10 October 2012
14:30 - Ўзбекистоннинг иқтисоди юксалмоқда, АҚШ ва Қозоғизстонники чўкмоқда, киши бошига Ялипи Ички Маҳсулот бўйича Ўзбекистон биринчи ўринга чиқиш арафасида
Ва албатта чиқади. Аммо, қачон чиқишини ўзбеклар билиши керак?

Аввал машҳур бир латифани эслатиб ўтишдан фойда бор. Университетда лекция ўқиётган профессор “Дунёда ҳамма нарсанинг охири бор. Қуёш ҳам 50 миллиард йилдан кейин битади” деганда, қўрқувдан нафаси тиқилиб қилган бир студент “Қачон,.. қачон... дедингиз?” деб ҳайқирибди. Профессор такрорлабди: “50 миллиард йил”. Шунда студент “Худога шукур-эй, мен 5 миллард деб эшитибман, эс-песим чиқиб кетди” деган экан.

Охирги йилларда, масалан, АҚШнинг Ялпи Ички Маҳсулоти (ЯИП) 14,5 триллион, Қозоғистонники 180 миллиард, Ўзбекистонники 43 миллиард доллар атрофида эди. Демак, киши бошига ЯИМ АҚШда 50 минг, Қозоғистонда 11 минг, Ўзбекистонда 1,4 минг доллар атрофида.

Ўзбекистон режимининг ахборот воситалари бири олиб, бири қўйиб, Халқаро Валюта Фонди бу йил Ўзбекистоннинг ЯИМиси 7 фоизга ўсади деб аввал берган прогнозларини 7,4 фоизга чиқаргани ҳақида бонг урмоқдалар. Аммо, нимагадир бу виждонсизлар АҚШнинг ЯИМ бўйича прогнози 2,4 дан 2,3 фоизга, Қозоғистонникини 7 дан 6 фоизга туширилганини гапирмаяптилар. Ахир, ҳамманинг иқтисоди орқага кетиб бораверса, ҳатто қўшнимиз Қозоғистонники ҳам, Ўзбекистон яқинда биринчи ўринга чиқадику. Нега бу ҳақда бонг уришмайди?

Биз ҳозир киши бошига ЯИМ бўйича қозоқлардан тахмина 8 баравар, америкаликлардан 36 баравар орқадамиз, агар аҳвол ҳар йили Халқаро Валюта Фонди айтаётган даражада ўзгариб борса, бор-йўғи 1 минг йилдан кейин Қозоғистондан, 50 минг йилдан кейин АҚШдан ҳам олдинга чиқамиз! Ислом Карим бошлаб берган буюк ислоҳотлар натижасида чиқамиз!!

Ўзбекистоннинг оммавий аҳборот воситалари ҳақиқатни тўла айтишса эди, америкаликлар ва қозоқларнинг бояги латифадаги студент каби нафаслари тиқилиб қолган бўларди. Балки, тиқилиб ўлардилар, биз дарҳол биринчи бўлиб қолардик.