30 October 2012
15:19 - Осмонўпар бинолар билан тўла Манхеттен қоронғуликда, аммо ҳеч қаерда ваҳима йўқ

Атлантик океанидан АҚШнинг шарқий қирғоқларига кеча кечқурун етиб келган ва Сэнди номи берилган бўрон натижасида Нью-Йоркнинг машҳур Манхеттени қоронғулик ичида қолди. Қирғоққа бир неча метрли тўлқинлар урилиши натижасида жуда кўп маҳалларнинг кўчалари сув остида, аммо бузилган ёки сув остида қолган уйлар борлиги гапирилаётгани хақида хабар тополмайсиз.

10-13 киши ҳалок бўлгани, тез ёрдам хизматига ўн минглаб қўнғироқлар бўлгани ҳақидаги хабарларга қарамасдан, на Нью-Йоркда на атрофда ваҳима йўқ. Ҳамма олдинидан нима бўлишини биларди. Ҳамма ҳамма нарсага тайёр эди. Метронинг бир қисмини сув босган, аммо бутун метро системасининг ҳаракати кечаёқ тўхтатилган эди.

Ҳозир бу ерда ярим кеча. Нью-Йорк ва унинг яқин атрофида 5 миллиондан ортиқ киши электрсиз қолган бўлса ҳам, ҳамма телеканаллар ҳар доимгидек кўнгилочар программалар билан тўла. Вақти-вақти билан шаҳар кўчаларида бўлаётган воқеаларни ҳам кўрсатиб қўйишади.

 

Табиий, моддий зарар унча-мунча давлатни чўктирадиган даражада катта бўлади. Аммо АҚШдек давлат учун сезиларли бўлолмайди.


Нью-Йорк фондлар биржаси 2001 йилдаги террористик ҳужумлардан кейин 4 кун ишлмаганини ҳисобга олмаса, сўнги юз йилда биринчи марта 2 кунлик танаффус қилишини эълон қилди. Яъни, душанба куни ишлмаган биржа сешанба куни ҳам ишламайди.