Ливиянинг Миллий Конгресси ўз малакатининг номига Муаммар Каддафий тарафидан 1986 йилда қўшилган “Улуғ социалистик араб жумҳурияти” сўзларини олиб ташлаш ҳақида қонун қабул қилинди. Янги Конституция қабул қилингунча мамлакатнинг номи Ливия Давлати деб аталади.
Ўзбекистон ҳам Ўзбек миллатига қарши сиёсат олиб бораётган, ўзбекларни мардикорлар миллатига айлантирган, ўзбекларнинг тириклайин ёқилишига кўз юмаган ҳозирги давлат номи билан яшамаслиги керак. Аммо, бу нарса ливияликлардан ўрганиб қилинмайди.
“Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 2005 йили “Ҳаракат” журналигининг 4 (55) сонида эълон қилинган “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақоласининг биринчи қисмида Ўзбекистоннинг келажагига оид стратегик кўришларини ёзар экан, аввал коммунистик, кейин мустақил қонли диктатура режимлари билан бир ҳил ном остида яшаш мумкин эмаслигини ҳам айтади.
Мана ўша мақоладан кўчирма:
Бир тарафдан, келажакда яратиладиган демократик Ўзбекистон собиқ СССР таркибида нисбатан мустақил жумҳурият сифатида 1924-25 йиллари яратилган Ўзбекистон ССРнинг (Биринчи Жумҳурият) ҳамда 1990 йил 20 июлда қабул қилинган Суверинетит ҳақидаги ва 1991 йил 31 августда қабул қилинган Мустақиллик Деклрацияларининг ҳам таъсирида СССР тарқатилгандан кейин (1991 йил 8 декабрь) юзага келган Ўзбекистон Республикасининг (Иккинчи Жумҳуриятнинг) узвий давомчиси эканлигини;
Бошқа тарафдан, аввалги атеистик диктаторликдан фарқли ўлароқ, инсон ҳуррияти, виждон эркинлиги ва сиёсий-иқтисодий эркинликларни ҳурмат қилувчи янги тузум яратилганини урғулаш мақсадида,
бу ютуқларни расмийлаштирувчи янги Конституция умумхалқ референдумда тасдиқланган кун Ўзбекистон Жумҳурияти (Учинчи Жумҳурият) тузилгани эълон қилиниши керак.
Мамлакатнинг ҳозирги номи «Ўзбекистон Республикаси»ни Ўзбекистон Жумҳурияти (Учинчи Жумҳурият) деб ўзгартиришнинг рамзийликдан ташқари ҳам муҳим аҳамияти бор. Бировни «босмачи», бировни «жадид», бировни «халқ душмани» деб Москва раҳбарлигида минглаб одамнинг ёстиғини қуритган «Ўзбекистон ССР» ва мустақилликдан сўнгра ўз халқига қарши мудҳиш жиноятлар содир қилган, ўз халқини қонга ботирган «Ўзбекистон Республикаси» номларидан қутилиш маънавий тозаланиш ва янги ҳаёт бошлаш учун мутлақо зарур бўлган шартдир.
Қоғоздагина «республика» саналган бу икки тузумнинг моҳиятини қоралаб, айни замонда, уларнинг номи ва байроғи остида янги ҳаёт қуриб бўлмайди.
СССР таркибида нисбатан мустақил бўлган Ўзбекистон 1991 йил 31 августда СССРдан чиққанлигига имо ҳам бермасдан яна мустақиллик эълон қилишидек бир воқеани асосий миллий байрам сифатида нишонлашга давом этишимиз ножиддийлик аломати бўлади. Бу келажак авлодини тарихимизга ҳурмат руҳида тарбия беришда жиддий муаммолар чиқаради, миллатни ўз тарихи билан фахрланишдек туйғудан маҳрум қилади, давлатчилигимизга соя солади. Тўғрироғи, бу иккиюзламачиликка чек қўйилмас экан, нормал замонавий давлат яратиб бўлмайди. Иккиюзламачилик давлатнинг моҳиятига айланади.
Шулардан келиб чиқиб, Учинчи Жумҳурият эълон қилинадиган кун асосий миллий байрамимизга айланишини кутиш мумкин. Тарихий боғликларни остини чизиш учун Учинчи Жумҳурият конституциясининг референдум куни сифатида демократия ва мустақиллик шиорларини биринчи бўлиб кўтарган «Бирлик» хал ҳаракатининг тузилиш санаси (1989 йил 25 май) ёки халқнинг талаби билан ўзбек тилининг мавқеи тикланган 1989 йил 20 октябрни танлаш адолатли ва мантиқли бўлган бўларди.
* * *
Мақаоланинг тўла матни билан “Ҳаракат” журналининг 2005 йилга оид 4(55) сонида танишиш мумкин. Журналнинг ҳамма сонлари сайтимизда бор. Ўша мақоланинг адреси эса шундай:
http://www.harakat.net/harakat.php?id_harakat=55&id_topic=294&id_stat=542