31 December 2012
14:51 - Шовруқ Рўзимуродни ўлдирган ўзбек жаллодларига эслатма: Чилидаги воқеалар кўрсатмоқдаки, қотиллар 40 йилдан кейин ҳам жазоланади
40 йил аввал Чилида харбий хунта тарафидан ўлдрилган таниқли қўшиқчи ва шоир Виктор Харанинг иши бўйича, ўша йиллари армияда ва хуқуқни мухофаза қилиш идораларида ишлаган 8 офицер кеча суднинг қарори билан қамоққа олинди.

Виктор Хара 1973 йил 11 сентябрда Аугусто Пиночет бошчилигида уюштирилган давлат тўнтариши вақтида қамоққа олинган ва концлагерга айлантирилган Сантяго стадионида 4 кун даҳшатли қийноқларга солиниб, сўнгра отиб ташланган, унинг танасидан 44 ўқ топилгани ўша пайтдаёқ эътироф этилган эди.

Ҳа, Виктор Хара Коммунистик партия тарафдори бўлган, ўз қўшиқларида коммунистик ғояни мадҳ этган. Аммо, бу нарсалар 40 ёшли қўшиқчининг ваҳшийларча ўлдирилишига асос бўлолмасди.

Мана, сал кам 40 йилдан кейин адолат ғалаба қилмоқда. Бир неча йил аввал Сантяго стадионига Виктор Харанининг номи берилганди. Энди унинг қотили деб ҳисобланаётган 2 киши ва уларга ёрдамчилик қилишда айбланаётган 6 киши қамоққа олинди. Уларга жазо бериш суднинг вазифасидир. Муҳим бўлгани, 40 йилдан кейин бўлса ҳам, қотиллар жазога тортилаётгани.

Виктор Хара ҳеч қандай жазога лойиқ иш қилмаган, унинг ягона айби ўз фикрига эга бўлгани, ўз ғоясига содиқлиги эди, холос. Унинг қотиллари ахир бир кун жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини ўйлашмаган бўлса керак. Аммо, адолат 40 йилдан кейин бўлса ҳам ғалаба қозонмоқда.

Бу воқеа Ўзбекистондаги режимга хизмат қилаётган одамларга дарс бўлиши, уларни ўйлантириб қўйиши керак. Шубҳа йўқки, уларни ўйлантириб қўяди ва шубҳа йўқки, улар ҳам вақти келиб жазоларини оладилар. Жазо оладиганлар ичида “Бирлик” фаоли, Ўзбекнинг озодлиги учун курашда афсонавий қаҳрамонга айланган Шовруқ Рўзимуроднинг қотиллари ҳам албатта бўлади.


Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани Олақарға қишлоғида туғилиб, бутун умрини шу ерда ўтказган Шовруқ Рўзимурод Совет тузумининг охирги йиллари инглизларнинг Робин Гуди каби афсонавий қаҳрамонга айланган одам эди. У 1989 йилнинг охирларида “Бирлик”нинг Тошкентдаги қароргоҳига ўзи келиб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва келажаги учун курашаётганлар сафига ўз ихтиёри билан қўшилган, “Бирлик”нинг демократик принципларини қабул қилган. У “Бирлик” раҳбарларининг таклифи билан 1990 йилнинг март ойида бўладиган Ўзбекистон Олий Совети депутатлигига сайланиш учун кураш бошлаб, маҳаллий ҳукуматнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан, депутат бўлиб сайланган. У “Бирлик”дан сайланган ягона депутат эди.

Коммунистик партиянинг Қашқадарёдаги раҳбари бўлган Ислом Карим Шовруқ Рўзимуроднинг кимлигини шахсан билар эди. Ўзбекистон Олий Советининг 1990 йил март ойидаги илк сессиясида Ислом Карим президентликка сайланар экан, бунга қарши чиққан ва “Эй одамлар, бундай одамни президент қилиб бўлмайди, кейин пушаймон бўласиз!” деб ҳайқирган ягона депутат айнан Шовруқ Рўзимурод бўлган.

Ҳозир мухолифатчиликка даъво қилиб, чет элларда қочиб юрган депутатлар эса, якдиллик билан Ислом Каримга овоз беришган.

