06 January 2013
16:14 - Курдлар масаласида Туркияда янги давр бошланди дейилмоқда, Ўзбекистонга нима?
Маълумки, тахминан 30-35 йилдан бери коммунистик руҳдаги Курдистон Ишчи Партияси сиёсий эмас, террористик йўллар билан мустақил Курдистон давлати қуриш учун қуролли кураш олиб бормоқда. Бу ташкилот БМТ, АҚШ ва Россия тарафидан расман террористик деб тан олинган. Ироқ ва Сурия режимлари Саддам Ҳусайин ва ота-бола Башарлар замонида бу ташкилотни қўллаб-қувватлаб келишган. Мақсадлари – Туркиянинг Яқин Шарқдаги ролини орттирмаслик бўлган. АҚШ Курдистон Ишчи Партиясини террористик ташкилот деб тан олишига қарамасдан, туркларнинг иддиосига кўра, уни қўллаб-қувватлайди. Унинг мақсади – курдлардан арабларга қарши куч сифатида фойдаланиш.

Туркия, Эрон, Ироқ ва Суриянинг умумий чегаралари атрофида яшайдиган курдларнинг сони 30 миллион атрофида деб ҳисобланади. Улар келажакда ягона курд давлати тузиш ниятлари борлиги ҳеч кимга сир эмас.

Курдларнинг террористик уруши натижасида 50 минг атрофида одам ҳалок бўлгани гапирилади. Ишчи Партиясининг лидери Абдулла Ожалан ўз отрядлари билан Сурия тоғларида яшар эди. Аммо, Туркия Сурияга қарши уруш бошлаш ниятини очиқча айтгач, 1998 йили Ожалан Россияга, кейин Италия орқали Марказий Африкага қочди. Аммо, Исроил ва АҚШ разведкалари уни ўлимга маҳкум қилмаслик шарти билан 1999 йилнинг бошида Туркияга ушлаб беришди. Туркия ўлимни бекор қилувчи қонун чиқарди ва Ожаланни умр бўйи қамоққа маҳкум қилди. Шундан бери у Мармара денгизидаги Имрали оралида қамоқда ўтиради ва феълан ўша ердан ўз партиясининг қуролли ҳаракатини бошқаради. Туркия бунинг олдини олмагани ёки ололмагани тушуниб бўлмайдиган нарса, аммо факт.

Шу кунларда Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон курдларнинг қуролли урушини тўхтатиш масаласи бўйича Абдулла Ожалан билан расмий алоқалар бошланганини эълон қилди. Агар бу жиддий қадам бўлса, Туркия ҳукумати курдларнинг ўз мустақил ёки ҳозирча Туркия ичида автоном давлат яратиш йўлидаги талабларини қисман бўлса ҳам тан олишга қарор қилганининг кўрсатгичи бўларди.

Демак, Туркияда янги давр бошландими? Бутун Яқин Шарқнинг суратини ўзгартириши мумкин бўлган воқеага доир бу саволга аниқ жавоб бериш нафақат қийин, балки, ҳозирча мумкин ҳам эмас. Буни келажак кўрсатади.

Аммо, ҳозир Туркияда ҳокимиятда бўлган исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси амалда Араб Дунёси билан яқинроқ бўлиш сиёсатини олиб бораётгани аниқ. Демак, Туркия учун Турк Дунёси тушунчаси иккинчи ўринга ўтадими?

Туркиянинг курдларга нисбатан сиёсатининг ўзгариши - унинг Араб Дунёси билан Турк Дунёси ўртасида жойини қидириш йўлидаги қадам бўлса, Туркияда бошланган янги давр Марказий Осиё давлатлари, биринчи навбатда, Турк дунёсида аҳолининг сони бўйича иккинчи ўринда бўлган Ўзбекистон учун ҳам муҳимлигини айтиш лозим.