Азиз дўстлар!
Ўзбекистон «Эрк» демократик партиясининг Ватанда ва хорижда истиқомат қилаётган аъзолари, эрксевар юртдошлар, мен сизларни партиянинг Марказий Кенгаши ва Бошқарув Ҳайъати номидан кириб келаётган янги йил байрами билан чин юракдан қутлайман.
Истардимки, бу йил сизлар учун барча эзгу орзу-ниятлар ушаладиган хайирли йил бўлса; Ўзбекистонда инсон қадри ва ҳақ ҳуқуқларини устивор этиш, жамият ҳаётига демократик муносабатларни олиб кириш йўлида йигирма икки йилдирки олиб бораётган курашингиз омадли ва қутли бўлса;
Кимлардир ўтиш даври тўс тўпалонидан фойдаланиб, бойлик орттириш мақсадида юртдошлари чўнтагига қўл солаётган, халқ мулкини талон-тарож этаётган; меҳнаткашларнинг қонуний ҳақ ҳуқуқларига тажовуз қилаётган бир пайтда сиз қўлдан келганча уларни ҳимоя қилишга, кўз ёшларини артиб, юпатишга уриндингиз, тасалли ва умид бердингиз.
Мен аминман: олийжаноб мақсад йўлида ташланган ҳеч бир қадам, амалга ошган ҳеч бир иш бесамар кетмайди. Зеро, инсоният барча жабҳаларда муттасил камолот йўлидан бормоқда. Шу жумладан ўзбек халқи ҳам. Бунга амин бўлиш учун тарихга бир қур назар ташлаб, давримиз билан солиштириб кўришнинг ўзи кифоя.
Бу азалий такомил йўлини четлаб ўтишнинг имкони йўқ. Даҳолик, пайғамбарлик, ҳатто, худолик даъвосини кўтариб, халқларни қирғин барот уришлар орқали ўз йўлига солишга уринган ғаюрлар ҳамиша бўлишган. Бироқ, бу уринишлар ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Ўша калтабинлар жорий этишга уринган йўриғлар тарих чиқиндилари орасида қолиб кетди.
Биз истибдод авжга минган бир даврда биринчи бўлиб миллий давлат озодлиги учун курашга киргандик.Қувғин ва қатоғонлар жабрини сиз билан биз тортганмиз. Ҳақиқат ва адолат курашининг завқи сурурини ҳам биринчи бўлиб биз тотганмиз.
Шукрким, Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришди. Энди курашнинг навбатдаги босқичи – қонунлар, инсон қадру қиммати устивор бўлган демократик жамиятга тартиб бериш босқичи бошланди.
Бу табиий ҳол. Мухолифатдаги сиёсий партиянинг Ҳаракат дастурида халқ манфаатларига зид бўлган муаммолар ечими акс этиб, амалиёт кун тартибида туриши шарт. Шу нуқтаи назардан «Эрк» халқ олдидаги ўз бурчига содиқ қолди. Ҳеч қандай таъқиб ва тазйиқлар бизни танлаган йўлимизда четлата олмади. кураш ҳали давом этмоқда.
Афсуски, шахснинг хусусий манфаатлари ҳамиша ҳам жамият ва партия манфаатларига мос келавермайди ва биз иккисидан бирини танлашга мажбур бўламиз.
Халқ ва Ватан олдидаги бурч ҳисси билан инсон нафси ўртасида кураш бошланади. Қаҳрамонлар ҳам хоинлар ҳам шундай ички курашларда туғилади.
Шахсан мен бурчларидан нафси ғолиб келган кимсаларни ҳақиқий хоинлар деб биламан. Ўзига ишониб топширилган халқ мулкини ўғирлаётган муттаҳамлар; ўз хизмат ваколатини суистемол қилиб, миллий тараққиётнинг оёғига болта ураётган порахўр амалдорларни оддий кишиларнинг инсоний ва фуқаролик ҳақ ҳуқуқлрини оёғости қилаётган золимларни; ғайриинсоний ғояларни дастак қилиб, ғаразли режаларини амалга ошириш мақсадида халқ орасига қутқу солаётган авантюристларни энг ашаддий хоин деб аташ керак.
Ёдингизда бўлса 2003 йилда бўлиб ўтган партия Қурултойида Отаназар бошлиқ бир гуруҳ эркчилар партия ичида тўнтариш ўтказишга уринган ва мағлубиятган учрагач, шармандаларча Қурултойни ташлаб чиқиб кетган эди. Ушбу гуруҳ шу пайтгача қандайдир бир “пленум” тузиб, партия номидан жангари лозунглар ва чақириқлар тарқатиб келди. Бу “пленум” кейинчалик “Нажот”, “Альянс” каби бақироқ номлар балан алмашди. Бироқ моҳият ўзгаргани йўқ. Чунки ортида қўллаб қувватловчи реал кучлар бўлмаса, баландпарвоз атамалар уч пулга қиммат.
Аслида битта гуруҳга нисбатан берилган ушбу қуруқ атамаларга ўзларича мустақил сиёсий ташкилот мақомини бериб, бутун дунё ўзбекларини бирлаштирувчи “Ўзбекистон халқ ҳаракати” – ЎХҲ тузиб олишди. Аммо, 0 + 0 = 0 ёки 1 Х 1 = 1. Амални қанча такрорламанг, натижа ўзгармайди.
