиримиз.

Аслида, бу масала устида айнан милиция ва МХХ ходимлари чуқурроқ ўйлашлари керак. Чунки, Ўзбекистонда режим ўзгариб, унга таянч бўлганларнинг фаолияти тафтиш қилинса, улар умуман пенсиясиз қолишини қўйиб туринг, қолган умрларини Жасликда ўтказишлари мумкин. Улар буни ҳозирдан ўйлаб, режимнинг эмас, миллат ва ватан ҳимоячилари эканликларини унутишмаса, ўзларига яхши бўлади.