24 February 2008
04:00 -
18:30 - Турк давлатлари парламентлараро кенгашининг йиғилиши бўлмаган 18:00 - Христианларга муносабат ёмон бўлган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор 16:00 - Бугун Куба ўзига янги лидер танлаб, эски йўлини давом эттиради
18:30 - Турк давлатлари парламентлараро кенгашининг йиғилиши бўлмаган

21 февралдаги хабаримизда Туркиянинг Анталия шаҳрида Турк давлатлари парламентлараро кенгашининг биринчи мажлиси бўлишини билдиргандик. Шахсий манбалардан олинган маълумотларга қараганда, бундай йиғилиш ҳали бўлмаган. 21-22 февраль кунлари Анталияда Турк давлатлари парламентларининг вакиллари учрашиб, Парламентлараро кенгашнинг яратилиши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган, холос. Бу хусусда бошқа расмий маълумотлар ҳали тарқатилмади.

18:00 - Христианларга муносабат ёмон бўлган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор

Сайтимизга “Эрк” партиясининг ҳозир Украинада яшаётган фаоли Бахтиёржон Тўйчиевдан бир хабар келди. Украинадаги otpusk.com сайти тарафидан Open Doors ташкиллотининг маълумотларига аслосланиб тарқатилган бу хабарга кўра, дунёда христианларга (насронийларга) энг ёмон муносабат Шимолий Кореяда кўрсатилар экан. Иккинчи ўринда – Саудия Арабистони, учинчи ўринда – Эрон. Бу рўйхатнинг биринчи ўнлигида яна қуйидаги давлатлар бор: Мальдива, Бутан, Йемен, Афғонистан, Лаос, Ўзбекистан, Хитой.

Табиий, алоҳида урғулаш керакки, масалан, Ўзбекистонда ҳамма динларга муносабат яхши эмас. Ҳатто, мамлакатнинг асосий дини бўлмиш Ислом ҳам катта босим остида, ҳукуматнинг сиёсатига қарши бўлган оддий мусулмонларга қарши жисмоний йўқ қилиш сиёсати очиқча ишлатилади.

Бахтиёржон Тўйчиев авваллари ҳам сайтимизга бир қатор мактублар йўллаб, ўзи насронийликни қабул қилганини билиб қолган “Эрк” раҳбарияти уни партиянинг Украина бўлими раислигидан олиб ташлаганини билдирган ва ўз раҳбариятини исломий экстремизмда айблаганди.

16:00 - Бугун Куба ўзига янги лидер танлаб, эски йўлини давом эттиради

Бугун Кубанинг парламенти бўлмиш 614 кишилик Миллий Ассамблея мамлакатнинг янги лидерини, яъни Давлат Кенгаши раисини тайинлайди. Бу зарурат 81 ёшли Фидель Кастро ярим асрлик яккаҳокимликдан сўнг ўз лавозимидан воз кечиши натижасида туғилди.

Кастронинг вориси унинг 76 ёшли укаси Рауль Кастро бўлиши кутилмоқда. У 2006 йилнинг июлидан бошлаб жиддий амалиётдан кейин соғлигини йўқотган акасининг вазифасини бажариб турарди. Дунё оммавий ахборот воситаларида бу лавозимга 56 ёшли вице-президент Карлос Лахе ва 42 ёшли Ташқи ишлар вазири Фелипе Пересе Рокелар ҳам тайинланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Ўтган сал кам 2 йил ичида жамоаатчилик олдида кўринмаган Фидель ўз ворисининг номини эълон қилмади. Аммо, у ворисни танлаб бўлгани ва у танлаган ворис Кубунинг янги лидери, тўғрироғи янги диктатори бўлишига ҳеч шубҳа йўқ.

Миллий Ассамблея бугун Давлат Кенгаши таркибини ҳам сайлайди. Куба конститутциясига мувофиқ, Давлат Кенгаши олий ижроия органидир. Унинг раиси давлат ва ҳукумат бошлиғи ҳисобланади, қуролли кучларнинг олий қўмондонлиги ҳам унинг зиммасида бўлади.

Рауль Кастро лидерликка сайланса мамлакатда муҳим иқтисодий ва ҳатто сиёсий ислохотлар қилишга ваъда берган. Уни қуллаб-қувватлашини очиқча гапираётган Венесуэла президенти Уго Чавес сайлов олдидан Кубага миллион баррел арзон нефть хадя қилган.

1959 йилдан буён Кубада сақланиб келаётган диктаторлик режими ўзбек мухолифати учун ҳам сабоқ бўлиши керак.Тушуниш керакки, агар халқаро санкциялар натижасида диктаторлик режими ағдариладиган бўлса, у аллқачон Кубада қулаган бўлар эди. Шунинг учун, дунёнинг санкциялари таъсирида Ўзбекистонда бирон нарса ўзгаришини бефойда кутиб ўтирмасдан, ҳукуматни ўз фикри билан ҳисоблашишга мажбур қилоладиган кучли мухолифат яратиш лозим.

Мавжуд мухолиф гуруҳларни амалий фаолият кўрсатишга тайёр бўлган “Бирлик” Партияси атрофида бирлаштириш – кучли мухолифат яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб қолмоқда. Мухолифат демократик дунёнинг ёрдамидан фойдаланиши кераклиги эса, алоҳида муҳокама қилинадиган масаладир.