27 November 2012
04:15 - Хабарчиликда саводсизлик: Ўзбек журналистикасининг саратон ҳолига келган касаллиги - “Даракчи” ва “Озодлик”
Хабарчилик – биронта воқеанинг бўлганини билдиришгина эмас. Хабар – воқеа бўлганини билдиришдан ташқари, уни қисқа бўлса ҳам таҳлил қилиш, шу хабар атрофида пайда бўлган ёки бўладиган, аммо ҳамма ҳам кўравермайдиган саволларга жавоб қидириш ҳамдир.

Ўзбекистонда сариқ матбуотнинг намунаси деса бўладиган “Даракчи” газетаси шу йил 22 ноябрь сонида Америкада фирибгарлик жиноятида айбланиб уч йил қамоқда ўтирган ўзбекистонлик Илҳом Фозиловнинг иддаоларига жой берибди. Майли берсин, ҳаққи бор. Аммо, ҳар бир мавзуни одамга ўхшаб, журналистга ўхшаб ёритиш керак-да.

Нимамиш, АҚШ ҳукумати турмада сақланаётган ҳар бир маҳбус учун кунига 140 АҚШ долларидан (бу Ўзбекистонда ўртача маошдан ҳам кўп пул - Ҳаракат) маблағ ажратгани туфайли, бундай “ўлжа”дан фойдаланиш ниятида АҚШ муҳожирот хизмати ходимлари, федерал судялар ва прокурорлар атайлаб, турли йўллар билан маҳбуснинг узоқроқ вақт қамоқда ушлаб туришга ҳаракат қилишармиш.

Ҳар қандай инсон ҳар қандай нарсани иддао қилишга ҳаққи бор. Аммо, унинг қўлида ўз иддаоси қуруқ тухмат эмаслигини кўрсатадиган фактлар бўлмаса ҳам, энг камида, қандайдир жиддий аргументлар бўлиши керак. Иддаочи билан суҳбат қилаётган ҳар қандай журналист бу хусусда керакли саволларни ўртага қўйиши шарт.

Майли, “Даракчи” журналистининг ақли бундай нарсаларга етмас. Аммо, Илҳом Фозилов ўзидан анча ёши катта АҚШ фуқароси Жанет Андерсонга пул тўлаб, АҚШда қолиш учунгина у билан қоғозда турмиш қурганини айтиб турар экан, “Даракчи”нинг журналисти бундай нарса дунёнинг ҳамма жойида жиноят ҳисобланишини, оддий жиноятчининг бировга қарши алжирашларини матбуотда эълон қилиш ҳам жиноят эканлигини тушунмайдиган даражада саводсизми? Афтидан, айнан шундай.

Мана бошқа мисол. Қирғизистонда фаолият юритадиган Сa-news агентлиги “Озодлик” радиосига асосланиб, Ўзбекистон қуролли кучларида хизмат қилаётган капитан Алишер Қорабеев Ўзбекистон фуқароси бўлмагани сабабли армиядан чиқариб юборилиб, ишсиз қолганини хабар қилибди. Бу воқеа Алишер Қорабеевни ҳимоя қилиш, Ўзбекистонни қоралаш руҳида ёритилган. Бундай қилишга Сa-news агентлигининг ҳам, “Озодлик” радиосининг ҳам ҳаққи бор. Аммо, Ўзбекистон фуқароси бўлмаган одам Ўзбекистон қуролли кучларида хизмат қилишга қонуний ҳаққи борми, деган савол қўйилиши керак эди. Агарда, ҳаққи бўлса, уни ҳайдаганлар айбдор. Агар ҳаққи бўлмаса, у қандай қилиб армияга кириб қолгани, қандай қилиб капитан даражасига чиққунча хизмат қилгани текширилиши керак.

Минг афсуски, Сa-news ва “Озодлик”нинг саводсиз журналистларини ақли бундай нарсаларга етмабди. Дарвоқе, Сa-news агентлигиниг Ўзбекистон бўйича мухбири Фарғонада яшайдиган Умида Маниёзова исмли аёлдир. Демак, бу касаллик ҳамма ўзбек журналистларига юққанми? Саратон безига айланганми?

Кўриб турибмизки, ўзбек журналистлари ким учун ишлашидан қатъий назар, “Даракчи” газетасигами, Сa-news агентлигигами, “Озодлик” радиосигами фарқи йўқ, саводсизликларини бекитолмайдилар. Саратон бези амалиёт йўли билан кесиб олиб, улоқтирилиши керак.