08 January 2013
16:09 - Сенсация: Хитойда журналистлар иш ташлаш эълон қилди, ўзбеклар қачон қилади?
1,8 миллионли тиражда чиқадиган ҳафталик “Нанфан Чжоукан” газетасининг журналистлари кеча иш ташлаш эълон қилганлари жаҳон ахборот воситалари тарафидан хабар қилинди.

Маълум бўлишича, газетанинг бу йилги биринчи сонида Хитой жамиятида катта ўзгаришлар кераклиги ҳақидаги “хитойлар орзуси”ни тарғибот қилувчи мақола цензура тарафидан тўхтатилиб, унинг ўрнига Хитой Компартиясининг ишларини улуғловчи “Орзуларимизга ҳар замондагидан кўпроқ яқинмиз” номли мақола чоп этилибди.

Бу воқеа Хитой жамиятида катта тортишувларга сабаб бўлган. Баъзи Интернет нашрлар ўша тақиқланган мақолани блогларда эълон қилишибди. Компартиянинг расмий “Хуанцю Шибао” газетаси тақиқланган мақолани тилга олмаса ҳам, унга жавоб қилгандек, Хитойда оммавий ахборат воситаларида бўладиган ўзгаришлар умумий ислоҳотлар билан баробар бориши кераклигини ёзиб, жанжал чиқарган мақоланинг тақиқланишини феълан оқлабди.

Бундай шароитда “Нанфан Чжоукан” газетаси журналистлари иш ташлаш билан норозиликларини кўрсатишга қарор қилишибди.

“Нанфан Чжоукан” Хитойдаги энг таъсирчан либерал нашр ҳисобланар экан. 2009 йили Хитойга биринчи марта расмий ташриф билан келган АҚШ Президенти Барак Обама айнан шу газетага интервью берган.

Ўзбекистон Президенти жамиятнинг ҳамма соҳалари, жумладан, хабарчилик соҳасида ислоҳотлар ўтказишга ваъда берганига 2 йилдан ошди, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Дунёда ҳеч нарса ўз-ўзидан ўзгармайди. Жамият ўзгаришлар талаб қилиш керак. Хитой журналистлари шундай қилишибди, ўзбек журналистлари қачон қилишади?