09 October 2012
01:26 - Ўзбекистонга Европа Футбол Федерацияси Президенти Платини келади

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Европа футбол уюшмалари иттифоқи – УЕФА президенти Мишель Платини бошчилигидаги делегация 11-12 октябрь кунлари Тошкентга келади.Делегация аъзолари Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашади, "Пахтакор" ва янги қуриб битказилган "Бунёдкор" стадионларини бориб кўради.

Ташриф давомида Европа футбол иттифоқи раҳбарига УЕФА Ижроқўми аъзоси Мариос Лефкаритис, УЕФА президенти маслаҳатчиси Паскаль Торрес, УЕФА президенти ёрдамчиси Моника Мхитарян ва Озарбойжон футбол федерациялари уюшмаси бош котиби Элхан Мамадов ҳамроҳлик қилади.

Номидан ҳам кўриниб турганидек, УЕФА Европа футболчиларини уюштирувчи ташкилот. Лекин хабарларда Боку орқали Тошкентга келадиган, кейин ёки ундан аввал Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Тожикистонда бўладиган Мишель Платини нима иш билан келаётгани айтилмайди. Балки, собиқ машҳур футболист шунчаки туристик саёҳатга чиққандир.

 

Унинг саҳифамиздаги расми 1985 йилда олинган.