30 October 2012
22:39 - Сенсация: Туркия Бош вазирининг хотини биринчи марта расмий маросимга келди. Исломни нима кутмоқда?
Туркияда Отатурк замонида қабул қилинган қонунларга кўра, расмий жойларга диний кийимларда, хусусан, ҳижоб билан бориш мумкин эмас. Туркияда 29 октябрь – Жумҳурият куни. Ҳар йили 29 октябрь куни кечга яқин мамлакат президенти расмий қабул маросими ўтказади. У ерга одатда юксак даражали давлат одамлари, ҳарбийлар, таниқли олим, санъатчи, спортчи ва шу каби одамлар чақирилади. Бир ўзлари эмас, турмуш ўртоқлари билан таклиф қилинади.

Бу асрнинг бошланишигача, бундай маросимга чақириладиганларнинг сал кам ҳаммасининг аёллари ҳижобга ўралмайдиганлар бўлган. Ўтган асрнинг охирларида, Туркия Европа страндартларига яқин демократия йўлидан кетишга бошлагач, шароит ўзгарабошлади. Ҳижобга нисбатан аввалги тоқатсизлиқ камайди. Ўша ўзгаришлар натижасида, бу асрнинг бошида ҳокимиятга исломий илдизли Адолат ва Тараққиёт Партияси келди. Бош вазир лавозимига бу партиянинг лидери Ражаб Эрдўғон ўтирди. Яна бир неча йидан кейин Президент ҳам шу партиядан бўлди.

Бу йилгача Ражаб Эрдўғон Жумҳурият куни маросимига хотини Амина Эрдўғон билан келмасди. Чунки, унинг бошида ҳижоб бор.

Кеча Ражаб ва Амина Эрдўғон жуфти илк марта Жумҳурият куни маросимига бирга келишди. Авваллари бундай маросимларга биронта аёл ҳижоб билан келиб қолса, ҳарбийлар намойишкорона тадбирни ташлаб кетишар экан. Тўғри, турмуш ўртоғи ҳижобли бўлган Абдуллоҳ Гул Президент бўлгандан кейин, улар бу одатни ташлашибди. Кеча ҳам шундай бўлган. Бу ҳам тўғри, чунки, ҳақиқий демократия тоқатлилик талаб қилади

Расмдаги Бош вазир Ражаб Эрдўғон ва Президент Абдуллоҳ Гулнинг мамнунлиги байрам туфайли эмас, Амина Эрдўғоннинг бу маросимга келиши, энди бу йиғилишда ҳижобли аёлларинг сони икки баравар ортгани туфайлидир.

Бир турк зиёлисининг сайтимизда аввал ҳам келтирилган сўзларини эслатишдан фойда бор: “Одамлар Марсга бориш учун тайёргарлик кўришмоқда, биз эса ҳали ҳам ҳижоб билан оворамиз”. Мусулмон дунёсининг ҳаммадан орқада қолиб кетишининг сабаби ҳам шунда – кўз билан кўриб бўлмайдиган, қўл билан ушлаб бўлмайдиган “иймон” тушунчасини иккинчи қаторга қўйиб, Исломнинг кўз билан кўрса бўладиган фарз ва қарзлари билан оворамиз. Мана ҳозир давлат сиёсати даражасига кўтарилган ҳижоб билан оворамиз.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу ғалабанинг кейинги қадами ҳам бўлади. Эркакалар бор жойга аёллар келтирилмайди. Ҳижоблими, ҳижобсизми, фарқи йўқ. Ислом шуни талаб қиладими, демак, уни бажаришимиз шарт.

Кейин эркаклар ёппасига соқол қўядилар. Чунки, пайғамбаримиз (с.а.с ёки с.а.в.) шундай қилганлар. Кейин кофирлар ўйлаб топган компютерлар ва автомобилларни улоқтириб, туяда юришга ўтамиз. Чунки, пайғамбаримиз (с.а.с.) шундай юрганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларини ва қилганларини қилиш суннат эмасми?

Ундан кейин нима бўлади, дейсизми? Нима бўларди, бу дунёда яна ҳаммага қул бўламиз. Аммо, нариги дунёда жойимиз жаннатда бўлади. Балки. Чунки, Оллоҳ жаннатга жойни ақлга қараб ҳам бериши мумкин, фақат ҳижоб ва соқолга эмас. Қолаверса, бу ҳақда “сўнги қарорни ўзим бераман” маъносидаги оят ҳам бор.