14 November 2012
19:07 - “Асака” Банки чиқарган депозит сертификатларини ким олади?
Ўзини бизнес соҳаси бўича Ўзбекистоннинг энг катта Интернет майдони деб тақдим этадиган UzReport агентлигининг хабарига кўра, Очиқ Акционерлик Жамияти мақомидаги “Асака” Банки умумий қиймати 20 млрд сўм (расмий курс бўйича 10 млн доллар атрофида) бўлган депозит сертификатларини муомалага чиқарибди. 370 кунлик айланма муддат билан депозит сертификатига пул қўйган юридик шахс 6 фоиз, 728 кунга 7 фоиз ва 1092 кунга 8 фоиз миқдорда фойда/даромад олади.

Cоддароқ ва тушунарлироқ қилиб айтсак, бу банкка 1-3 йил муддатга пул қўйиб, унга ҳеч тегмаган ҳуқуқий шахс 6-8 фоиз фойда олади.

Гап шундаки, дунёнинг ҳеч бир ахборот воситаси бу каби хабарни кичик бўлса ҳам комментарийсиз эълон қилмайди. Аммо Ўзбекистоннинг масхарабоз агентликлари бундай нарсани билишмайди ҳам.

Бизнинг комментарийимиз эса қуйидаги савол атрофида бўлади. Ўзбекистонда ҳатто ҳеч ким ишонмайдиган расмий маълумотларга кўра, инфляция даражаси 8-9 фоиз экан, ким “Асака” Банкининг сертификталарини олади?

Дунёнинг банкчилик масалалари билан шуғулланадиган таниқли аналитик марказлари Халқаро Валюта Фондига асосланиб, Ўзбекистонда ҳақиқий инфляция икки рақамли сонлар билан ўлчаниши, у ҳатто 30-40 фоиз атрофида эканлигини ёзишмоқда. Истаган одам Google системасига кириб “Ўзбекистонда инфляция” сўзлари бўйича русча ёки инглизча қидирув қилса, ҳамма ерда айнан шу фоизлар ҳақида гапирилаётганини кўради.

Ёки “Асака” Банки раҳабрларига кўра, Ўзбекистондаги юридик шакслар шунчалик аҳмоқки, улар инфляция нима эканлигини ҳам билмасдан, бу банкнинг депозит сертификатларини сотиб олаверишадими?

Ҳа, дарвоқе, UzReport агентлигида ҳам бирон нарсани ўйлайдиганлар борми ўзи?

Табиий, бундай саволларга жавоб “Асака” Банкининг расмий сайтида ҳам ҳам йўқ. Банкнинг матбуот хизмати: Рахматулла Юлдашев, телефонлар: 120-86-95, 120-81-11, факс: 120-86-95, E-mail: contact@asakabank.com

Банк раҳбарлари уларни қора пиарли бўлса ҳам реклама қилаётганимиз учун сайтимизнинг Donate системаси орқали бизга ҳайрия пули ўтказадилар деб ишонамиз.