16 October 2012
18:06 - Бокуда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити бўлмоқда
Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти 1977 йили Эрон, Покистон ва Туркия тарафидан тузилган Минтақавий Ҳамкорлик Ташкилотининг ворисидир. Бу янги ном остидаги ташкилотга ҳозир Эрон, Покистон ва Туркиядан ташқари СССРдан мустақил бўлган ҳамма мусулмон мамлакатлари киради.

Бокудаги саммитга Озорбайжон, Эрон, Покистон, Афғонистон, Тожикистон президентлари, Туркия Бош вазири ва бошқа мамлакатларнинг исми ҳамда мансаби айтилмаган вакиллари қатнашмоқдалар. Бундай анжуманларда ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўрадиган Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев йўқлиги ҳам қизиқ.

Қоғоздагина ҳаёт кечирадиган бу ташкилотнинг саммит деб ҳам бўлмайдиган йиғилишида раислик Туркиядан Озорбайжонга ўтибди. Шу сабабли очилиш нутқини Туркия Бош вазири Ражаб Эрдўғон қилган. Йиғилишда нима масалалар муҳокама қилинаётгани ҳам фақат умумий сўзлар билан берилган. Аммо, номи санаб чиқилган мамлакатларнинг лидерлари баҳона билан икки тарафлама учрашувлар ўтказмоқдалар.

Озорбайжон ахборот воситаларининг бу йиғилиш муносабати билан тарқатган хабарларида, қатнашчилар хотира учун расмга тушганлари алоҳида урғуланишига қарамасдан, бундай расм эълон қилинмаган. Шу сабабли Ўзбекистондан ким келганини ҳам аниқлаш имкони бўлмади.

Агар Ислом Каримнинг бу саммитда иштирок этиш истаги бўлса эди, у Озорбайжонга 3 кун аввал қилган расмий ташрифини бугунга режалаштирган бўларди.