08 November 2012
17:48 - Бўрон чўктиролмаган Нью-Йорк фондлар бозорини Барак Обама чўктирди, аммо ҳаммадан ўзбекларга қийин бўлади
Сэнди бўрони Нью-Йорк фондлар бозорини икки кун ёпилишига эришган бўлса ҳам, бироз тушиш чиқишларни ҳисобга олмасак, бозорнинг асосий кўрсатгичи Dow Jones индекси ўтган ҳафта бор-йўғи 11 поғона пастга тушганди, холос.

Жорийдаги ҳафтанинг икки куни Dow Jones бироз ортди ҳам. Аммо ўтган кунги президент сайлови кейин, Барак Обама янги муддатга президент курсисида қолиши маълум бўлгач, кеча Dow Jones индекси 313 поғонага ўпирилди ва август ойидан бери биринчи марта 13 мингдан пастга тушди. Энди унинг қиймати 12933 га тенг.

Фондлар бозорининг экспертлари бунинг сабаби сифатида, назокатлик билан, АҚШ иқтисодини олдинда кутаётган “сувости қоялар” ва еврозонада кризис битмаётганини кўрсатишмоқда. Аслида, ҳеч қандай кутилмаган сувости қоялари йўқ. Чунки, Барак Обаманинг мақсади - кризисдан тезроқ чиқиш ва давлат бюджетидаги камчилик ҳамда АҚШнинг йиллик Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмига тенг келадиган давлат қарзини камайтириш учун катта бойларга солиқни кўпайтириш эканлиги аввалдан маълум эди.

Кўринишидан, айнан катта бойлар, яъни инвесторлар учун, Барак Обаманинг ғалабаси кутилмаган ҳол бўлди. Улар Митт Ромнинининг сайловолди кампаниясини молиявий қўллаб-қувватлаб, солиқнинг ортишидан қутулишларига ишонганлар. Аммо, ўрта синф ва даромади кўп бўлмаганлар Барак Обамага овоз бердилар. Барак Обаманинг ўзлари учун кутимлаган ғалабаси бойлар-инвесторларнинг паникасига йўл очди, натижада, кеча Dow Jones индекси ўпирилиб тушди.

Бироқ осмон узилиб ерга тушмайди. Американинг демократик системаси ишини давом эттираверади. Бойлар-инвесторлар кўпчиликнинг қарорига кўникишга, тўғрироғи, бўйсунишга мажбурлар.

Барак Обамани сўлчилик, яъни социал-демократлик йўналишда кетаётганликда айбловчилар ҳам бор. Америкаликлар эса, сўлчиликдан, унинг охир-оқибати коммунизм эканлигидан кўр-кўрона жуда қўрқишади. Лекин глобал масалаларда бироз сўлга, бироз ўнгга бурилиш фожеа эмас. Ҳозирги сўлга бурилиш катта ижобий натижаларга олиб келмаса, ёки қайсибир босқичда бу йўналишнинг самарадорлиги йўқолса, кейинги сайловда ўнгга бурилишни таклиф қиладиган бойлар-инвесторларнинг президентликка номзоди ғалаба қозонади. Тамом-вассалом.

Биз ўзбеклар учун ҳамма муаммо шу ердаки, бундай нарсаларни тушуниб етишимизга ҳали кўп вақт керак. Ислом Карим раҳбарлигидаги саводсиз мавжуд ҳукуматни қўйиб туринг, ҳатто мухолифатчиликка даъво қилаётганларнинг бир қисми, Ўзбекистонда ошкоралик ва эркин матбуот бўлмагани сабабли ижтимоий фикрни ривожлантириш йўлида ижобий роль ўйнай олиши мумкин бўлган чет эллардаги ўзбек радиоларининг хизматчилари учун ҳам.

“Бирлик” лидерлари Абдураҳим Пўлат ва Пўлат Охуннинг сўнги ойларда эълон қилинган мақолаларида сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларнинг келажак стратегиялари белгилаб берилган. Улар бажарилсагина, Ўзбекистон келажакка қараб аввал сиёсий, кейин иқтисодий йўналишда буюк ҳамлалар қилолади. Сиёсий муҳит ўзгармагунча, иқтисодда ҳеч қандай олға кетиш бўлмайди. Чунки, иқтисоднинг оёғидаги кишан - бугунги сиёсий муҳитдир.