20 December 2012
02:54 - Барак Обама 5 йилда иккинчи марта “Йилнинг Одами” бўлди
Time журнали 1927 йилдан бери “Йилнинг одами”ни танлаб, унинг расмини журналнинг муқовасида эълон қилади. Аслида, “Йилнинг одами” одам бўлиши ҳам шарт эмас, бундай унвон маълум бир гуруҳга, биронта предметга, ёки жорийдаги йилда кўпчликнинг эътиборини ўзига тортган ҳар нарсага берилиши мумкин.

Барак Обама 2008 йили АҚШ биринчи марта президент бўлиб сайланган қора танли сифатида бу унвонни олган эди. У бу йил “янги Американинг архитектори” сифатида Time журналининг муқовасига иккинчи марта қўйиладиган бўлибди.

Бу унвонга лойиқ шахс ёки нарса журналнинг Таҳририяти тарафидан белгиланади. Аммо, бу унвонга номзод қидирилаётганда журналнинг ҳамма ўқувчилари Интернет воситасида қанашишлари мумкин. Уларнинг фикри ҳисобга олинади, аммо охирги қарорни Таҳририят беради. Хабарларда айтилишича, шу пайтгача бир марта ҳам Таҳририят ўқувчилар таклифини қабул қилмаган экан. Масалан, бу йил ўқувчилар Шимолий Кореянинг диктатори Ким Чен Инни танлашибди.

Йил сўнгида турли соҳаларда рейтинглар тузиб, биринчи ўрин олганларга унвонлар бериш Ғарбга теккан касал. Аммо, бу рейтинглар келажак нуқтаи назаридан фойдали бўлишини кўрсатадиган мисоллар йўқ. Масалан, америкаликлар ўзлари сайлаган Барак Обамага унинг аввал қилган ишларига қараб эмас, бугун қилаётган ва эртага қиладиган ишларига қараб баҳо беришади.

Бошқа бир мисол. Халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар Ислом Каримни йиллардан бери жаҳоннинг 10 та энг ёмон диктаторлари рўйхатига киритишади. Ўзбекистоннинг диктатори бу “унвон”дан қутилиш учун биронта иш қилганини кўрмадик. Уни мажбур қиладиган ягона куч – халқдир.