25 November 2012
17:27 - Россиялик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам "Ҳаракат" ва “Бирлик”нинг йўлига ўтдилар
Маълумки, жаҳоннинг жуда кўп мамлакатларидаги ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар, жумладан, Россиядагилар, Ғарбнинг грантлари ёрдамида фаолият олиб борадилар. Бугун молиявий ёрдамсиз ҳеч бир ташкилот ҳеч қандай фаолият олиб боролмайди. Буни яхши тушунган Россиянингхўжайин Владимир Путин ҳуқуқ ҳимоячиси ва умуман нодавлат/ноҳукумат ташкилотларни ёрдамсиз қолдириш мақсадида, Давлат Думасида янги қонун чиқартирди. 21 ноябрда кучга кирган қонунга кўра, чет элдан ёрдам олиб, сиёсий фаолият олиб бораётган ташкилотлар “чет эл агенти” сифатида рўйхатга олинишлари, ҳамма ҳужжжатларида “чет эл агенти” эканликларини кўрсатишлари керак. Ҳуқуқ ҳимоячилиги ҳам сиёсий фаолият сифатида баҳоланган. Табиий, бундай мақомдаги ташкилотларга оддий одамларнинг муносабати салбий бўлади, уларнинг обрўси тушади.

Россиянинг энг кўзга кўринган “Мемориал”, “Москва Хельсинки Гуруҳи”, “Инсон Ҳуқуқлари учун Ҳаракати” ва бошқалар “чет эл агенти” сифатида рўйхатдан ўтмасликларини эълон қилдилар. Бу ҳолда уларга қарши турли жазолар қўлланади. Масалан, ташкилотнинг фаолиятини 2 ойга тўхтатиб қўйиш, 300 минг рублгача жарима, 480 соат мажбуриш иш жалб қилииш, 2 йилгача аҳлоқни тузатиш ишларига мажбурлаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш. Табиий, бу ҳолда бундай ташкилотлар феълан фаолият олиб боролмайдилар.

Юзага келган янги шароитда Россия ҳуқуқ ҳимоячилари илк марта мамлакат ичидан молиявий ёрдам олиш йўлларини излай бошладилар. Олдин ҳам ичкаридан ёрдам олса бўларди ва юқорида номи тилга олинган ташкилотлар Росиия Президентининг Фондидан грант олишарди. Аммо, бу грантларнинг миқдори жуда оз бўлган. Ҳозир Россия ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан,  “Москва Хельсинки Гуруҳи” раҳбари Людмила Алексеева (расмда) халққа мурожаат қилиб, ҳаммани молиявий ёрдам беришга, ўзларига ҳомийлик қилишга чақирмоқдалар.

“Бирлик” Партияси ахир бир кун шундай бўлишини аввалдан тушуниб етиб, ўзбек демократларининг сиёсий ва ҳуқуқ ҳимоячилиги соҳасидаги фаолиятларини молиявий қўллаб-қувватлашга чет элда ишлаётган ўзбекистонликларни тортиш йўналишида йиллардан бери иш олиб бормоқда.

Сайтимиздаги хабарлардан маълумки, ҳайрия пулларини йиғиш учун Интернет ва мобиль телефонлар орқали ишлайдиган халқаро системалардан фойдаланиш ҳам йўлга қўйилган. Бу осон иш эмас, чунки ўзбек миллати ҳали бундай нарсаларни тушунмайдиган даражада ибтидоий. Амма, начора, мақсадлардан бири – айнан ўзбекларни ибтидоийликдан чиқариш-ку.

Россия демократлари бунга мажбур қилинганларидан кейин спонсорлик/ҳайриячилик соҳаси устидан иш бошлашди, “Бирлик” буни ўз вақтида ҳаммадан олдин тушунгани учун ҳаммадан олдин иш бошлаганди. Эртами-кеч бундай фаолиятнинг самараси кўзга кўринадиган даражага чиқади.

Вақтдан фойдаланиб, ҳамма ўқувчиларимизни сайтимизнинг “Юзга юз минг кампанияси” бўлимида кўрсатилган усуллар билан Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш, миллат сифатини ҳам йўқотиб бораётган ўзбекларни қайтдан миллат қилиш йўлида олиб борилаётган курашни молиявий қўллаб-қувватлашга чақирамиз.