01 November 2012
21:43 - Ўзбек хабарчиларига дарс: Ҳамма нарсани, хусусан, миллий авиакомпаниямизнинг ишини тўғри ёритишни ўрганинг, террор таҳдиди остидаги йўловчиларнинг хавфсизлигини ҳам ўйланг
Яқинда Olam.uz Интернет нашрининг саводсизларча тайёрланган хабарини танқид қилгандик, улар дарҳол хабарни олиб ташлашибди. Танқидга эътибор учун раҳмат, аммо хатоларни тузатиш йўлида амалий ишлар қилинса, ундан ҳам яхши бўларди. Ҳозирги танқидимизни ҳам шу маънода тушуниш керак.

Ўзбекистоннинг сал кам ҳамма ахборот воситалари “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг Кенгаши шу йилнинг 9 ойидаги (январь-сентябрь) ишлар натижасини эълон қилганини хабар қилишибди. Қисқа хабарга кўра, бу давра авиакомпания 1 млн 962 минг йўловчи ташибди. Бу - ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 фоизга кўп. Умумий рейсларнинг сони – 18517, ўтган йилга нисбатан ўсиш 457. Рейслар сони узоқ ҳорижга 6,5 фоизга, МДҲ мамлакатларига 17,1 фоизга, маҳаллий йўналишларда 16,4 фоизга ортибди. Пули тўланган юкларнинг оғирлиги – 17,1 минг тонна.

Дунёнинг ҳеч бир ахборот воситаси, ўзбеклардан фарқли ўлароқ, фақат шу рақамларни эълон қилиш билан чекланмайди, бази анализ ва таҳлиллар қилади.

Масалан шу хабар бўйича, “Ҳаракат” агентлиги қуйидаги нарсаларни ёзган бўларди ва ёзмоқда,

1. Нима учун бу маълумотлар “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” сайтининг фақат русча саҳифасида тарқатилди? Президентимиз Ислом Каримнинг давлат тили рус тили бўлгани учунми, ёки ўзбекларга ҳурматсизлик кўрсатиш учунми?

2. Бугуги техник имкониятлар билан 9 ойлик ишнинг натижаларини бир неча соатда, боринг, бир неча кунда умумлаштирса бўларди. “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг Кенгаши 1 ой нимани кутди? Йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг аҳволи ҳам шунақа ғариб аҳволда эмасми?

3. Йўловчилар сонининг ошиш сабаблари нимада? Бутун дунёда ҳамма авиакомпанияларда аҳвол шундайми, ёки фақат Ўзбекистонда? Агар ҳаммада шундай бўлса, бу маълумотлар хабарга ҳам арзимайди. Чунки, бу каби ўсишлар - нсониятининг ривожланиш йўлидаги оддий бир жараёндир. Иқтисодий кўрсатгичлар бўйича Ўзбекистон кун сайин қашшоқлашиб бормоқда, шундай экан, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”дан ким фойдаланмоқда, чет элларга мардикорликка кетаётганларми? Бу саволларга жавоб йўқ.

4. “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг сайтидан юқоридаги маълумотларни олганлар ўша ерда жуда ҳам қизиқ бошқа бир хабар борлигига нега эътибор беришмади? Хабарга кўра, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” МХХ билан биргаликда ўз ходимларига мамлакатимзда исломий экстремизмнинг таҳдидлари ҳақида маъруза ташкил қилибди. Агар, исломий террориризм учоқларимизга ҳам ҳужум уюшириш арафасига келиб қолган бўлса, албатта, “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” бу масалага эътибор бериши мантиқлидир. Аммо, у ҳолда, хабарчилар ҳам бу масалага эътибор беришлари ва йўловчиларни огоҳлантиришлари керак-ку. Бизга “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”нинг олаётган фойдаси муҳимми, ўзбекларнинг жоними?