13 February 2008
04:00 -
23:30 - Пўлат Охун паспорт олиш учун курашини давом эттирмоқда 18:00 - Туркияда навбатдаги инқирозми ёки ҳижоб масаласида адолатнинг ғалабаси?
23:30 - Пўлат Охун паспорт олиш учун курашини давом эттирмоқда

“Бирлик” Партияси раисининг ўринбосари Пўлат Охун тахминан бир йилдан бери паспортинии алмаштиришни пайсалга солиб келаётган маъсуллардан бири – Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-кириш ва фуқаролик бошқармаси бошлиғи Б. Шорихсиевга шу йил 7 февралда хат йўллаб, ўз паспорти масаласи бўйича ҳамма ҳужжатлар топширилганига қарамасдан паспорт берилмаётгани сабабли бу одамни судга беришини билдирди.

Пўлат Охун бугун ИИВнинг Қонунлар бажарилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғига ҳамда Олий Мажлис Омбудсманининг Андижон вилояти бўйича вакили М.А. Хўжамбердиевга мурожаат қилиб, тегишли органлардан ўз паспорти масаласини тезда ҳал қилишни талаб этишни сўради. Эслатиб ўтамиз, Пўлат Охун М.А. Хўжамбердиевга аввал ҳам мурожаат қилиб, ундан 2007 йил 6 августда 02/51 сонли жавоб ҳам олган эди. Бу жавоб Ички ишлар вазирлиги маъсулларининг гапларини такрорлаган эди, холос.

Швеция Ташқи ишлар вазирлигидан яна бир марта Пўлат Охуннинг бу мамлакат фуқароси эмаслиги хусусида келган ҳужжатлар ҳисобга олиниб, паспорт масаласи тезда ҳал этилиши керак, дейди бу масалани ўрганиб бораётган мухбиримиз. Аммо, айни пайтда шуни ҳам эътироф этиш керакки, давлат ишларини масхарабозликка айлантириб юборган Ўзбекистон расмийлардан ҳар нарса кутиш мумкин.

18:00 - Туркияда навбатдаги инқирозми ёки ҳижоб масаласида адолатнинг ғалабаси?

Ўтган шанба куни Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси ташқи кўринишида ортиқча эътиборга лойиқ бўлмаган Конституцион ўзгаришлар қабул қилди. Хусусан, Конституциянинг 10 ва 42 моддаларида ҳамма турк ватандошлари, қонунда алоҳида кўрсатилмаган бўлса, тенг ҳуқуқларга эга эканликлари ҳақида умумий шаклдаги жумлалар киритилган ёки аввалдан борлари бироз таҳрир қилинган. Бу ўзгаришлар аёлларнинг бошларини диний талаблар бўйича ўраб юришларига, яъни ҳижоб тақишга ҳеч бир алоқаси йўқдек кўринади.

Амалада ишлар бошқачароқ. Отатурк замонида киритилган қонунларга кўра, дин арбоблари ва ҳатто оддий диндорлар, диний кийимларини фақат диний ибодат қилинадиган жойдагина кийишлари мумкин. Расмий жойларга, демак ўқув юртларига ҳам, диний кийимда, хусусан, ҳижобда кириш мумкин эмас. Бу қонунлар диний кийим ҳақида бўлса ҳам, аслида жамиятга кенгроқ маънода ҳам таъсир қилади. Уларга кўра, диний кийимидан воз кечишни истамаган одам мактаб ва олий ўқув юртларида ўқий олмайди, давлат структураларида ишлай олмайди. Яъни, аслида, бу қонунлар диний шаклда кийинган одамларга ўқиш ва давлат струтураларида ишлашни бевосита бўлмаса ҳам билвосида тақиқлайди.

Конституцияга ҳозир киритилган ўзгаришлар ватандошларнинг дин ва ирқига қарамасдан ҳамма соҳада, демак, таълим олишда ҳам тенг эканликларини урғулар эканми, демак, хусусан аёлларга ҳижоб билан университетларда ўқиш ҳуқуқини беради, чунки, Отатурк замонидаги қонунлар ҳижоб билан ўқишни тўғридан тўғри тақиқламаган.

Демак, ҳижоб тарафдорлари тўғридан-тўғри ҳижоб ҳақида ҳеч нарса демасдан, аслида университетларга ҳижоб йўлини очдилар.

Мана шу, ҳамма ҳам дарҳол тушуниб ололмайдиган конституцион ўзгаришлар туфайли, Туркия катта жанжал ичига кирди.

Бу конституцион ўзгаришларга қарши чиқаётганлар ҳам, аслида, ҳижоб душманлари эмаслигини алоҳида айтиш керак. Аммо, уларнинг фикрича, бундай кичик қадам ҳам Туркия жамиятини исломлаштириш ва охир-оқибатда дунёвий давлатни исломий давлатга айлантириш учун йўл очади.

540 кишилик Туркия Буюк Миллат Мажлисида 400 дан кўпроқ овоз билан қабул қилинган бу конституцион ўзгаришлар мамлакат президенти Абдуллоҳ Гул тарафидан тасдиқланса, улар ҳаётга жорий қилинади. Президентнинг уларни тасдиқламасдан парламентга қайтариш ёки умумдавлат референдумига жўнатиш ҳаққи ҳам бор.

Бу ўзгаришлар Конституциянинг дунёвийлик принцига қарши эканлигини урғулаётган сиёсий кучлар, масалани Конституцион Судга олиб чиқажакларини гапирмоқдалар. Конституцион Судда дунёвий давлатчилик тарафдорлари кўп бўлгани сабабли, уларнинг мурожаати қондирилиши ҳам мумкин.

Ҳозирча оммавий ахборот воситаларида ва ҳукумат-мухолифат ўртасида шу масала бўйича ростакамига сўзлар уруши бошланган. Тарафлар, энг юқори савиядиги одамлар даражасида ҳам, бир-биларини ҳақорат қилишгача бормоқдалар.