16 October 2012
02:04 - Россияда 3,5 миллион нафар ноқонуний мигрант бор, уларнинг қанчаси ўзбеклар?
Olam.uz номли интернет нашри Россия Федерал Миграция Хизмати раҳбарининг ўринбосари Екатерина Егоровага иқтибосан бу ҳақдаги маълумотни чоп қилган. ФМХ мулозимига кўра, 3,5 миллион ноқонуний мигрант ичида Россияда бўлиш муддатини ўтказиб юборган ҳамда ноқонуний ишлаётганлар ҳам бўлиши мумкин. Шу ой бошида Давлат Думасига мигрантларнинг келишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳасини киритилиши бу ҳолга озми-кўпми барҳам беради. Қонун лойиҳасида кириш-чиқиш тартибларини муқаддам бузган фуқароларни Россия ҳудудига киритиш манъ қилинган.

Бундай “оламшумул” маълумотни ўз ўқувчиларига етказган Ўзбекистоннинг ҳар қандай ахборот воситаси, “Олам” ҳам шулар жумласидан, мигрантлар орасида ўзбекларнинг салмоғи, уларнинг муаммолари ҳақида қисқа бўлса ҳам изоҳ бериши керак эди. Чунки, бу хабар ўзбекларни қизиқтирса, айнан шу нуқати назардан қизиқтиради.

Тахмин қилиш қийин эмаски, бу ноқонуний мигрантларнинг камида ярмиси ўзбеклар. Улар Россияда ҳеч қандай ҳимояланмаган ҳолда яшамоқдалар. Қанча-қанча фожеалар уларнинг бошидан кечмоқда. Қирғизистон ўзбеклари бошига бало келганда, Ўзбекистон расмийлари ва ҳатто мухолифат ичидаги баъзи ифлослар уларнинг бошқа мамлакат фуқароси эканлигини важ қилиб, ҳимояга отилмадилар. Хўш, Россияда азоб чекаётган ўзбеклар Ўзбекистоннинг фуқароларику! Улар туфайли мамлакатимз бюджети чўкиб кетмаяптику! Фақат шу сабабли Ислом Каримнинг ҳукумати уларнинг муаммолари билан шуғулланиши керак эдику!

Ислом Карим Ўзбекнинг душмани, Ўзбекнинг муаммолари билан иши ҳам йўқ. Olam.uz ҳақида нима дейиш керак? Булар ўзбекнинг дўстими? Шубҳамиз бор.

Эслатиб ўтамиз, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат бир неча йил аввал чет элда яшаётган ва ишлаётган ўзбекларнинг муаммолари билан шуғулланувчи вазирлик тузишни таклиф қилиб, Президентга хат йўллаганди. Бунга эътибор бермаслик ҳам ўзбек халқига нисбатан жиноят бўлган.