Шу пайтгаяа тарқалиб турган хунук миш мишлар Отаназарнинг чиқишидан кейин ўз исботини топди. Солиҳ қолган қутган сиёсий капиталини тўплаб, ислом экстремистлари билан бирлашишга уринмоқда. Аслида бу музокоралар ҳали 90- йиллардаёқ бошланган бўлиб, шу пайтгача яширинча ўтказиб келинган эди. Бу ҳақда “Бирлик” партияси раиси Абдурахим Пўлат ўз вақтида жамоатчиликни огоҳлантирган эди.
Бироқ кўпчиллик сиёсий партияга раислик даъвосини қилиб юрган “демократ”нинг экстремизм кўчасига киришига ишонолмаганди. Умуман Солиҳни тушуниш мумкин. Сиёсий арбоб сифатида жамгарган бор капиталини бой бериб, банкрот ҳолига тушган шахс майдонда қолиш учун кимгадир суяниши керакку. У реал куч сифатида тахмин қилинаётган ислом экстремистлари унга суянчиқ взифасини ўтаб беришини мўлжал қилган.
Жиҳод уриши орқали қўлга киритилган давлат ҳокимияти қай тарзда бошқарилади деган саволга Отаназар такаббурлик билан “Кўрамиз, эҳтимол, экстремистлар билан бир битимга келиш имкони бўлар, балки демократик бошқарув усуллари билан шариат йўриғларини қўшиб олиб бориш мумкин бўлар” деб тахмин билдирган.
Гарчи бу бор-йўғи Отаназарнинг гапи бўлса-да кўпдан бери муаллақ турган бир саволга аниқлик киритади. Солиҳни на инсон ҳуқуқлари, на демократия, на фуқаролик жамияти қизиқтиради. Унинг мақсади қандай йўл билан бўлмасин, ҳокимиятни қўлга киритиш. У ушбу мақсадга эришиш учун курашнинг Афғонистон вариантини таклиф этмоқда. Ўзбек халқичи? У бу таклифга қандай қарайди? Афтидан ишнинг бу томони уни қизиқтирмайди.
Ҳали экстремистлар Солиҳни сиёсий партнёр сифатида қабул қиладими, йўқми, бу даргумон. 90-йиллардан бери бундай ҳамкорликка уриниш бир неча бор бўлган ва ҳар доим ким лидер бўлади деган масалани ечолмай тарқалиб кетишган.
Экстремистларнинг ушбу ҳамкорликдан кўзлаган мақсадини тахмин қилиш мумкин. Афтидан уларга халқ орасида нисбатан таниқли, беқарор интелегенцияни ортидан эргаштира оладиган, имкон қадар сиёсий кураш тажрибасига эга бўлган, аммо, гапдан чиқмайдиган “Бўйни бўш” ва тайинли принциплардан холи портрет керак.
Солиҳнинг мақсади эса аниқ: экстремистлар эндиликда ҳалқаро кўлам касб этган қурол савдоси, норкобизнес ва одам савдоси орқали тўпланган пуллар ёрдамида ўз мақсадига эришиш. “Мақсад восита танламайди”. Маҳаллийчилик туйғусига урғу бериб, минтақалараро урушлар ташкил этиш; миллатлар аро адоват қўзғаб, хунрезликлар уюштириш; бойлар ва амалдорлар мулкини бўлиб беришни ваъда қилиб, оддий халқни туғёнга келтириш; энг асосийси эса, аламзада диндорларни кўтариб, мазҳаб йўлида оммовий жиҳодга бошлаш. Қисқаси, Афғонистон варианти.
Яхшиям, булар бари агар... ва агар..лар ортидадан муралаб турган хом хаёллардан бошқа нарса эмас. Яхшиям, ўзбек халқи барча замонларда миллий давлатчилик ананаларига эга бўлган, уруш ва тинчликнинг фарқини аниқ тасаввур қила оладиган онгли ва маданиятли халқлардан биридир.
Азиз дўстлар «Эрк» ўз номи ўзи билан демократик партиядир. Шак шубҳасиз партиямиз бошқа барча сиёсий партиялар каби ҳокимият учун кураш олиб боради. Унинг қатъий амал қиладиган ўз Низоми, умумхалқ манфаатидан келиб чиққан ғоялари ва ушбу олийжаноб ғояларни амалга ошириш режалари, кураш тактикалари акс этган Ҳаракат Дастури бор.
Биз сиёсий курашда ушбу Бош ҳужжатлар талабига қатъий риоя қилган ҳолда, демократик принципларда собит туриб, сиёсий фаолият олиб борамиз. Ким бўлишидан қатъий назар, партияни, халқни курашнинг терроризм ва экстремизм каби мудҳиш йўлларига чақирар экан, у шак шубҳасиз, «Эрк»дан эмас ва ўзбеклардан ҳам эмасдир.
Биз «Эрк» партияси номидан содир этилаётган умумхалқ манфаатига зид, партияга иснод келтирувчи бундай ҳатти ҳаракатларни қатъиян қоралаймиз ва рад этамиз.
Мен бу гапларни партиянинг ҳаракатдаги Марказий комитети ва Бошқарув ҳайъати номидан ёзаяпман.
Қадрли биродарлар, яна бир бор кириб келаётган янги йилингиз қутлуғ бўлсин.
«Эрк» демократик партияси раиси Самад Мурод
28 декабрь 2012 йил