Ислом Карим Шовруқ Рўзмуродни кечирмаслиги маълум эди. 1991 йилнинг ўрталарида Москвада Михаил Горбачевга қарши бўлганларнинг позицияси мустаҳкамланабошлади. Демократларга қарши босим кучайди. Айнан ўша пайтда, Ислом Карим Эркин Воҳид каби депутаталарни ўз тарафига оғдириб олиб, Шовруқ Рўзимуродни қаматишга эришди. Кремлдаги Горбачевга қарши фитна мағлубиятга учрагач, Ислом Карим Шовруқ Рўзимуродни озод қилишга мажбур бўлди, аммо уни йўқ қилиш ниятидан воз кечмади.

Шовруқ ҳам Ўзбек миллатини мустақил диктатурадан озод қилиш йўлидаги курашини бир дақиқа ҳам тўхтатмади. “Бирлик”нинг ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг раҳабари сифатида иш олиб борди.

2001 йилнинг 15 июнида Шовруқ Рўзимуродни чўнтагига бир нечта патрон солиб қўйиб, ҳибсга олдилар, сўнгра уни Тошкенттга олиб келиб, Ички ишлар вазирлигининг ертўласига ташладилар. Уни озод қилиш учун халқаро кампания энди авжига чиқаётган кунларда, аниқроғи 7 июлда, унинг ўлгани ҳақида хабар келди. У гўёки ўзини-ўзи осгани эълон қилинган бўлса ҳам, ҳеч бир шубҳа йўқки, уни ваҳшийларча қийноқлар билан ўлдиришган.

Унинг ўлими юзасидан хеч қандай тергов ишлари олиб борилмади, уни ўлдирганлар ва ўлдириш хақида буйруқ берганлар хозиргача жазоланмади.

Шовруқ Рўзимуроднинг қотиллари бу ишнинг сири ҳеч қачон очилмайди, деган умид билан яшашмоқда. Аммо, Чилидаги воқеалар ҳам кўрсатмоқдаки, вақти келади, уни ўлдирганлар ва ўлдиришга буйруқ берганлар албатта топилади, улар жазоланади.

Ўзбекистонда хуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўлдирилга одам фақат Шовруқ Рўзимурод эмас, у кабилар кўп. Уларнинг жаллодлари “бизга буйруқ берилган, биз буйруқни бажарганмиз” деб қутилишга ҳаракат қилишлари ҳам аниқ. Аммо, аслида, улар қотилликларни погонларига битта юлдузча қўшиб олиш, мансаб поғонасида кўтарилиш учун қилганлар. Одамни ўлдиришга буйруқ беришга ҳеч кимнинг хақи йўқ! Буни улар яхши билишади. Шунинг учун бу ижрочи-жаллодлар ҳам кечирилмайди.

Улар “биз бу дунёдан кетиб олгунча, ҳозирги диктатаура оёқда туради”, деб умид қилишаётгани ҳам маълум. Аммо, улар билиши керакки, Ўзбек миллати ҳали қайтадан қаддини ростлайди. Миллатнинг улуғ фарзандларини йўқ қилганларнинг исмлари барибир аниқланади, улар бу дунёни тарк этиб бўлган бўлсалар, уларнинг ҳоки ҳам Ўзбекнинг муқаддас тупроқларида қолдирилмайди, ахлатхоналарга ёки ундан ҳам узоқроққа улоқтирилади.

Фақат шу йўл билан миллат ўз ичида хира пашшадек кўпайиб кетаётган хоинлардан қутилади, потенциал хоинларга дарс беради. Акс ҳолда, ҳеч қачон миллат бўлолмаймиз. Қирғиз фашистлари Ўзбекни тириклайин ёқаётганини тамоша қилиб ўтириб, миллат сифатини йўқотиб ҳам бўлдик, миллат хоинларини йўқ қилмасак, миллат деб аталиш ҳаққини тиклай олмаймиз ҳам.

Миллатнинг Шовруқ Рўзимурод каби буюк фарзандларини ўлдирганлар 40 йилдан кейин бўлса ҳам топилиб, жазога тортилади.

Шовруқ Рўзимурод Ўзбекнинг миллий қаҳрамони сифатида тарихимиз саҳифаларида абадий қолади.